Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Таврот ва Инжилда келган башоратлари

11:53 11.07.2019 619

Янги аҳдда келган башоратлар:

1. Матто Инжилида шундай келади (21/42): “Исо уларга: “Китобларда қурувчилар бино қуришда ташлаб кетган тош ҳақида ўқиганмисиз? У Парвардигор тарафидан бурчакнинг бошига қўйилади. Бу бизнинг кўзимизга ажиб бўлиб кўринади. Шунинг учун сизларга: “Аллоҳ таолонинг мулки сизлардан олиниб, мулкнинг самарасига амал қиладиган умматга берилади”, дейман”, деди”.

Қурувчилар тарк қилган тош бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Қурувчилар у тошни Мусо ва Исо алайҳимоссалом даврларида қўйишни тарк қилдилар. Чунки пайғамбарлик бу икки пайғамбар билан ўз ниҳоясига етгани йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг ўша тош ўз ўрнига қўйилиши билан бино мукаммал бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айнан мана шу башоратга мувофиқ келадиган ҳадисни айтганлар: “Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли, худди бир бино қурган кишига ўхшайди. Бино ниҳоятда чиройли ва гўзал. Лекин бурчакларидан бирида бир ғиштнинг ўрни қолиб кетган. Бино атрофини айланиб чиққан инсонларга манзур бўлади ва: “Эссиз, бир ғишт қолиб кетибди. Агар у ғишт ҳам қўйилганда бино мукаммал бўларди!”, дейдилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўша ғиштман, мен пайғамбарларнинг охиргиси бўлиб келдим”, деб марҳамат қилдилар.

Мана бу икки улуғ пайғамбарнинг сўзини бир токча ва бир масдардан чиқариб қўйган Аллоҳ таоло нақадар пок Зот!

Исо алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таолонинг мулки сизлардан олиниб, мулкнинг самарасига амал қиладиган умматга берилади”, деган сўзлари пайғамбарлик Исҳоқ алайҳиссаломнинг фарзандларидан Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларига ўтишига ишора қилади. Уммат эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари.

2. Юҳанно Инжилида шундай келади (4/19-21): “Сомириялик аёл: “Ё саййид, кўриб турибман, сиз пайғамбарсиз! Оталаримиз мана бу тоғга сажда қилар эдилар. Сизлар: “Қуддус шаҳрида сажда қилиш лозим бўлган жой бор!”, демоқдасизлар”, деди. Исо унга: “Эй аёл! Менга ишон! Шундай вақт келадики, Парвардигор учун на бу тоғга ва на Қуддусга қараб сажда қиласизлар!”, деб жавоб берди”.

Бу қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбага ўзгаришига очиқ ва равшан ҳолда далолат қилиб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтул Мақдисга қараб намоз ўқир эдилар. Ўн бир неча ой шу тарзда ибодат қилдилар. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти нозил бўлди: “Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 144 оят).

3. Юҳанно Инжилида шундай дейилади (14/30): “Масиҳ: “Энди сизларга ҳаргиз узоқ хутба қила олмайман. Чунки бу оламнинг Саййиди тезда келади”, деди”.

Оламнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким бўлиши мумкин? Аллоҳ таоло У зот билан пайғамбарликка муҳр босди. У зотга ҳар замон ва маконга мос келадиган мукаммал шариатни ато қилди. Аллоҳ таоло У зотнинг умматларини шариатга мустаҳкам амал қилган вақтларида бутун дунёнинг саййиди қилиб қўйди.

4. Юҳанно Инжилида шундай дейилади (14/16): “Исо Масиҳ: “Одам фарзанди кетувчи ва ундан кейин Фориқлит сизларга сирларни олиб келувчидир. У сизларга ҳамма нарсани шарҳлаб, тушунтириб беради. Мен Унга гувоҳ бўлганимдек, У ҳам менга гувоҳ бўлади. Мен сизларга ўхшаш нарсаларни олиб келган бўлсам, У таъвилларни олиб келади”, деди”.

Юҳанно Инжилида шундай дейилади (16/5): “Мен кетмас эканман Фориқлит келмайди. У келса, хато ишларни қилгани учун олам аҳлига танбеҳ беради. У ўзидан гапирмайди. У эшитади, сизларга гапиради, ҳақ ила бошқаради ва келажакда бўладиган ғайбий нарсаларнинг хабарини беради”.

Бу башорат Аллоҳ таоло қалбини ҳақ учун очган ва ҳақиқатни қабул қиладиган киши учун қуёшнинг порлашидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга очиқ ва равшан далолат қилиб турибди. Аллоҳ таоло кўзини кўр қилиб қўйган киши эса, атрофидаги тоғлар парча парча бўлиб кетса ҳам иймон келтирмайди.

  1. Фориқлит сўзи “ҳамд”, “ҳамд айтувчи” ва “мақталган” деган маъноларни англатади. Буларнинг барчаси пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмларига далолат қилади.
  2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимнинг шариати барча нарсани ўз ичига олган? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (Анъом сураси, 38 оят).
  3. Исо алайҳиссаломдан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким пайғамбар бўлиб келди?
  4. Масиҳ алайҳиссаломдан кейин олам аҳли хато қилгани учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким танбеҳ берди?
  5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким ўзидан гапирмай, фақат ваҳий қилинган нарсани гапиради? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4- оятлар).
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким инсонларни ҳақ ва адолат ила бошқарди? У зот айтар эдилар: “Сизлардан олдингилар ҳалок бўлганига сабаб, аслзода киши ўғрилик қилса, унга жазо жорий қилмагани, заиф ва ночор киши ўғрилик қилса, унга жазо жорий қилганлари учун эди. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилганида ҳам унинг қўлини кесган бўлар эдим”.
  7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким олдин бўлган ва келажакда бўладиган ғайбий хабарларни айтди?
  8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа қайси пайғамбар Масиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбар, расул ва пок эканига гувоҳлик берди?

Эски аҳдда келган башоратлар:

1. Тасния китоби (33/1): “Аллоҳ таоло Сийнода намоён бўлди, Соъирда чиқди ва Форон тоғларида маълум бўлди”.

Бу башорат учта пайғамбарни ўз ичига олади. Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Аллоҳ таолонинг Тури Сийнода намоён бўлиши Мусо алайҳиссаломга нозил қилган ваҳийсига, Соъирда чиқиши Исо алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий ва Инжилнинг келишига ва Форон тоғларида маълум бўлиши эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган ваҳий ва Қуръонга ишора қилади. Чунки Форон тоғлари бу Макка тоғлари ҳисобланади. Бунга мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам иттифоқ қилган.

Қуръонда ҳам ушбу башоратни тасдиқлайдиган оятлар мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам. Ва Тури Сийно билан қасам. Ва мана бу, эминлик юрти (Макка) билан қасам” (Тийн сураси, 1-3-оятлар).

Аллоҳ таоло бу оятларда мазкур уч пайғамбар чиққан ўлкаларни зикр қилиб ўтди. Оятда: “Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам”, деб айтилгани ҳар иккиси униб ўсадиган ер яъни, Масиҳ алайҳиссалом чиққан муқаддас ер назарда тутилган. “Ва Тури Сийно билан қасам” ояти Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан гаплашган тоғга ишора қилади. У зотнинг пайғамбарликлари мана шу ердан бошланган. “Ва мана бу, эминлик юрти (Макка) билан қасам” ояти эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келган Макка шаҳрига ишора қилади.

2. Тасния китоби: “Мусо Бани Исроилга: “Фолбин ва мунажжимларга итоат этманглар! Парвардигор сизларга биродарларингиз ичидан менга ўхшаган пайғамбарни юборади. Ўша пайғамбарга итоат этинглар!”, деди”.

Бу пайғамбар Исо алайҳиссалом эмас. Чунки у зот “Биродарларингиз ичидан”, деди. Бани Исроилнинг биродари бу Бани Исмоилдир. Бани Исмоилдан эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа пайғамбар юборилмаган.

Бу пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканликларига далолат қиладиган яна бир нарса шуки, у зот “Менга ўхшаган пайғамбарни”, дедилар. Мусо алайҳиссаломга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа пайғамбарнинг сифатлари тўғри келмайди. Ҳар иккилари ҳам қувват ва шижоат билан сифатланганлар. Ҳар иккилари ҳам Аллоҳ таолонинг душманлари билан жанг қилганлар. Ҳар иккилари ҳам алоҳида мустақил бир рисолатни олиб келганлар.

Исо алайҳиссалом эса, душманлар билан жанг қилмаган, Мусо алайҳиссаломнинг рисолатидан алоҳида мустақил рисолатни олиб келмаган ва душманлар устидан ғалаба қозонмаган, балки мағлуб бўлган.

3. Таквин китоби (21/12): “Аллоҳ таоло Иброҳимга: “Ўғлинг Исмоилни катта уммат учун қиламан. Чунки у сени зурриётинг!”, деди”.

Таквин китоби (16/8): “Бир фаришта Исмоил алайҳиссаломнинг онаси Ҳожар олдига келиб: “Қаердан келиб, қаерга кетаяпсан?”, деди. Ҳожар бошидан ўтказган воқеаларни айтиб берди. Фаришта: “Ортинга қайт! Мен сени фарзандалринг ва зурриётларингни кўпайтираман, уларни кўплигидан саноғини билиб бўлмайди. Сен ҳомиладор бўласан ва ўғил кўрасан, унга Исмоил деб исм қўяман! Чунки Аллоҳ сени зорланишинг ва оҳ-у нолангни эшитди. Фарзандинг (душман) инсонларга жонсаркалик келтиради. Унинг қўли барчанинг устидан олий бўлади. Барчанинг қўли бўйинсуниб, у томон интилади”, деди”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматидан бошқа Исмоил алайҳиссаломга мансуб қайси катта уммат бор?!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимнинг қўли барчанинг устидан олий бўлади ва барчанинг қўли зорлик ила у томон интилади?!

Исмоил алайҳиссаломнинг қўли Исҳоқ алайҳиссаломнинг қўли устидан олий эмас эди. Балки, Исҳоқ алайҳиссаломнинг қўли Исмоил алайҳиссаломнинг қўли устидан олий эди. Чунки пайғамбарлик ва раҳбарлик Исроил ва Ийсунинг қўлида бўлиб, улар Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли эди. Демак, бу сўзлардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутилган экан.

Шунингдек, “Фарзандинг (душман )инсонларга жонсараклик келтиради”, деган сўз ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга далолат қилади. У зот: “Бир ойлик масофадан туриб (душманларга) қўрқув тушиши билан менга нусрат берилди”, деганлар. Яъни, Аллоҳ таоло У зот бир ойлик масофада турган бўлсалар ҳам душманлар қалбига қўрқув тушириб қўяди. Айни мана шу сўзлар Тавротда келган маълумотларга мувофиқ келади: “Фарзандинг (душман) инсонларга жонсараклик келтиради”.

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюкликларидаги сирлардан лавҳалар" китобидан
Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!