“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (7-ҳадис)

22:00 16.12.2018 660

“7-ҳадис, Дин насиҳатдир”

Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Дин бу насиҳатдир.
– Ким учун?  – деб сўрадик биз.
– Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! – деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизаларидан намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: "Унинг китобига", деган сўз остига дохил бўлади. Ким "Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш" деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. "Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик". (“Анъом” сураси, 38-оят).

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Аллоҳга насиҳат
Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир. 

– Аллоҳнинг китобига насиҳат
Мусулмон киши Қуръони каримга насиҳат қилиши қуйидагилар билан бўлади:
а) Уни кўп ўқимоғи ва ёд олишга интилмоғи керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръон ўқинглар. Зеро, у Қиёмат куни ўқиганлар учун шафоатчи бўлиб келади". (Муслим ривоятлари). 

б) Қуръони каримни чиройли овоз билан, дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Қуръонни чиройли овоз билан ўқишга интилмаган киши биздан эмас!" 

в) Унинг маънолари устида чуқур фикр юритиш ва мазмунини англашга интилиш даркор: "Ахир улар Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! Ёки уларнинг дилларида қулфлари борми?!" (“Муҳаммад” сураси, 24-оят). 

г) Аллоҳнинг китобини ёд олишлари учун ёшларга Қуръони каримни ўргатиб, дарс бериш керак. Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир".

д) Қуръонни чуқур фаҳмлаб амал қилиш. "Эй мўминлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қиламиз деб айтурсизлар?! Сизларнинг ўзингиз қилмайдиган ишни гапиришингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир". (“Саф” сураси, 2-3-оятлар).

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш, рисолатларини тасдиқлаш, У зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтириш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат қилиш бўлади. Аслида Расулуллоҳни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир: "Айтинг: "Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради..." (“Оли-Имрон” сураси, 31-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилишлари лозим: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиб-ўрганмоқ; 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоқ; 
Сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига риоя қилмоқ; 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ва турмуш тарзларидан дарсу ибрат, панд-насиҳат олмоқ;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини одамлар орасида ёймоқ;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини душманлар иғво-туҳматидан, адашган тоифалар даъволаридан ҳамда динда ғулув кетувчилар унга олиб кирган бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилмоқ.

– Мусулмон раҳбарларга насиҳат
Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари, агар улар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади.

Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб: "Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (итоат этингиз)!" (“Нисо” сураси, 59-оят).

Бизнинг мусулмон раҳбарларга қиладиган насиҳатимиз уларнинг шахсияти учун ёки бизга улар тарафидан ҳосил бўладиган манфаатлар учун бўлмайди, балки бу насиҳат уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.

Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек, халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганларнинг оғзига урган, ҳақ гапни эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.

Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Бу масъулият улардан мусулмонларни адаштирувчи турли ҳавои фикрларни Қуръон ва Суннат далиллари билан рад этишларини ҳамда Қуръон ва Суннатнинг барча ҳавои фикрларга мухолиф эканини баён қилишларини тақозо этади. Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг ҳокимларга насиҳат қилиш, уларни Аллоҳнинг китоби ва Расулнинг суннати билан ҳукм юритишга мудом даъват қилиб туришдаги масъулиятлари янада улкан ва буюкдир. Уламолар бу борада лоқайдлик қилиб, ҳокимларга ҳақ сўзни баралла айта олмасалар, Қиёмат куни уларнинг ҳисоби қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Дарҳақиқат, энг буюк жиҳод золим султон олдида ҳақ сўзни айтишдир".

Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонишимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тийишимиз лозим. Зеро, олимларга бундай муносабатда бўлиш уларнинг обрўларига путур етказади ва турли иғволар остида қолишларига сабаб бўлади.

– Мусулмонларга насиҳат
Мусулмонлар оммасига насиҳат уларга ухровий ҳамда дунёвий ишларда фойдали маслаҳат бериш билан бўлади. Афсуски, мусулмонлар айни бурчларига бепарво бўлиб қолдилар, айниқса ухровий ишларда лоқайдлик қилиб, барча эътиборни фақат дунё ишлари ва унинг зийнатига қаратдилар.

– Уламоларнинг насиҳатлари 
Ҳасан Басрий айтадилар: "Сиз биродарингизни то у қила олмайдиган ишларга ҳам буюрмагунингизга қадар, зиммангиздаги унга нисбатан бўлган насиҳат ҳаққини адо қилган бўлмайсиз".

Абу Бакр Музаний дедилар: "Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди".

Фузайл ибн Иёз айтдиларки: "Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар".

– Насиҳат қилиш одоблари 
Фозиллар дейдиларки: "Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халоиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир". Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди".

– Мазкур ҳадисдан Ибн Баттол чиқарган хулосалар
“Дин насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқе бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор”.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!