Ислом

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларнинг хонадонлари ҳам муаммодан холи бўлмаган (2-қисм)

1323

1-қисм

Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ғассон қабиласи бизга қарши жанг қилиш учун тайёргарлик қилаётгани ҳақида гаплашган эдик. Қўшним навбати куни кетди ва кечга яқин қайтиб келиб, эшигимни қаттиқ тақиллатди ва: “У хато”,  деди. Қўрқиб унинг олдига чиқдим. У: “Бугун дахшатли иш бўлди”,  деди. Мен: “Нима бўлди? Ғассон келдими?”  дедим. У: “Йўқ. Бундан ҳам каттароқ ва даҳшатлироқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотинларини талоқ қилдилар”, деди. Мен: “Ҳафса хато қилди ва адашди”,  дедим. Шундай бўлади деб ўйлаган эдим.

Кийиниб чиқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бомдод намозини ўқидим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бир хонага кириб ёлғиз қолдилар. Ҳафсанинг олдига кирганимда йиғлаб ўтирган экан. Мен: “Нимага йиғлаяпсан? Сени шундан қайтармаган эдимми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларни талоқ қилдиларми?”,  дедим. У: “Билмайман”, деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳали ҳам ёлғиз ўтирардилар. Чиқиб минбарнинг олдига бордим. У ерда бир неча одамлар бўлиб, баъзилари йиғлаш билан овора эди. Улар билан озроқ ўтирдим. Сўнг чидаб тура олмадим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғиз ўтирган хона олдига келиб, хизматчиларига: “Умарга рухсат сўра”,  дедим. У кириб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан гаплашди ва қайтиб чиқиб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га сизни айтган эдим, индамадилар”, деди. Сўнг минбар олдидаги кишилар ҳузурига қайтиб бордим. Тоқатим тугади, яна хизматчи йигитнинг олдига келиб: “Умарга рухсат сўра”,  дедим. Кириб чиқди ва: “Сизни айтган эдим, индамадилар”,  деди. Яна минбар яқинидаги кишилар олдига қайтдим. Лекин сабрим чидамади ва яна хизматчига: “Умарга рухсат сўра”, дедим. У кириб чиқди ва менга: “Сизни айтган эдим, индамадилар”, деди. Қайтиб кетаётганимда хизматчи мени чақириб қолди ва: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) сизга рухсат бердилар”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига кирсам, бўйра устида ёнбошлаб ётган эканлар. Тўшак солинмагани учун баданларига бўйранинг изи тушиб қолибди. Ичига хурмо дарахтининг пўстлари солинган тери ёстиққа суяниб ўтирар эдилар. Салом бердим, сўнг турган ҳолимда: “Ё Расулуллоҳ, хотинларингизни талоқ қилдингизми?” дедим. Менга қараб: “Йўқ”,  дедилар. Мен: “Аллоҳу акбар”, дедим ва турган ҳолимда гаплашдим: “Ё Расулуллоҳ, бир қаранг! Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун эдик. Мадинага келганимизда уларнинг хотинлари устун экан”,  дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилдилар. Сўнг айтдим: “Ё Расулуллоҳ, менга қаранг! Ҳафсанинг олдига кириб, унга: “Қўшнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га суюклироқ бўлиши сени йўлдан урмасин”, дедим”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир бор табассум қилдилар. Табассумларини кўриб ўтирдим. Уйларига кўз югуртириб чиқдим. Аллоҳга қасам, уйларида учта жиҳоздан бошқа нарса кўзга ташланмади. Мен: “Ё Расулуллоҳ, умматингиз мўл-кўлчиликда яшашини сўраб Аллоҳга дуо қилинг. Форс ва румлар Аллоҳга ибодат қилмайдилар. Лекин улар тўкин-сочинликда бадавлат яшайдилар”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суяниб ўтирган жойларидан ростланиб ўтирдилар ва: “Эй Хаттобнинг ўғли, сен шундай фикрдамисан? У қавмларга яхши кўрган нарсалари бу дунёда тезлаштириб берилган”,  дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтинг”, дедим.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га танбеҳ бергач: “Мен уларнинг олдига бир ой кирмайман”, деб хотинлари олдига тунагани бир ой кирмасликка қарор қилдилар. Йигирма тўққиз кечадан сўнг Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг олдиларига киришдан бошладилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз бир ой кирмайман деб, қасам ичгансиз. Йигирма тўққиз кун бўлди, яна бир кун бор”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир ой йигирма тўққиз кеча бўлади”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Сўнг “танлаш” ҳақидаги “Эй, Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир”(Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар) ояти тушди. Биринчи мендан бошладилар ва мен У Зотни танладим”,  дедилар. Сўнг барча хотинларига ихтиёр бердилар. Улар ҳам Оиша (розияллоҳу анҳо) айтган: “Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми? Мен Аллоҳни, Расулини ва охират ҳовлисини танлайман”, дедилар.

Али (розияллоҳу анҳу)нинг ҳаётларига бир қаранг! Аллоҳ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўради, Аллоҳ ва Расулуллоҳ (алайҳиссаломни) ҳам уни яхши кўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари ва жаннатий аёллардан бўлган Фотима (розияллоҳу анҳо) билан гоҳида аразлашиб қолар эдилар. Шундай пайтлари аччиқланиб, масжидга бориб ухлар эдилар.

Саҳл ибн Саъд Соъидий айтди: “Али (розияллоҳу анҳу)нинг энг яхши кўрган исмларидан бири Абу Туроб эди. Шу исм билан чақирилса, хурсанд бўлиб кетар эди. Бу ном билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номлаган эдилар. Бир кун Фотима (розияллоҳу анҳо)га аччиқ қилиб чиқдилар ва масжид деворига суяндилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг орқаларидан келаётиб: “У деворга суяниб турибди”,  дедилар. Келганларида орқалари тупроқ бўлиб кетгани кўзга ташланди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг орқаларидаги тупроқни қоқиб: “Эй Абу Туроб, ўтир”,  дер эдилар”.

Демак, эр-хотин орасида муаммо пайдо бўлса, ораларида ўтган ишни ўйлаб кўришлари керак. Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрашлари, бўлиб ўтган ишларини тузатишлари ва келишмовчиликлар эшигини ёпишлари лозим. Эрнинг жаҳли чиқса ёки хотин аччиқланса, иккиси ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрашлари, таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқишлари керак. Бири турган бўлса, ўтириб олсин, ўтирган бўлса, ёнбошлаб олсин. Ёки бири бошқасини кечирсин, қучоқласин, хато қилган бўлса, узр айтсин ва Аллоҳ розилиги учун кечириб юборсин.

"Исломда оила" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бу исломдаги аёлни ўрни. Ғарбдаги ўрнини ҳам бир кўрсатингчи!

1575 19:00 02.10.2019

Алишер Саъдуллаев тўйлар ҳақида. «Ёш дўстларимга етказинг»

3014 19:59 15.09.2019

Қонун ва қадрият. Ёхуд эътиқодсиз яшаб бўлмаслиги ҳақида

1879 16:11 13.09.2019

Сериаллар нима ўргатяпти?

2513 10:00 10.09.2019

Гўдаклигида вафот этган болаларнинг ота-оналари...

1276 00:00 01.09.2019

Хўш, гендер тенглиги нима ўзи?

1305 18:17 23.08.2019
« Орқага