Расулуллоҳни У Зотга манзур суратда ҳимоя этайлик!

14:55 10.03.2019 5276

Шу кунларда ҳамма ўз фикр-у мулоҳазасини билдириб турган воқеага мен ҳам ўзимнинг шахсий фикримни билдирсам. Бунга ўхшаш ҳолат биринчи бўлмаганидан бу гал айрим мулоҳазаларни айтишга қарор қилдим.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига вафд ‒ делегация келди. Меҳмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига шошилишди. Уларнинг ичида ёш бўлишига қарамай, Мунзир ибн Оиз Ашаж нарсаларини тартиблаб қўйиб, туясини боғлаб, яхши кийимларини кийиб, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. Шунда у зот уни чақириб, ёнларига ўтиргиздилар ва: “Сенда Аллоҳ ва Расули суядиган иккита хислат бор: босиқлик ва ҳилм”, дедилар.

Босиқлик деб таржима қилинган “ал‑анаа ату” сўзи бир ишни қилишда обдон ўйлаб, яхшилаб ўрганиб, шошмасдан йўл тутишни, ҳилм эса ишни ўткир ақл ва мулойимлик билан бажаришни билдиради.

Охирги уч кун ичида ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик мусулмонларимизнинг тасарруфлари ушбу ҳадисда айтилган хислатларга зид келади, десак, хато бўлмайди. Биз Аллоҳ ва Расули учун ҳаракат қилар эканмиз, Аллоҳ ва Расулига манзур бўладиган тарзда иш олиб боришимиз керак.

Ўша машҳур бўлиб кетган аёлнинг гапи, ифодаси хато эканида шубҳа йўқ. Очиғини айтаман, мен ўша гапни биринчи ўқигандаёқ аслида ҳақорат учун айтилмаган, қандайдир бошқа гапга боғлиқлигини тахмин қилгандим. Чунки муаллифа “Пайғамбаримиз”, “Хадича онамиз”, “Ҳазрат Али”, “Фотима онамиз” деб ёзган эди. Демак, у аслида ҳақорат қилмоқчи эмас ва жуда диндан бехабар ҳам эмас, сийратни анча‑мунча билади, Пайғамбаримиз ҳаётини ўқиган. Ўша заҳотиёқ аввал ўша постнинг ўзини ўқиш керак экан, деган хаёл келди. Чунки суратда гап ўз оқимидан ажратиб олинган эди. Ўзбек тилида завқи бор одам буни дарҳол фаҳмлайди. Лекин нима бўлганда ҳам, аёл қўпол хатога йўл қўйган, фикрини тўғри ифода этолмаган, ўзи билиб‑билмаган ҳолатда Жанобимизга нисбатан қаттиқ беодоблик қилиб қўйган, тилига эрк берган. Ўзини билган инсон, масалан, ота‑онасининг исмини ҳам бу тарзда қўллашни раво кўрмайди. Бу жиҳатдан опанинг ишини ҳар қанча қораласа бўлар. Аммо ҳар бир ишга ўз баҳосини бериш керак, ошириш ҳам, кам қилиш ҳам зулм бўлади. “Пайғамбаримиз” деб турган, мусулмонман деб турган аёлни кофирга тенглаштириш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилароқ қасддан масхара қилганлар қаторига қўшиш, яна “нажас”, “ит”, “ифлос” ва яна аллам-бало ҳақоратлар билан таҳқирлаш ‒ булар ҳеч қанақасига динимиз таълимотларига, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқий мезонларига асло тўғри келмайди. Бундай беодоблик ҳеч қанақасига оқланмайди ҳам. Ана шундай маданиятсиз ёзилган мулоҳазаларни ҳар гал ўқиганда мусулмонларга ичим ачишади, мусулмончилигимиздан қанчалар узоқлашиб кетганмиз.

Яна камига “Ҳой мусулмонлар! Қачонгача индамай ўтирамиз? Бу нимаси энди?” деган ҳайқириқлар, “Мусулмон одам айбдор кечирим сўраса ҳам ўз позициясида қолиши керак!” деган янгича “қоидалар” билан одамларни қўполликка, жанжалга ундаш кимга керак ва кимга фойда?

Биз Аллоҳдан, Расулдан гап олишга жуда устамиз, ишқибозмиз. Аммо қиёматда уларга рўбарў бўлишимизни ҳеч тасаввур эта оламизми? Масалан, ўша аёлга зулм қилсак, охиратда нима деб жавоб берамиз? Бу аёл-ку мусулмон экан, ахир, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан‑қанча душманлари у зотнинг ахлоқлари, ҳикматлари сабаб фидокор саҳобаларга айланишмаганми? Имом Шаъроний айтади: “Аллоҳ менга қилган илтифотларидан бири шуки, мен бирорта ҳам уммати Муҳаммадни душман тутмадим. Чунки агар мен бир мусулмонни ўзимча душман тутиб, таҳқирласам‑у, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз умматлари сафига қўшсалар, Кавсар сувларидан унга тутсалар, мен ким деган одам бўламан?”

Фараз қилинг, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт бўлсалар, мазкур қуюшқондан чиққан тасарруфларни маъқуллармидилар? Йўқ, асло! Чунки у зот ўз ҳаётларида бундан оғир ҳолатларда ҳам ҳалимлик билан йўл тутганлар ва шуни тавсия қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

“Бир тўда яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, “Ас-сааму ъалайкум”, дейишди. Мен буни фаҳмлаб қолиб, “Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳай-ҳай, Оиша! Аллоҳ барча ишда мулойимликни севади”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, уларнинг нима деганини эшитмадингиз чоғи?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен уларга: “Сизларга ҳам”, дедим-ку”, дедилар”.

“Ас-сааму ъалайкум” – “Сенга ўлим бўлсин”, дегани. “Ва ъалайкумус-сааму вал-лаънату” – “Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин”, дегани. “Ва ъалайкум” – “Сизларга ҳам”, деганидир.

Оиша розияллоҳу анҳо яҳудийларнинг салом беришда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга, у зотга зарар етказишга ҳаракат қилаётганидан дарғазаб бўлиб, уларнинг қарғишига қарғиш билан жавоб қайтардилар. У киши буни қасос ўрнида жоиз санаган эди. Аммо жавобда лаънатни ҳам қўшимча қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бундай йўл тутиш мусулмон ахлоқига муносиб бўлмагани учун уни қораладилар. Ўзлари эса жуда ҳам лўнда қилиб керакли жавоб бердилар: ўлим тилашни ўзларига раво билмаганларидан “тилакларинг ўзингга сийлов” қабилида “сизларга ҳам” дейиш билан кифояландилар. Бу набавий ахлоқ барчамизга ибрат бўлмоғи лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен олижаноб ахлоқларни тугал этиш учун юборилдим, холос”, деганлар. Қани, инсоф билан айтайлик‑чи, ҳозир бизларнинг тала‑тўполон муносабатларимиз, гап‑сўзларимизни олижаноблик деб айтиш мумкинми? Тўғри, ана шундай одоб доирасида муносабат билдирганлар ҳам бор, лекин акси кўп бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жонимиз фидо, боримиз фидо, лекин у зотга суннатларига, ҳикматли йўлларига зид равишда ҳимоячи бўлиш ҳеч ҳам ярамайди. Ўша хатони қилган аёлдан сўкинмай, уни дарров ўлимга ҳукм қилмай, одоб доирасида, керак бўлса, қонун асосида, жиддият ва қатъият билан изоҳ ва узр изҳор этишини талаб қилиш ҳам мумкин эди‑ку. Шунингдек, унга аввал насиҳат қилиш, Ҳазрат Пайғамбаримизни яхшироқ таништиришдан иш бошласак ҳам бўларди‑ку. Шунда ҳам у ўзига келмаса, у ҳолда биз унга ўзига яраша жиддий муносабатга киришсак, ҳеч бир нарсадан кеч қолган бўлмаймиз‑ку. Аммо шошиб кетамиз, дарров бир нималар қилгимиз келиб кетади ва, доимгидек, “қош қўяман деб кўз чиқарамиз”. Зотан, шошилиш шайтондандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўконғич, қўпол, баджаҳл, ҳикматсиз иш қиладиган инсон бўлмаганлар, бу ҳаммага маълум. Хўш, ана шундай зотга ахлоқларига зид тасарруфлар маъқул келадими ҳеч вақт? Йўқ, ҳаргиз мақбул бўлмайди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ёнимизда ўтирган бўлсалар, биз шундай тўс‑тўполон гапларга журъат қила олармидик? Агар қилгудек бўлсак, у зотга манзур бўлармиди? Ахир Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларида овозни баланд кўтаришдан ҳам қайтарган‑ку!

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларини ҳимоя қиламан деб қалбларда у зотга бўлган муҳаббатга футур етказиб қўймаяпмизми? У зотга садоқат кўрсатаман деб умматлари шаънига доғ туширмаяпмизми? Бу борада чиндан ҳам холисмизми ёки шунда ҳам қандайдир тарафкашлик талвасаларига тушиб қоляпмизми? Буларни ҳар биримиз ўз устимизда таҳлил қилиб қўйишимиз керак.

Инсоф билан ўйлаб кўринг, одамларнинг шуурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига ўша аёлнинг мазкур кесатиқ гапи кўпроқ салбий таъсир кўрсатадими ёки у зотни ҳимоя қиляпман деб оғзидан боди кириб, шоди чиқаётганларнинг қилмишлари кўпроқ салбий таъсир кўрсатяптими? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг шунақа бепошна ҳимоямизга муҳтожмилар ўзи?

Аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳимоя қилиш у зотнинг сийратларини, суннатларини кўпроқ ўрганиш ва ўргатиш билан бўлади. У зотни ҳимоя қилиш гўзал хулқларини эл аро тараннум этиш, ҳаётда кўрсатиб бериш, замон кўзгусида намойиш қилиш билан бўлади. У зотни ҳимоя қилиш ўзларини ҳамда суннатларини севиш ва севдира билиш билан бўлади. У зотни ҳимоя қилиш муносиб уммат бўлиш, умматларини асраш ва умматлари сафини кенгайтириш билан бўлади.

Бир неча йил олдин Ғарбда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга карикатуралар орқали беодобликлар авж олганда уламолар кетма‑кет анжуманлар ўтказиб, муҳокама ва машваратлар қилишган. Устозимиз Шайх ҳазратлари ҳам ўша анжуманларда иштирок этганлар. Ўшанда уламолар бир овоздан айтган хулосалари шу бўлган экан: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимадик, танита олмадик. Агар улар у зотни танишганида, бундай беодобликларга журъат қила олишмас эди”. Муаммонинг мана бу томонига ҳам қараб қўйишни унутмаслик керак

Мен бу гапларни одамларни шунчаки ювош торттириш, “аллалаш” учун айтмаяпман, мусулмонлар Пайғамбарига бўлган одобсизликларга парво қилмасликлари керак, демоқчи ҳам эмасман. Мен ҳар қандай ҳолатда ҳам суннатга мувофиқ, ҳикмат билан, замонга қараб, фойда‑зарарни аниқлаб, Аллоҳ ва Расули суйган босиқлик ва ҳалимлик билан иш тутишга чақирмоқчиман. Аллоҳга У Зот истамаган суратда ибодат қилинмаганидек, Унинг динига унга мувофиқ бўлмаган услуб билан хизмат қилинмайди. Ботил ҳақ билан қоим бўлиши мумкин, аммо ҳақ ҳеч қачон ботил билан қоим бўлмайди, фақат ҳақ билан барпо бўлади. Бугун биз мусулмонларнинг кўп ишимизда айнан шу нуқтада хато кўп учрамоқда. Сийратни кўпроқ ўқиш ва уқиш керак, шунда кўп нарса равшан бўлади.

Биз аввало тартиб билан, улуғ устозлар ҳузурида илм олишни йўлга қўйишимиз керак. Ҳамма муаммонинг негизи шунда. Аввал яхшилаб ўқиб, ўрганиб, билганларимизни ўзимизда татбиқ этиб, кейин бошқа ишга ўтишимиз лозим. Динни англаш, ахлоқни сайқаллаш бирдан, бир кунда битадиган иш эмас. Бунинг учун зинадан поғонама‑поғона, меҳнат билан кўтарилиб бориш керак. Ойлар керак, йиллар керак! Исломни қуруқ сўзимиз билан эмас, кўпроқ амалимиз билан таништиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Саҳобаларнинг услублари шундай бўлган.

Агар биз ҳар бир ишимизда набавий суннат, набавий ахлоқни тута билсак, бугунгидек вазиятда ҳам қуруқ ҳис‑ҳаяжон, бақир‑чақир, шошма-шошарлик билан эмас, сийратга монанд олижаноблик билан иш қиладиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай урди‑йиқди, баландпарвоз гаплардан минг чандон яхши ва самарали натижаларни қўлга кирита оламиз. Бунга тарих гувоҳ, ҳаётимиз шоҳид.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга Ўзи тавфиқ-у ҳидоят берсин!

 

Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!