“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (1-ҳадис)

22:00 10.12.2018 1135

“1-ҳадис. Амаллар ниятларга қараб эътибор қилинади”

عَنْ أَمِيرِ الْمُؤْمِنِينَ أبي حَفْصٍ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سمَِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍٍ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا، أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إلَيْهِ. (رَوَاهُ إِمَامَا الْمُحَدِّثِينَ أَبُو عَبْدِ اللهِ مُحَمَّدُ بْنُ إِسْمَاعِيلَ بْنِ إِبْرَاهِيمَ بْنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ بَرْدِزْبَهْ الْبُخارِيُّ، وَأَبُو الْحُسَيْنِ مُسْلِمُ بْنُ الْحَجَّاجِ بْنِ مُسْلِمٍ الْقُشَيْرِيُّ النَّيْسَابُورِيُّ فِي صَحِيحَيْهِمَا اللَّذَيْنِ هُمَا أَصَحُّ الْكُتُبِ الْمُصَنَّفَةِ).

Амирул мўминин Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: "Амаллар фақатгина ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг  ният қилган нарсасигина берилади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун деб эътибор қилинажак. Кимнинг ҳижрати бирон дунё матоҳини қўлга киритиш ёки бирон аёлни никоҳлаб олиш учун бўлган экан, бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўша учундир". (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Имом Абу Довуд айтадилар: "Амаллар ниятлар биландир" ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади". Имом Аҳмад ва Шофеъий айтадилар: "Амаллар ниятлар биландир" ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир".

Имом Табаронийнинг "Ал-мўъжамул-кабийр" китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоятида:
"Орамизда Умму Қайс деган аёлга совчи қўйган бир киши бор эди. У аёл: "То ҳижрат қилмагунингча, сенга турмушга чиқмайман", – деб туриб олди. Шунда ҳалиги одам ҳижрат қилиб, ўша аёлга уйланиб олди. Шу боис биз уни Умму Қайснинг муҳожири деб атардик", дейилган.

Ҳижрат деб Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийиш яъни "Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан қайта олган кишидир" дейиш мумкин.

Демак, бир жамоа турли ният билан бир хил иш бажариб турлича ажр ва амал соҳиби бўлиши мумкин экан. Ниятнинг ўрни эса қалбдир. Уни тилга чиқариб талаффуз қилиш шарт эмас. Ният қилишда ният қилинаётган ибодатни тайин қилиб, бошқасидан ажратиш шарт. Масалан: "Намоз ўқишни ният қилдим" дейиш кифоя эмас. Албатта: "Пешин ёки аср намозини" деб тайин қилиш шарт.

Намоз, рўза, ҳаж каби мустақил ибодатларда ният қилиш ибодат рукнларидан бири ҳисобланади. Алоҳида ибодат саналмайдиган, балки таҳорат, ғусл каби васила (восита) бўлган амалларда эса ният қилишнинг ҳукми ихтилофлидир. Ҳанафий мазҳабига кўра бундай василалардаги ният савоб ҳосил бўлиши учун мукаммаллик шарти ҳисобланади.

Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
– Барча амаллар учун ният шартлиги;
– Ниятнинг вақти ва ўрни борлиги;
– Ким бир солиҳ амални ният қилган бўлса, бироқ хасталик, ўлим ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли уни бажаролмай қолса, унинг учун ажр олаверишлиги;
– Банда амал ва ибодатларни ихлос билан бажармоқлиги;
– Ҳар қандай фойдали ва яхши амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини исташ билан ибодатга айланади.

Давоми бор... 1-қисм.

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!