Реклама орқали ижтимоий онгни манипуляция қилиш усуллари

14:58 18.02.2019 904

Телевидение реклама ҳисобига кун кўради. Бу тушунарли. Лекин бу уларнинг муаммоси. Мен эса телевизор кўришни хоҳлайман, лекин рекламага тоқат қилолмайман. Мантиқсиз реклама роликлари ҳар ўн беш дақиқада қизиқарли фильм ёки кўрсатувни бўлаверади...

Агар менга шунчаки товар ёки хизматлар ҳақида тушунча беришганда ҳам майли эди. Лекин бундай баён қилиш услуби ўрнига улар менга қандай яшашни, ҳаётимда ҳаммаси зўр бўлиши учун мен қаердан савдо қилишим кераклигигача – ҳамма-ҳаммасини ўргатмоқчи бўлишади. Мени васвасага соладилар, миямни заҳарлайдилар. Мана шу мени ҳаммасидан ҳам кўпроқ жаҳлимни чиқаради. Мен аҳмоқ эмасманки, ўз муаммоларимни ўзим ечолмасам.

Савол шундай. Мияни заҳарлайдиган рекламаларни қандай фаҳмлаш мумкин? Қандай қилиб керакли маълумотлар улашадиган ҳақиқий рекламани мияни заҳарлайдиган ва нимадир сотиб олишга мажбурлайдиган ноҳақиқий рекламадан фарқлаш мумкин?

Лекин “ҳақиқий реклама” деган сўзнинг ўзи ҳам одамда беихтиёр кулги қўзғатади.

Асосий урғуси мияни заҳарлашга қаратиладиган рекламаларнинг белгилари қуйидагилар:

I. Сохта мантиқ, очиқдан-очиқ сохталик ва онг ости панд-насиҳати

1. Бундай рекламада харид қилишга тўғридан-тўғри ундалмайди, балки тўхтовсиз равишда истеъмол қилиш жараёни намойиш этилади. Қандайдир оддий товарга эга бўлиш гўёки сизни ҳаётингизни бахтли ва муаммолардан халос қилишига, байрамона кайфият туғдиришига астойдил ишонтирилади.

2. Асосий эътибор реклама қилинадиган товарга эга бўлиш гўёки ҳаётнинг турли жабҳаларида бошқалар устидан қандайдир ижтимоий устунлик беришига, шунингдек бу товарларга эга бўлмаслик аксинча эффект беришига қаратилади. (Ижтимоий таққослаш принципи)

3. Умуман ҳеч қандай умумийликка эга бўлмаган ҳодисалар ўртасида сабаб-оқибат алоқадорлиги сунъий тарзда боғлаб кўрсатилади (бир зумда эриб кетадиган кофедан бир финжон ичинг – ва шу заҳоти сизни унутилмас саргузаштлар кутади).

4. Матнда ҳаммага маълум ва машҳур ҳақиқатлар бўлади – “ҳамма биладики, ...”, “ҳаммага маълумки, ...”, “барча ота-оналар ўз фарзандини яхши кўради...”, “ҳамма аёллар шуни харид қилади...”

Нарсаларнинг ҳақиқий аҳволини яширадиган кўплаб “айёрона” сўзлар ишлатилади: “Бор-йўғи...”, “Атиги...”, “Шунчаки...” (“Атиги 999,99 $”, “Шунчаки гўшакни кўтаринг ва бор-йўғи 500$ га сотиб олинг...”)

5. Роликлар сюжети ҳудди тарихдек тузилади – бошида тарихнинг боши, кейин товарни истеъмол қилиш ҳақидаги ҳикоя, сўнг эса тарихнинг бахтли якуни. Бу аксинча бўлиши ҳам мумкин – ҳикоянинг боши ва охири алмаштирилади.

II. Теле рекламаларнинг инсондаги танқидий руҳни ўлдирувчи психофизиологик усуллари

1. Реклама қилинаётган товар номи тўхтовсиз такрорланадиган ёзув кўрсатилаверади. Асосан 2 аралаш матн узатилса, сергак бўлиш керак – қўшиқ ва сухандон овози, кадр ортидаги шовқин, бир вақтнинг ўзида икки ёки уч овоз кетади (бу – хабарлар оқими билан руҳиятни чарчатиш усули дейилади).

2. Руҳий лангар ёки ғайриихтиёрий боғлиқлик ўрнатишдан фойдаланилади. Бошқа товар – ёмон, бизники эса – яхши. “Бошқа ошхона жиҳози...” (бир вақтнинг ўзида фон ўрнида ваҳимали мусиқа кетади, экранда ғашли ва хафа қиёфалар лип-лип ўтади), “бизнинг ошхона жиҳози...” (мусиқа тинч-осойишта мусиқага дўнади, экранда табассум қилаётган бахтиёр эр-хотинлар гавдаланади).

Яна бошқа бир рекламага мисол: “бошқа тагликларда...” иборали жойида гўдакнинг хўнграши, “Жонсон Бэби тагликлари” сўзлари янграганда эса чақалоқнинг бахтиёр жилмайиши фон бўлиб ўтади.

3. Ранг ўйинидан фойдаланилади – оқ ва қора суратдан (агар ўша товар бўлмаса, ҳаёт яхши эмаслиги) очиқ-ёрқин рангларга ўтилади (реклама қилинаётган товарнинг бахтли эгалари кўрсатилаётган пайти).

4. Теле реклама одамлар онгини манипуляция қилишда овоздан тез-тез фойдаланиб туради – овознинг баландлиги реклама ролики пайти дарров фон даражасига қараб баландлашиб кетади. Гоҳида реклама роликлари қулоқни қоматга келтирадиган даражада бўлади, тўсатдан бериладиган овозли зарба инсондаги хабарларни танқидий қабул қилиш ҳиссиётини ўлдиради.

5. Мавзуга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган товарлар (кофе, сигаретлар, автомобиллар, маиший техника) реклама қилинаётган пайти жинсий ҳиссиётларга қўполларча босим уюштирилади.

Бу дарҳол кўзга ташланадиган ва ҳар бир реклама истеъмолчиси билиши зарур бўлганларнинг энг озидир.

Манбалар асосида таржима

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!