Иймон

Риё – ихлос заволи

1604

«Риё» луғатда «кўриш, кўриниш» маъноларини билдиради. Истилоҳда бандаларнинг ибодат ва яхшиликлар, савоб ишлар ва инфоқ-эҳсонларни одамларга ошкор этиб, бунинг эвазига эҳтиром, мақтов, мол-дунё ёки мартаба кутишлари «риё» дейилади. 

Риёнинг ёмонлиги Қуръони каримнинг бир неча оятларида ва ҳадиси шарифларда зикр этилган: 
«Намозларини унутувчи ва уни риё билан адо этувчиларга ҳалокат бўлсин» (Моуун сураси, 4-оят).

Ибн Лубайддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар: Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?» деб сўрашди. У зот (с.а.в.) бундай дедилар: «Бу риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келишганида Аллоҳ таоло: «Дунёда риё қилганларингизнинг олдига боринглар. Назар солинглар-чи, уларнинг олдида мукофот бормикан?» дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Бишр Хофий айтдилар: «Дунёни дин билан истаганимдан кўра уни сурнай билан талаб этишим менга севимлироқдир». 
Риёнинг ўзаги – руё, яъни кўриш ва сумаъ (шуҳрат, донг, ном чиқариш)нинг ўзаги – самъ (қулоқ солиш, эшитиш, тинглаш)дир.  

Риё қилган киши «муроий» (риёкор) ҳисобланади. Агар киши амалида риё бўлса, бу риё амалнинг савобини йўқ қилади. Зарра миқдорича риё аралашган амални Аллоҳ таоло қабул қилмайди, деб айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом риёни «кичик ширк» деганлар. 

Шариатда риёнинг бир қанча даражалари бор. Риё амал-ибодатлардан ташқари бадан, кийиниш, сўзлаш, ўзини тутиш, эҳсон қилиш каби ҳолатларда ҳам учрайди. Масалан, аҳли дунёлар одамларга тўла-семизликларини ва чиройли рангларини, келишган қадди-қоматларини, гўзал юзларини ҳамда озодаликларини кўрсатиб риё этишади. Юрганда бошни қуйи солиб юриш, юз-пешонада сажда асарини қолдириш,  ёдлаб олинган гаплар билан сўзамоллик қилиш, қимматбаҳо, ноёб кийимлар кийиш, ўзига кўп зеб бериш, одамларга кеккайиб, кибр билан, назар-писанд қилмай муносабатда бўлиш, таниқли кишиларнинг мухлис-эргашувчилари кўплиги билан фахрланиши ҳам риё саналади. 

Риёнинг зидди ихлосдир. Иш-амалларда ихлоснинг камайиши ёки йўқолиши бандани ширкка етаклайди. Қалб қораймаслиги, савоблар зое бўлмаслиги учун амал ва ибодатларни чин ихлос билан адо этиш, энг кичик риёдан ҳам сақланиш лозим.  

Агар риё ибодатларда бўлса, бу ҳаром. Чиндан ҳам, намози, садақаси, ҳажи ва шу кабилар билан риё этса, у осий ва гуноҳкор, чунки бундай киши бу билан ибодатга мустаҳиқ бўлган ягона Аллоҳдан бошқани қасд этган бўлади. Бу билан риёкор Аллоҳ таолонинг ғазабида қолади.

Аммо риё ибодатлардан бошқа нарсада, масалан, мол-дунё талаби кабиларда бўлса ва бу билан бандалар қалбидан жой олиш истагида риё қилса, у ҳаром бўлмайди. Мол-дунё топиш алдашлар ва ман этилган сабаблар билан ҳам бўлиши мумкин.  

Бой бўламан десангиз... садақа қилинг!

Риё равшан ва махфий бўлади. Равшан риё, бу – инсонни амал қилишга ундайди ва рағбатлантиради (қизиқтиради, мажбур этади). Ундан кўра сал махфийроқ риё – бу амал қилишга мажбур қилмайди, лекин Аллоҳ таоло йўлида бўладиган амални енгил этади.  Бундан кўра яна енгилроқ риё  амалга таъсир қилмайди, уни енгил этмайди ҳам.

Аҳмад Муҳаммад Турсун

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Риё учун амал тарк этиладими?

1815 09:00 21.02.2020

Озодлик, хатми Қуръон ва... риё

1533 16:20 07.02.2020

Риёкор қорилар қисмати

1478 21:08 27.01.2020

“Ўлган одам ҳам риёкор бўладими?”

1756 19:00 17.01.2020

Бировлар учун яшаймиз...

2977 08:00 02.01.2020
« Орқага