Илм

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар...!” десангиз туркумидан (Кириш)

1111

Кириш

“Қирқ ҳадис, унинг аҳамияти ва муаллифи”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Барча мақтов оламлар Парвардигори Аллоҳга хос ва у Зотга барча неъматлари учун ҳамд айтаман ва сарваримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруд ва саломлари бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки менинг умматим учун унинг дин ишидан бўлган қирқта ҳадисимни сақлаб берса, Қиёмат куни Аллоҳ уни фақиҳ ва олимлар гуруҳида тирилтиради”. Абу Дардо ривоятларида “Мен Қиёмат куни унинг учун шафоатчи ва гувоҳ бўламан”, Ибн Масъуд ривоятларида “Унга: жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кир, дейилади”, Ибн Умар ривоятларида эса “У олимлар гуруҳига ёзилади ва шаҳидлар ичида тирилтирилади”, дейилган. Ушбу ҳадислар саҳиҳлик даражасига етмаган бўлсада уламолар бу борада кўплаб китоблар тасниф қилишган.

Биринчилардан бўлиб Абдуллоҳ ибн Муборак, сўнгра Муҳаммад ибн Аслам ат-Тусий, Ҳасан ибн Суфён ан-Насоий, Абу Бакр ал-Ожуррий, Абу Бакр ибн Иброҳим ал-Асфаҳоний, Дориқутний, Ҳоким, Абу Нуайм, Абу Абдурраҳмон Суламий, Абу Саид Молийний, Абу Усмон Собуний, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ансорий, Абу Бакр Байҳақий ва Имом Муҳиддин Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий бу ишга киришганлар.

Бу тўпламда 42 та ҳадис бўлишига қарамай “Арбаъун” – “Қирқ” деб номланган. Чунки арабларда кичик сонларни ўзига яқин йирик сонларга яхлитлаш одати бор. Олимлар шу бобда сон-саноқсиз китоблар ёзишган.

Ислом оламининг машҳур олимларидан бўлмиш Имом Муҳиддин Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий раҳматуллоҳи алайҳ (631-676 ҳ./1233-1277м.) Дамашқ яқинидаги Наво деган жойда дунёга келдилар. Ўн ёшга етганларида Қуръон ёдлаш ва фиқҳдан таълим олишга киришдилар. Ўн тўққизга кирганларида Дамашқдаги “Дорулҳадис“ мадрасасига кириб, илм таҳсилини давом эттирдилар. У киши ўша замондаги катта-катта олимларнинг кўпларидан дарс олдилар. Уламоларнинг айтишларича, Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ бир кунда турли устозлардан ўн икки хил дарс олар эдилар. У киши ёдлашга жиддий аҳамият берганлари боис, дарс қиладиган ҳар битта китобларини албатта ёдлаб олардилар. Китоб мутолааси у зот учун тенги йўқ лаззатли машғулот эди. Йигитлик даврларини кўп китоб ўқиш, ёдлаш ва изланиш билан ўтказдилар. Ниҳоят, илмнинг турли соҳалари бўйича кучли олим бўлиб етишдилар. Айниқса ҳадис, фиқҳ, усули фиқҳ соҳаларида донг таратдилар.

Умрларининг кейинги даврини асосан дарс бериш, уламоларнинг асарларига шарҳлар ёзиш ва китоблар таълиф этишга бағишладилар. Ёзган китоблари ичида “Риёзус-солиҳийн”, “Ал-азкор” ва “Арбаъийн” мусулмонлар орасида ҳайратомуз тарзда оммавийлашиб кетган. Олимлар буни Имом Нававийнинг ихлослари учун Аллоҳ таоло томонидан бўлган иноят деб айтадилар.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ахлоқ-одобда етук, зуҳду тақво ва ибодатда илғор бўлганлар. Амру маъруф ва наҳий мункар соҳасида барчага ўрнак кўрсатар эдилар. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ 45 ёшда киндик қонлари тўкилган Навода вафот этдилар.

Аллоҳдан у кишини Ўзининг чексиз фазлу марҳамати билан сийлашини, илмлари баракотидан ҳаммамизни насибадор этишини сўраймиз.

Муаллиф ўз муқаддималарида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадислардаги “Ҳозир бўлганингиз ғойиб бўлганингизга етказинг” ва “Менинг сўзимни эшитиб, уни сақлаган ва эшитганидек етказган кишининг юзини Аллоҳ нурли қилсин” деган сўзларига таяндим,дейдилар.

Мақоламиз туркумли бўлиб, кейинги ўринларда Яратганнинг ёрдами билан “АЛ-ВОФИЙ фий шарҳил-арбаийн ан-нававийя” ва бошқа илмий манбаларга асосланиб, қирқ иккита ҳадисни ёритиб борамиз.

Давоми бор...

Кўкалдош ўрта махсус 
Ислом билим юрти 3-курс талабаси
Шамсиддинхўжа СУЛАЙМОНОВ

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага