Илм

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (4-ҳадис)

715

“4-ҳадис, Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси”

عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَثَّنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: ”إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ في بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُرْسَلُ إِلَيْهِ الْمَلَكُ، فَيَنْفُخُ فِيهِ الرُّوحَ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لا إلهَ غَيْرُهُ إِنَّ أَحَدَكُمْ ليَعْمَلُ بِعَمَلِ اهْلِ الْجَنَّةِ حَتَى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا. وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلاَّ ذِرَاعٌ فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا“. (رواه البخاري ومسلم).

Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят: Бизга барча ишлари ва сўзлари ҳаққу рост бўлган ва Аллоҳ тарафидан ҳақ ваъда олишга мушарраф бўлган Зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисни айтганлар: "Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув ("нутфа") ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон ("алақа") ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт ("музға") ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан бирингиз жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув вақти етиб, у дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади. Сизларнинг яна бировингиз дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобидаги ёзув ғолиб келиб, у инсон жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то жаннатга ёки дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари борлиги
Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан, бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан яратди. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.

– Жон (руҳ) пуфланиши
Уламолар жимодан кейин бир юз йигирма кун ўтгач фарзанднинг отаси ким эканлигини ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади дейдилар. Оятда "(Эй Муҳаммад), Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: "Руҳ ёлғиз Раббим биладиган ишлардандир. Сизларга жуда оз илм берилгандир" дейилади ("Исро" сураси, 85-оят).

Имом Нававийнинг "Саҳиҳи Муслим"га ёзган шарҳларидан: "Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир".

Имом Ғаззолий эса "Иҳёи улумид-дин" китобида ёзадилар: “Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир".

– Болани олдириб ташлаш ҳаром амаллиги
Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш (аборт), яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар.

– Аллоҳ таолонинг илми
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: – Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло албатта тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам албатта ёзиб қўйган бўлади. Шунда бир киши: – Ё Расулаллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими? – деб сўради. – Сизлар амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади, – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар: "Бас, кимки (закот ва садақаларни) берса ва тақво қилса ҳамда гўзал калима-тавҳидни тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Кимки бахиллик қилса ва ўзини беҳожат билса ҳамда гўзал калимани ёлғон деса, Биз уни оғир йўлга "муяссар" қилурмиз!" (“Лайл” сураси, 5-10-оятлар). (Бухорий ривоятлари).

– Тақдирни ҳужжат қилиш
Куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло "унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини" баҳона қилиши нолойиқдир. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: ”(Хоҳлаган) амални қилинглар, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турадилар...” (“Тавба” сураси, 105-оят).

Бироқ, тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.

– Амаллар хотимасига қараб белгиланади
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади". (Бухорий ривоятлари).

Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр". Кейин эса дуо қилдилар: “Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!” (Муслим ривоятлари).

Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: “Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан”. Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: “Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди”, – деб айтардилар.

Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.

– "Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!"

Давоми бор... Кириш. 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага