“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (6-ҳадис)

22:00 15.12.2018 540

“6-ҳадис, Ҳалол ва ҳаром”

عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: “إِنَّ الْحَلالَ بَيِّنٌ وإِنَّ َالْحَرَامَ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ، كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ“. (رواه البخاري ومسلم)

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса, шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшонинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир“. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бир гуруҳ олимлар бу ҳадисни Исломнинг учдан бири деб васфлаганлар. Имом Абу Довуд эса уни Исломнинг тўртдан бири деб атаганлар. Чунки у ҳалол-ҳаромни, шубҳали бўлган нарсаларни ҳамда қалбни ислоҳ қилувчи ва уни бузувчи омилларни баён қилади. Бу эса, шариат аҳкомларини, унинг асосий қоидаларини ҳамда шу қоидалардан келиб чиқадиган бошқа аҳкомларни билишни тақозо этади.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам аниқ. Аммо у иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар борлиги
Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтадилар: “Нарсалар уч қисмга бўлинади:
1.Ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби.
2.Ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган нарсалар, масалан ароқ ичиш, зино қилиш каби.
3.На ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган нарсанинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини биладилар. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмодан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади“.

– Иштибоҳли нарсалар ҳам ўз навбатида бир неча хил бўлади
Ибн Мунзир иштибоҳли нарсаларни уч қисмга бўлганлар:
Биринчи ҳолатда киши бир нарсанинг ҳаромлигини аниқ билади-ю, кейинроқ у ҳалол бўлиши ҳам мумкин деган эҳтимол пайдо бўлади. У ҳолда ўша нарсанинг ҳалоллиги аниқ бўлмагунга қадар, унга яқинлашмаслик лозим. Масалан, олдимизда бирини мўмин киши, иккинчисини эса бутпараст сўйган икки гўшт турган бўлса, биз қай бири кимникилигини аниғини билмагунча ундан истеъмол қила олмаймиз.

Иккинчи ҳолатда эса бир нарса аниқ ҳалол бўлади, кейин эса унинг ҳаром бўлиш эҳтимоли пайдо бўлиб қолади. Масалан, киши таҳорат қилгани аниқ эсида бўла туриб, кейин таҳоратини бузган-бузмаганлиги эсидан чиқиб қолса, бу ўринда ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани юқоридагидек асоссиз шубҳа-гумонлар билан ҳаромга ҳисоб қилинмайди, яъни таҳоратсиз бўлиб қолмайди.

Учинчи ҳолатда эса киши бир нарсанинг ҳаромлигида ҳам, ҳалоллигида ҳам баробар даражада шубҳаланиб қолади. Бундай ҳолатларда шубҳали нарсадан эҳтиёт бўлмоқлик авлороқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Гоҳида мен аҳли аёлим ҳузурига кирганимда, тўшагим устида ётган хурмога кўзим тушиб, уни емоқчи бўлиб қўлимга оламан-да, кейин унинг закот ёки садақа молларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб, ташлаб юбораман“. (Бухорий, Муслим ривоятлари).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан собит бўлишича, у киши бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўйганлар. Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ҳалиги нарсанинг шубҳали эканлиги айтилгач, дарҳол бармоқларини оғзиларига тиқиб, қайт қилиб ташлаганлар.

– Қалб салоҳияти
Ушбу ҳадисда қалбнинг маънавий салоҳияти назарда тутилган бўлиб, унинг маъноси киши кўнглининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайдиган энг ичкари жойларидан бошлаб салоҳиятли бўлиши демакдир. Ибн Мулаққиннинг “Ал-Муийн ало тафаҳҳуми Арбаъийн“ китобида шундай ворид бўлган:

“Қалбнинг салоҳияти беш нарсададир:
1) Қуръонни тадаббур билан ўқиш;
2) Қоринни бўшроқ тутиш (овқатни кўп емаслик);
3) Тунда қоим бўлиб намоз ўқиш;
4) Саҳарда Аллоҳга дуо-тазарруъ қилиш;
5) Солиҳ кишилар суҳбатида бўлиш“.

“У шундай кунки, унда на мол-давлат ва на фарзанд-зурриётлар ёрдам берур. Магар Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади“. (“Шўро” сураси, 88-89-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуоларида шундай дер эдилар: “Парвардигоро, сендан саломат қалб беришингни сўрайман“.

Имом Нававий айтадилар: “Қалбнинг саломат бўлиши – хиёнат, адоват, ҳасад, хасислик, бахиллик, кибр, ўзгалар устидан кулиш, риё, сумъа, макр, ҳирс, тамагирлик, тақдирдан норози бўлиш каби ички иллатлардан саломат бўлиш билангина ҳосил бўлади“. Ибн Ражаб айтадилар: “Саломат қалб ҳамма офат ва ёмонликлардан соғ бўлган қалб деганидир. Бу эса Аллоҳга муҳаббат билан тўлган, Унинг Ўзидан ҳам, Ундан узоқлаштирадиган ҳар қандай амалдан ҳам қўрқишдан бошқа нарса қолмаган қалб демакдир“. Ҳасан Басрий бир кишига айтдилар: “Қалбингни даволагин. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларидан талаб қилган нарсаси улар қалбларининг саломат бўлишидир“.

– Бу ҳадис мўмин кишини ҳалолга, ҳаромдан узоқлашишга, шубҳали нарсаларни тарк қилишга, дини ва обрўсини пок сақлашга, одамларда ёмон гумон уйғотиши мумкин бўлган амаллардан ўзини йироқ тутишга ва гуноҳларга аралашиб қолмасликка ундайди.

– Бу ҳадис маънавий қувватларни кучайтиришга, нафсни ичкаридан ислоҳ қилишга бўлган чақириқдир.

– Бу ҳадис ҳаром ишларга олиб борадиган баҳоналарнинг олдини олишга ундайди.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!