“Расулуллоҳнинг ҳаворийси” - Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳу

19:00 22.02.2019 1044

«Дарҳақиқат, ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳаворийси бўлган, менинг ҳаворийим – Зубайр» 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам

Милоддан аввалги 480 йили Спарта деб номланган грек давлатига мансуб 300 нафар жангчи форсларнинг Юнонистонга ҳудудига бостириб келган 50 мингдан зиёд аскарга эга қудратли армиясига қарши жангга чиқди. Гарчи Юнонистон соҳилидаги Фермопила дарасида ўтган ўша муҳораба уч юз нафар жангчининг ҳаммаси қаҳрамонларча ҳалок бўлиши билан якун топган бўлса ҳам греклар бугунги кунгача ўз қаҳрамонларининг хотирасига эҳтиром кўрсатиб келишади. Ўша жангчиларнинг қўмондони Леонид Грециянинг миллий қаҳрамони саналади. Грек қаҳрамонлари ҳақидаги ривоят бироз бўрттириб юборилган, боз устига қадимий юнон афсоналари билан мазмунан аралашиб кетган бўлишига қарамай, греклар форс босқинчиларининг кўп сонли армиясига қарши курашган қаҳрамонларини шон-шуҳратга буркашга ҳақли деб ҳисоблайман (гарчи тарих нуқтаи назаридан қаралганда форс армияси аскарларининг сони лоф бўлса-да).

Бироқ юқорида баён этилган ҳодисадан кейин минг йилдан зиёд вақт ўтгач, 314 киши инсоният тарихида кескин бурилиш ҳосил қилган муҳорабада ғалаба қозонгани тарихий факт ҳисобланади. Ўша ғалаба натижаси Ер харитасини батамом ўзгартириб юбориб, юзлаб йиллар давомида бутун дунё миқёсида ҳукм сурган Византия империясининг тор-мор келтирилиши билан якун топди. Атиги 314 киши одамлар хотирасида умрбод сақланиб қолган қонли жангда ҳақ йўлни гумроҳликдан Қиёматгача ажратган ҳолда устун келиб, тарихий жараёнларни батамом ўзгартириб юборди. Ул муҳорабага Аллоҳ таоло Қуръони каримда Фурқон куни дея ном берди. Чунки у жанг чиндан ҳам банибашар тарихида буюк муҳораба бўлди, унда иштирок этган одамлар эса мисли кўрилмаган қаҳрамонларга айланишди. У муҳораба буюк Бадр ғазоти, ул қаҳрамонлар эса – ғазот иштирокчилари эди.

Балким айримлар, ўша 314 киши Арабистон чўлининг биров билмас жойида, дунё харитасининг кўз аранг илғайдиган нуқтасида ғалаба қозонган дея писанд қилмас. Аммо ўзингиз учун бир саволга жавоб беринг: агар Аллоҳ ўша қаҳрамонларни Бадр ғазотида иштирок этиши учун йўлламаганда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дини сиз-у бизгача қандай етиб келган бўлар эди? Агар улар ўша куни мағлуб бўлишганда инсоният яшашга ҳақли бўлар эдими?! Агар сиз Бадр ғазотини шунчаки, 314 нафар мусулмон 1000 та мушрикка қарши чиққан жанг бўлган холос, деб ҳисобласангиз, Бадр ғазоти иштирокчилари ҳақида ўзича ҳеч қачон ҳеч нима демаган ҳақгўй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қўлини осмонга кўтариб хитоб қилганча, ўз Тангрисига нима деб мурожаат қилганини эшитинг:

«Ё Аллоҳ! Агар бу мўминлар ҳалок бўлса, Ерда Сенга сажда қиладиган одам қолмагай!»

Аллоҳ 314 нафар қаҳрамоннинг қалбидаги эътиқод чин эканлигини билган ва уларнинг ёнида туриб жанг қилишлари учун беш минг фаришта юборган. Унутилмас Бадр ғазотида иштирок этишгани учун ул фаришталар тарихда энг буюк фаришталарга айланган. Ажабланарли жойи шундаки, ғазотда иштирок этган беш минг фариштанинг ҳаммаси ерга 314 нафар қаҳрамон орасидаги айнан бир кишининг сиймосида тушиб келишган. Буюк фаришта Жаброил алайҳиссалом бошчилигида ерга тушган минглаб фаришталар Бадр ғазоти куни кимнинг қиёфасини касб этишган экан ўзи?

Ўша қаҳрамон ким бўлганини билмоқчи бўлсангиз хаёлан Бадр ғазотидан ўн йил олдинги Маккаи мукаррамага ўтинг. Қиличини яланғочлатиб олган ёш йигитча шаҳар кўчалари бўйлаб кезиб юрибди, йиртқич шерваччага ўхшаб кетадиган ўспириннинг кўзидан учқун сачраётгандай гўё. Уни кўрган одамлар: «Қаранглар, қилич кўтарган бола келяпти! Қилич кўтарган бола келяпти!» - дея ҳайрат-ла хитоб қилишмоқда. Йигитча шаҳар кўчалари бўйлаб шундай ажойиб ҳолатда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга учрагунча кезаверди. «Сенга нима қилди, ҳой Зубайр?!» - сўради унга дуч келиб қолган Аллоҳнинг расули. Уни кўрган йигитча анча енгил тортгани билинди. «Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, сизни тутиб ўлдиришгани ҳақида миш-миш гап тарқалди!» - жавоб берди у. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам болага кулиб боқар экан, кўзига диққат-ла қараб сўради: «Агар ўша миш-миш рост бўлиб чиқса, нима қилган бўлар эдинг?!» Йигитча ҳеч иккиланмай, қатъий оҳангда жавоб берди: «Сизни тутиб олганларни мана бу қиличим билан бурда-бурда қилиб ташлар эдим!» Бу бола Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати орасидан курраи заминда биринчи бўлиб қилич яланғочлаган одам бўлди. Ўспирин улғайгач, уммати Исломнинг буюк қаҳрамонига айланди, Бадр ғазоти куни буюк фаришта Жаброил алайҳиссалом бошчилигидаги бутун бошли фаришталар қўшини ерга унинг сиймосида тушиб келди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг холаваччаси; хотини Хадичанинг жияни; хотини Ойшанинг синглиси – Асма бинт Абу Бакр ас-Сиддиқнинг эри; тириклигида Жаннат-ла қувонтирилган ўн нафар саҳобанинг бири; Кенгашнинг олти нафар аъзосидан бири; Ҳамзанинг жияни, Али ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси. Буларнинг бари – бу дунёда ўтган одамлар орасидаги энг буюк инсон – Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳу эди.

Арабча «ал-ҳаворий» сўзи – пайғамбарнинг ўзи танлаган ёрдамчиси, ўз пайғамбарига фидойиларча ёрдам бериб, ҳар қандай ҳамладан муҳофаза қиладиган ҳимоячи, деган маъноларни англатади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нима сабабдан Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳуни ўзининг ҳаворийси деб топганини тушуниш учун хаёлан Арабистон яриморолидаги Уҳуд тоғига ўтишингиз керак бўлади. Фараз қилинг, қуёш куйдираётган ушбу тоғли ҳудудда ғазот бошланишидан олдин мушриклар армияси сафидан жуссаси девдай келадиган Талҳа ибн Талҳа ал-Абдарий исмли киши чиқиб келди. Талҳа мушриклар армиясининг энг кўзга ташланган қаҳрамони саналади. Катта кучга эга бўлиб, қутуриб кетгандай жанг қилиши сабабли унга «қўшин понаси» деган ном беришган. Қисқаси, инсон тусига кириб олган ушбу махлуқ улкан туяни эгарлаб, қўлига кўп худолиларнинг туғини маҳкам ушлаб олганча олдинга чиқди-да, иккала армия ғазот бошлашидан олдин мусулмонлар орасида у билан яккама-якка жанг қилишга юраги бетлайдиган одам борлигини ғурур-ла иршайиб сўради. Бундай яккама-якка жанг араблар орасида уруш бошлашдан олдин амал қилинадиган удум эди. Шунда... Мусулмонлар армиясининг яланғочланган қиличлар, баланд кўтарилган найзалар қаторидан новча бўйли, жуссаси бақувват, кенг елкали йигит чиқиб, ўз ўлжасини бурдалаб ташлашга ҳозирланган шер каби анави «қўшин понаси» томон қатъий одимлади. Бу ўша, бир неча йил муқаддам Абдуллоҳ тоғасининг ўғли Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш ниятида шаҳар кўчаларида қилич яланғочлатиб юрган ўспирин, улғайиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси даражасига қадар кўтарилган Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳу эди. Арабларнинг ном чиқарган қаҳрамони ўтирган туя олдига ирғиб келган йигит жонивор устига шартта сакраб, бақувват қўли ила уни ўзига қаттиқ тортди. Устида махлуқ ўтирган шўрлик туя ўкирганча ерга ағанади. Яна бир неча сония ўтар-ўтмас қиличини «қўшин понаси» устида баланд кўтарган Зубайр, қурайш мушрикларининг кўз ўнгида Талҳанинг бошини танасидан жудо қилди. София холасининг ўғлига ғурур-ла қараб турган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда: «Аллоҳу акбар!» - дея хитоб қилди.

Ушбу қаҳрамоннинг кимлигини ҳамон тушуниб етмаган бўлсангиз энди хаёлан катта аҳамиятга эга бошқа кунга, хусусан, ҳижрий 15 йилнинг ражаб ойи чоршанбасига – Ёрмуқ ғазоти кечган кунга ўтинг. Юзи ёпиқ чавандоз ғазот олдидан якка ўзи олдинга отилиб чиқиб, иккала қўлига биттадан қилич ушлаганча ўзини рум армияси сафига урганини, аскарларининг бошлари теварак-атрофга сапчадай узилиб тушаётганини кўрган Румликларнинг ҳайратда қотган башараларини тасаввур қилинг. Ўша чавандоз ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳу бўлган.

Энди Шомдан хаёлан Мисрга ўтамиз... Миср Бобили деб номланган шаҳарда румликлар забт этиш қийин кечадиган мустаҳкам қалъа барпо этишган. Саркарда Амр ибн ал-Осиё розияллоҳу анҳунинг қўшинлари мана етти ойдир-ки уни ишғол қила олишмаяпти. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида Амр розияллоҳу анҳуга ёрдам бериши учун ихтиёрига бир қаҳрамонни юборди. Ҳали қалъага етиб боришга улгурмаган исломий баҳодир румликларни ер тишлата бошлайди. Бичими давангирдай бўлишига қарамай қалъа деворига осонгина чиқиб олган қаҳрамон яланғочлаган қиличини осмонга баланд кўтарганча момақалдироқнинг гулдурашидай янграган овози билан: «Аллоҳу акбар!» - дея хитоб қилди... Даҳшатга тушган румлик аскарлар тумтарақай қочиб берди, мусулмон жангчилар эса дев қомат баҳодирга бақрайганча, унинг кимлигини билмай, ҳайратдан донг қотишди. Жаброил алайҳиссалом Бадр ғазотида сиймосини касб этиб тушган ушбу баҳодир ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси, уммати Исломнинг буюк қаҳрамони Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳу эди. Ниҳоят мусулмонлар уни танишгач, бор овозлар билан Аллоҳни улуғлаб қичқиришганча қалъани ишғол этишди. Тарихда Исломнинг ўта муҳим марказларидан бирига айланиши керак бўлган Миср мана шу тариқа забт этилди.

Ушбу ҳикояда мен Зубайр ибн ал-Аввом розияллоҳу анҳунинг афсонавий қаҳрамонликларидан бир нечтасини келтирдим холос. Агар у намоён этган қаҳрамонлик намуналарининг бари баён этиладиган бўлса, ушбу китоб ҳажми кичиклик қилади. Фақат киноэкранлардагина мавжуд, аслида ўйлаб чиқарилган шахслар билан эмас, умматимизнинг Зубайрга ўхшаш ҳақиқий қаҳрамонлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, уммати Ислом ёшлари ўз қаҳрамонларини таниб оладиган замон етди.

Мана энди... Талҳа билан Зубайр розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан қисқача танишиб чиққач, нима учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда менга Талҳа билан Зубайр қўшни бўлади», - деганини тушунгандирсиз? Шуниси диққатга сазоворки, Ислом душманлари, баъзан ўзимиз унутиб қўядиган қаҳрамонларимиз-у, тимсолларимизни жуда яхши билишади. 2009 йил ёзида, ўша даврда Эрон Республикаси раҳбари Аҳмадинежод Эрон телевидениесининг жонли эфирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатдаги иккала қўшнисини қораб, ҳақорат қила кетди. Модомики, маълум бир нарса ҳақидаги мулоҳаза, ўша нарсанинг ўзи ақлимизда қанчалик аниқ тасаввур бўлишига боғлиқ экан, биринчи навбатда нима учун Аҳмадинежод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу саҳобаларини ёмон кўриб қолиб, нафрат билдиришининг сабабини аниқлаб олишимиз керак бўлади.

Эроннинг бугунги раҳнамолари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аҳли аёлларини ҳақорат қилишининг сири нимада ўзи? Нима сабабдан Эронда Умар розияллоҳу анҳунинг қотили, оташпараст Абу Лўлининг мақбараси барпо этилди? Сафовийлар ким бўлди-ю, Анатолия тоғидан чиқиб, уларнинг бошларига ўз қалъаларини ўпирган турк лочини ким бўлди? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини қандай ҳимоя қила билди у? Уммати Исломни ягона байроқ остига бирлаштиришга қандай муваффақ бўлди? Қандай қилиб ушбу турк лочини минглаб бегуноҳ жабрдийдаларни Андалусиядаги мудҳиш қийноқ зиндонларидан халос қила билди? Узил-кесил ҳал қилувчи Чалдирон жангининг тарихи қандай бўлган?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!