Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларнинг хонадонлари ҳам муаммодан холи бўлмаган ("Исломда оила" рукнидан)

11:02 02.07.2019 1367

Аллоҳ таоло айтади: 
“Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар” (Аъроф сураси 201-оят).  

Яхши одамларнинг хонадонлари ҳам турли оилавий муаммолардан холи бўлмаган. Лекин яхши кишилар бу ишлар шайтон истаганидек ва унинг хоҳишига қараб авж олиб кетишига йўл қўймайдилар. Балки шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайдилар. Ишларини тўғрилаб олиш, бирлашиш, ораларини тузатиш ҳисобига шайтоннинг макрини йўққа чиқарадилар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан юз берган бир воқеани эслайлик. У зот (розияллоҳу анҳу) ўғиллари Абдураҳмонга меҳмонларни қўшиб уйларига юбордилар. Анчадан кейин келиб қарасалар, меҳмонлар у киши келгунларича овқат ейишни кечиктириб ўтиришибди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундан уйдагиларига ҳам, меҳмонларга ҳам жаҳл қилдилар ва ҳеч нарса емасликка қарор бердилар. Норозиликларидан меҳмонларга: “Иштаҳам йўқ”, дейишгача бордилар. Меҳмонлар ва уй бекаси Абу Бакр емасалар, улар ҳам емасликларини билдирдилар. Шу орада Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўзларини ўнглаб, бу ғазаблар шайтондан эканини эслаб қолдилар ва Аллоҳнинг исмини тилга олдилар. Таомга юзландилар ва меҳмонлар ҳам юзлари ёришиб, “олинг-олинг”га ўтишди. Аллоҳ таоло таомларига барака берди. 

Шу билан шайтон ташлаган ва олди олинмаса, ёйилиб, давом этаверадиган иғво, дилхираликлар тўри парчаланиб, самимият тикланди. Ғазаб келганида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўзларини босиб, ўйлаб кўрарканлар, бу ҳодиса шайтондан эканига эътибор қилганлари туфайли шундай бўлгани ибратлидир.

Бу каби ҳодисалар ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларида ҳам рўй берган.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишига: “Сенинг мендан розилигинг ва норозилингни биламан”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Буни қаердан биласиз?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мендан рози бўлганингда: “Йўқ, Муҳаммаднинг Раббисига қасам”, дейсан. Мендан норози бўлганингда: “Йўқ, Иброҳимнинг Раббисига қасам”, дейсан”,  дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Ҳа, Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, фақат исмингизни ҳижрон қиламан, холос” (Муттафақун алайҳ).

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Айтди: “Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига киришга рухсат сўрадилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га овозларини кўтариб гапираётган эканлар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Эй фалончининг қизи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га овозингни кўтарасанми?” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ораларига тушдилар. Сўнг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ташқарига чиқдилар. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша (розияллоҳу анҳо)ни кўнгилларини олиб: “Мени кўрдингми? Сен билан у кишининг ўрталарингга тушдим”, дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) яна бир бор киришга рухсат сўрадилар ва улар кулаётганларини эшитдилар. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Уришларингга шерик қилганларингдек тинчликларингга ҳам шерик қилинглар”,  дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). 
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан Аллоҳ таолонинг:
“Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!” (Таҳрим сураси 4-оят), деган Сўзидаги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки аёллари ҳақида сўрашга қизиқар эдим. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳаж қилганларида мен (ҳам) ҳаж қилдим. Ўзларини четга олдилар. Мен ҳам сув идишни кўтариб, ўзимни четга олдим. Ёзилиб келдилар. Мен сув идишдан қўлларига сув қуйдим ва таҳорат қилдилар. Мен: “Эй мўминлар амири, “Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!” (Таҳрим сураси 4-оят) дейилган ояти Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қайси икки аёллари ҳақида?”  дедим. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сени қара, Ибн Аббос? Улар Оиша ва Ҳафса”, дедилар. Сўнг Умар (розияллоҳу анҳу) воқеани айтиб бердилар: “Мен ва ансор қўшним бўлар эди. У Мадинадаги машҳур Умайя ибн Зайднинг фарзандларидан эди. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига навбатлашиб бир-кун бир-кун бориб турардик. Мен борганимда ваҳий нозил бўлса ёки бирон воқеа рўй берса, қўшнимга айтиб берар эдим. У борганида келиб менга ҳикоя қилиб берар эди.

Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун келар эдик. Мадинага келганимизда ансорларнинг хотинлари устун эканини кўрдик. Бизнинг хотинларимиз ансорлар хотинларининг одоб-ахлоқидан таъсирлана бошлашди. Хотиним менга бақириб гапирди ва буни яна такрорлади. Мен бошқа бундай қилмаслигини айтдим. Хотиним: “Нимага такрорламаслигим керак? Аллоҳга қасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хотинлари ҳам такрорлар экан. Уларнинг бири кун бўйи кечгача гаплашмаган”, деди. Бу сўздан қалтираб кетдим ва унга: “Қайси бири шундай қилган бўлса ҳам, катта хато қилибди”,  дедим. Сўнг кийимларимни кийиб, Ҳафсанинг олдига бордим ва унга: “Сизлардан биронтангиз бугун кечгача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га аччиқ қилиб юрдими?”  дедим. У: “Ҳа”, деди. Мен: “Хато қилибсан. Адашибсан. Аллоҳнинг элчисига ёмон муомала қилиб, Аллоҳнинг ғазабидан омон қоласанми? Ҳалок бўласан? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп гапирма, бирон нарсани қайта такрорлама. У Зотга аччиқ қилма. Сенга керак нарсани мендан сўра. Қўшнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га суюклироқ бўлиши сени йўлдан урмасин (бу сўзлари билан Оиша (розияллоҳу анҳо)ни назарда тутган эдилар)”, дедим.

Давоми бор...

"Исломда оила" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!