Расулуллоҳга муҳаббатли бўлган бир устуннинг ноласи

20:00 29.04.2019 982

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларининг шифтлари хурмо шохларидан эди. Улар худди устун вазифасини бажарар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқимоқчи бўлсалар ўша устунлардан бирининг олдиларига келардилар, баъзан эса унинг олдида узоқ пайт туриб қолардилар. Саҳобалардан бири: “Эй Аллоҳнинг расули! Сизга минбар қилиб берайликми”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳга уч зиналик минбар ясаб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни минбарга чиқмоқчи бўлганларида у киши доим суяниб хутба ўқийдиган хурмодан қилинган ўша устун инграб йиғлади. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссалом мўъжизаларидандир.

Саҳиҳи Бухорийда келади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хурмодан қилинган ўша устун олдида хутба қилардилар. Шунда бир ансорий: “Эй Аллоҳнинг расули! Сизга минбар қилиб берайликми”, – деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳласангиз”, – дедилар. У Расулуллоҳга минбар ясаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни минбарга чиқмоқчи бўлганларида бояги устун ёш бола сингари нола қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб уни қучоқладилар, худди ёш бола йиғлаганида босиладиган каби юпатдилар. У эса Расулуллоҳнинг айтадиган дуою-зикрларидан эзилиб йиғлар эди”.

Минбар тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур минбар ҳижрий саккизинчи йили уч зинали қилиб ясаб берилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устига ўтириб, оёқларини минбарнинг иккинчи поғонасига қўярдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу волий бўлгач эса, Расулуллоҳга одоб сақлаганликларидан иккинчи поғонага ўтириб, оёқларини биринчи поғонага қўярди. Ҳазрат Умар эса энг охирги поғонада ўтириб, оёқларини ерга қўйди. Усмон розияллоҳу анҳу даврида ҳам худди шу ҳолат олти йил давом этди. Сўнгра тепага чиқиб, Расулуллоҳ ўтирган жойларига ўтирди. Муовия эса ҳажга келгач, унга яна бир поғона қўшди. Шу тариқа минбар тўққиз поғонадан иборат бўлди. Халифалар еттинчисида ўтирар эдилар. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларининг биринчи поғонасига тўғри келар эди. Бу минбар ҳозирги кунгача етиб келган. 1256 йилда унинг ўрнига Яманнинг подшоси Малик Музаффар бир минбар қўйган. Минбарни ўзгартириш ишлари бир неча марта бўлган. Улардан бирини усмоний подшоҳ Султон Мурод III ҳижрий 997 йилда ҳадя қилиб жўнатган. У ғоятда чиройли ишланган эди. Бу минбар ҳозирда ҳам мавжуд.

Минбар ҳақида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбар ҳақида айтган сўзлари минбарнинг улуғлигини ифода этади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг уйим билан минбарим оралиғида жаннат боғларидан бир боғ бор ва минбарим эса ҳавзга етаклайди”, – дедилар. Яна бир қавлда “Жаннат боғларидан бир боғ”, деганларида доимий равишдаги зикр халқалари сабабидан у жойга раҳмат тушиб туриши боис жаннат боғларидан бир боғга ўхшашлиги ёки у ерда адо этилган ибодат кишини жаннатга элтади, деган маънони тушуниш мумкин. Ёки, унинг зоҳирий маъносига ҳам эътибор қаратиш мумкинки, ҳақиқатан у жой охиратда бир боққа айланади.

 

Манбалар асосида А. Ўрозов тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!