Илм

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (2-ҳадис)

822

“2-ҳадис. Ислом, иймон ва эҳсон”

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَيْضًا، قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ جُلُوسٌ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ، إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِ الثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعَرِ، لا يُرَى عَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ وَلايَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ أَخْبِرْنِي عَنِ الإسْلاَمِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “الإسْلاَمُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لا إِلهَ إِلاَّ اللهُ وَأَنَّ مُحَمَدًا رَسُولُ اللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلاَةَ، وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ، وتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إلَيْهِ سَبِيلاً”. قَالَ: صَدَقْتَ. فَعَجِبْنَا لَهُ، يَسْأَلُهُ وَيُصَدِّقُهُ. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الإِيْمَانِ، قَالَ: “أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ”. قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الإِحْسَانِ. قَالَ: “أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ”. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: “مَا الْمَسْؤُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ”. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا. قَالَ: “أَنْ تَلِدَ الأَمَةُ رَبَّتَهَا، وَأَنْ تَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ في الْبُنْيَانِ”. ثُمَّ انْطَلَقَ، فَلَبِثْتُ مَلِيًا، ثُمَّ قَالَ: “يَا عُمَرُ أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟” قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: “فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ، أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ“ .(رواه مسلم).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганимизда баногоҳ олдимизга кийимлари оппоқ, соч-соқоли тим қора, устида сафар аломатлари кўринмайдиган, орамизда ҳам ҳеч ким уни танимайдиган бир киши чиқди ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бориб ўтирди. Тиззасини у кишининг тиззаларига тақаб, икки қўлини (ўзининг) сонларига қўйиб, деди:

– Эй Муҳаммад! Менга Ислом ҳақида хабар беринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: – Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закотни ўташинг, Рамазонда рўза тутишинг ва агар қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир. Ҳалиги киши: – Тўғри айтдингиз! – деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаётганига ҳайрон бўлдик. – Менга иймон ҳақида хабар беринг! – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшисию ёмонига иймон келтиришинг. У одам: – Тўғри айтдингиз! – деб, кейин яна сўради: – Менга эҳсон ҳақида хабар беринг! – Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб туради. – Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг. – У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билгувчи эмас. – Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг. – Чўри ўзининг хўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз. Сўнг ҳалиги киши кетди. Мен бир оз муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сўрадилар: – Эй Умар! Биласанми, ўша сўровчи киши кимлигини? – Аллоҳ ва Расули билувчироқ. – У киши – Жаброил алайҳиссалом, сизларга динингизни таълим бергани келган эдилар, – дедилар“. (Муслим ривояти).

Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар:
– Бу барча зоҳирий ва ботиний вазифаларни ўз ичига олган улуғ ҳадисдир. Шариат илмларининг ҳаммаси шу ҳадисга бориб тақалади ва шундан келиб чиқади. Бундан ташқари, у мутавотир ҳадислардан ҳисобланиб, саҳобаи киромларнинг саккиз нафаридан ворид бўлган. Улар: Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зар, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашъарий ва Жарир Бажалийдирлар. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Кийим ва ташқи кўринишни гўзал қилиб юриш
Покиза кийимларни кийиш, хушбўй атирлар сепиш, Жаброил алайҳиссалом сўзлари билан ҳам, кўринишлари билан ҳам умматга таълим берганлар.

– Ислом нима эканлиги
Исломнинг луғавий маъноси – Аллоҳ таолога бўйсуниш, таслим бўлиш. Шаръий истилоҳда эса, Ислом йуқоридаги беш асос устига бино қилинган диндир.

– Иймон нима эканлиги
Иймоннинг луғавий маъноси ишониш, тасдиқ қилиш. Шаръий маъноси эса йуқоридаги зикр қилинган нарсаларга қатъий ишониш.

Аллоҳ каломида марҳамат қилиб айтадики: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Расулига ва шу Расулига нозил қилинган китобига ҳамда илгари нозил қилинган китобларга иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди.” ("Нисо" сураси, 136-оят)

– Ислом билан иймон ўртасидаги фарқ
Ислом ва иймон луғавий жиҳатдан ҳам, шаръий жиҳатдан ҳам фарқли бўлган икки алоҳида атамадир. Ислом амалларини бажармай туриб қалбида иймонни даъво қилиш ҳам ва аксинча, қалбида иймон бўлмай туриб аъзолар билан Ислом амалларини бажариш ҳам бефойда. Шунинг учун иймон арконларининг барчасига қалб билан ишониб, тана аъзолари билан Ислом амалларини бажариш шарт.

– Эҳсон нима эканлиги
– Қиёмат ва унинг аломатлари
Қиёмат кунининг қачон бошланиши Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илмлар жумласидан бўлиб, Аллоҳ буни бандаларидан ҳеч кимга, ҳатто фаришта ва элчиларига ҳам маълум қилмаган.

– Савол сўраш одоби ва унинг фойдалари
Мусулмон киши дунё ва Охирати учун фойдали бўлган нарсалар ҳақида сўраб, бефойда саволларни тарк қилмоғи лозим. Илм мажлисида ўтирган киши гарчи ўзи яхши билса–да, биродарлари фойдаланиши учун зарур саволни сўраши ҳам тўғри бўлади. Билмайдиган киши билмайман деб жавоб бериши лозим.

– Савол-жавоб таълим-тарбия услубларидан биридир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларини шу тарзда тарбия қилганлари кўпгина ҳадисларда айтилган. Савол–жавоб атрофдагилар диққат-эътиборини ўзига тортади, натижада бир яхшиликдан кўпчилик баҳраманд бўлади.

Давоми бор... Кириш. 1-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага