«Расулуллоҳнинг ҳаворийси» Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (1-қисм)

23:05 09.08.2019 1001

«Дарҳақиқат, ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳаворийси бўлган, менинг ҳаворийим – Зубайр»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам

Милоддан аввалги 480 йили Спарта деб номланган грек давлатининг 300 нафар жангчиси форсларнинг Юнонистонга ҳудудига бостириб келган 50 мингдан зиёд аскарга эга қудратли армиясига қарши жангга чиқ­ди. Гарчи Юнонистон тоғларидаги Фермопила дарасида ўтган ўша муҳораба уч юз нафар жангчининг ҳаммаси қаҳрамонларча ҳалок бўлиши билан якун топган бўлса ҳам греклар бугунги кунгача ўз қаҳрамонларининг хо­тирасига эҳтиром кўрсатиб келишади. Ўша жангчилар­нинг қўмондони Леонид Грециянинг миллий қаҳрамо­ни саналади.

Грек қаҳрамонлари ҳақидаги ривоят бироз бўртти­риб юборилган, боз устига қадимий юнон афсоналари билан мазмунан аралашиб кетган бўлишига қарамай, греклар форс босқинчиларининг кўп сонли армиясига қарши курашган қаҳрамонларини шон-шуҳратга бур­кашга ҳақли деб ҳисоблайман (гарчи тарих нуқтаи на­заридан қаралганда форс армияси аскарларининг сони муболағали бўлса-да).

Бироқ юқорида баён этилган ҳодисадан кейин минг йилдан зиёд вақт ўтгач, 314 киши инсоният тарихида кескин бурилиш ҳосил қилган муҳорабада ғалаба қо­зонгани тарихий факт ҳисобланади. Ўша ғалаба нати­жаси Ер харитасини батамом ўзгартириб юбориб, юз­лаб йиллар давомида бутун дунё миқёсида ҳукм сур­ган Византия империясининг тор-мор келтирилиши билан якун топди. Атиги 314 киши одамлар хотираси­да умрбод сақланиб қолган қонли жангда ҳақ йўлни гумроҳликдан Қиёматгача ажратган ҳолда устун келиб, тарихий жараёнларни батамом ўзгартириб юборди. Ул муҳорабага Аллоҳ таоло Қуръони каримда Фурқон куни дея ном берди. Чунки у жанг чиндан ҳам бани ба­шар тарихида буюк муҳораба бўлди, унда иштирок эт­ган одамлар эса мисли кўрилмаган қаҳрамонларга ай­ланишди. У муҳораба буюк Бадр ғазоти, ул қаҳрамон­лар эса – ғазот иштирокчилари эди.

Айримлар ўша 314 киши Арабистон чўлининг биров билмас жойида, дунё харитасининг кўз илғамас нуқта­сида ғалаба қозонган дея писанд қилмас. Аммо ўзин­гиз учун бир саволга жавоб беринг: агар Аллоҳ ўша қаҳрамонларни Бадр ғазотида иштирок этиши учун йўлламаганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламнинг дини сиз-у бизгача қандай етиб келган бўлар эди? Агар улар ўша куни мағлуб бўлишганда инсони­ят яшашга ҳақли бўлар эдими?! Агар сиз Бадр ғазоти­ни шунчаки, 314 нафар мусулмон 1000 та мушрикка қарши чиққан жанг бўлган холос, деб ҳисобласангиз, Бадр ғазоти иштирокчилари ҳақида ўзича ҳеч қачон ҳеч нима демаган ҳақгўй Муҳаммад соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам қўлини осмонга кўтариб хитоб қилганча, ўз Тангрисига нима деб мурожаат қилганини эшитинг:

«Ё Аллоҳ! Агар бу мўминлар ҳалок бўлса, Ерда Сен­га сажда қиладиган одам қолмагай!»41

Аллоҳ 314 нафар қаҳрамоннинг қалбидаги эъ­тиқод чин эканлигини билган ва уларнинг ёнида ту­риб жанг қилишлари учун беш минг фаришта юбор­ган. Унутилмас Бадр ғазотида иштирок этишгани учун ул фаришталар тарихда энг буюк фаришталарга айлан­ган. Ажабланарли жойи шундаки, ғазотда иштирок эт­ган беш минг фариштанинг ҳаммаси ерга 314 нафар қаҳрамон орасидаги айнан бир кишининг сиймосида тушиб келишган. Буюк фаришта Жаброил алайҳисса­лом бошчилигида ерга тушган минглаб фаришталар Бадр ғазоти куни кимнинг қиёфасини касб этишган экан ўзи?

Ўша қаҳрамон ким бўлганини билмоқчи бўлсангиз хаёлан Бадр ғазотидан ўн йил олдинги Маккаи мукар­рамага ўтинг. Қиличини яланғочлатиб олган ёш йи­гитча шаҳар кўчалари бўйлаб кезиб юрибди, йиртқич шерваччага ўхшаб кетадиган ўспириннинг кўзидан учқун сачраётгандай гўё. Уни кўрган одамлар: «Қаран­глар, қилич кўтарган бола келяпти! Қилич кўтарган бола келяпти!» - дея ҳайрат-ла хитоб қилишмоқда. Йи­гитча шаҳар кўчалари бўйлаб шундай ажойиб ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга учрагунча кезаверди.

«Сенга нима бўлди, ҳой Зубайр?!» - сўрадилар унга дуч келиб қолган Аллоҳнинг расули. У зоти бобаракот­ни кўрган йигитча анча енгил тортгани билинди.

«Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сизни тутиб ўлдиришгани ҳақида миш-миш гап тарқалди!» - жавоб берди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам болага кулиб боқар эканлар, кўзига диққат-ла қа­раб сўрадилар:

«Агар ўша миш-миш рост бўлиб чиқса, нима қил­ган бўлар эдинг?!» Йигитча ҳеч иккиланмай, қатъий оҳангда жавоб берди:

«Уларни мана бу қиличим билан бурда-бурда қилиб ташлар эдим!» Бу бола Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати орасидан курраи заминда би­ринчи бўлиб қилич яланғочлаган одам бўлди. Ўспирин улғайгач, уммати Исломнинг буюк қаҳрамонига айлан­ди, Бадр ғазоти куни буюк фаришта Жаброил алайҳис­салом бошчилигидаги бутун бошли фаришталар қўши­ни ерга унинг сиймосида тушиб келди. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси; тириклигида Жаннат-ла қувонтирилган ўн нафар саҳобанинг бири; Кенгашнинг олти нафар аъзосидан бири; Ҳамзанинг жияни, Али ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу­нинг амакиваччаси. Буларнинг бари – бу дунёда ўтган одамлар орасидаги энг буюк инсон – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаворий­си Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эди.

Давоми бор...

Жиҳод Турбонийнинг 
«Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!