Риёдан узоқлаштирувчи ҳадислар

22:05 28.08.2019 370

Бу масалада ҳадислар кўпдир. Биз Ҳофиз Мунзирийнинг “Аттарғийб ват тарҳийб” китобларидан танлаб олган ҳадисларимиз ила кифояланамиз. У киши “Риёдан узоқлаштириш” бобида кўпгина ҳадислар келтирганлар, биз улардан ўнтасини танлаб олиб, Имом Муслим ривоят қилган хатарга солувчи бир ҳадисни келтириш ила бошлаймиз. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинувчи инсонларнинг аввалгиси шаҳид бўлган инсондир. Уни келтирилади ва Аллоҳ унга неъматларини танитади. У уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда курашдим, ҳатто шаҳид бўлдим”, дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам ўта журъатли” дейишлари учун курашга кирдинг ва бу гап айтилди”, дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади. Кейин илм ўрганиб ўргатган, Қуръон ўқиган одам келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб, нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сен учун илм ўрганиб, ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим”, дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам олим” дейишлари учун илм билан шуғилландинг, “бу одам қори” дейишлари учун Қуръон ўқидинг ва бу гап айтилди”, дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади. Кейин Аллоҳ унга кенгчилик бериб, турли моллар берган киши келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб, нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда Сен рози бўладиган нима иш бўлмасин, қолдирмай садақа қилдим”, дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “бу одам жуда сахий” дейишлари учун садақа қилдинг ва бу гап айтилди”, дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади”.

Муовия розияллоҳу анҳуга ушбу ҳадис айтилганда қаттиқ йиғлаган эканлар, ҳатто ҳушларидан кетиб қолган эканлар. Ўзларига келгач: “Аллоҳ ва Расули рост айтадилар”, деган эканлар.

Аллоҳ айтади: “Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди” (Ҳуд, 15-16).

Гоҳида баъзи инсонлар нима учун азоб ва ваъидлар яхши амал бажарилса ҳам, бу амалларга ваъда қилинади, деб сўрайдилар. Бунинг жавоби шуки, Исломда амалларнинг ўзидан кўра амалларга туртки бўлувчи нарса муҳимроқдир. Табиятан маълумки, бир инсон бошқа инсонга нисбатан сохтакорлик қилса, бу ёмон разилатлардан, жирканч қабиҳликлардан ҳисобланади. Энди инсоннинг ўзига ўхшаган инсонга нисбатан қилган бу иши шунчалик бўлса, махлуқнинг ўз Холиқига нисбатан қилган бу иши бундан ҳам разилроқ, бундан ҳам жирканчроқ бўлади. Бу амал одамлар учун амал қилиб, ёлғончи ва гуноҳкор бўлган ҳолда ўзини Аллоҳ учун амал қилаётгандай қилиб кўрсатувчи риёкорнинг амалидир. Ажаб эмаски, Аллоҳ уни сирлар ошкора бўладиган кунда юзи билан судралиб жаҳаннамга отилишга ҳукм қилса!

Шунинг учун Қатода розияллоҳу анҳу бундай деган эканлар: “Банда риёкорлик қилса, Аллоҳ фаришталарга: “Мени истеҳзо қилаётган ана уни қаранглар”, деб айтар экан”.

Абу Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: “Ушбу умматга енгиллик, улуғворлик, юксаклик, дин ва муқим туришнинг башоратини бер! Бас, улардан кимки охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба йўқдир” (Имоми Аҳмад ривояти).

Имом Байҳақийнинг ривоятларида қуйидагича келган: “Ушбу умматга енгиллик, улуғворлик, динда юксаклик, юртларида муқим туриш ва нусрат башоратини бер! Бас, улардан кимки охират амалини дунё учун қилса, унга охиратда насиба йўқдир”.

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким одамлар эшитсин деса, Аллоҳ уни эшиттириб қўяди, ким одамлар кўрсин деса, Аллоҳ уни кўрсатиб қўяди” (Имоми Аҳмад ривояти). Яъни ким одамлар билсин учун амал қилса, Аллоҳ унинг ниятини охират куни барчанинг олдида билдириб, уни шарманда қилиб қўяди.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир банда бу дунёда амалимни одамлар эшитсин деса, риё қилса, Аллоҳ қиёмат куни унинг кирдикорларини халоиқ олдида билдириб қўяди”, дедилар”.

Муҳаммад ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар олдига чиқиб: “Сирлар ширкидан сақланинглар”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, сирлар ширки нима?” деган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши туриб, одамларнинг унга назари қаратилгани учун намозини зийнатлаб кўрсатади, мана шу сирлар ширкидир”, деб марҳамат қилдилар” (Ибн Ҳузайма ривояти).

Зайд ибн Аслам оталаридан ривоят қиладилар: “Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиққанларида Муъоз розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турганларини кўрдилар ва: “Нима сени йиғлатди, эй Муъоз?” деб сўрадилар. Муъоз розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисим йиғлатди, у киши деган эдилар: “Риёнинг кичкинагинаси ҳам ширкдир, ким Аллоҳнинг авлиёларига душманлик қилса, Аллоҳга нисбатан уруш қилибди. Аллоҳ яхшилик қилувчи, тақводор, панада юрувчи кишиларга муҳаббат қилади. Улар йўқ бўлсалар, қидирилмайдилар, бор бўлсалар танилинмайдилар, қалблари ҳидоят шамчироқларидир, ҳар қандай чанг-тўзонли зулматдан чиқиб келадилар”, дедилар”.

Муҳаммад ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлар учун қўрқадиганларимнинг энг қўрқинчлиси кичик ширкдир”. Одамлар: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Риёдир, Аллоҳ азза ва жалла одамларни ҳисоб-китоб қилаётганда, риёкорларга: “Ҳаёти дунёда ким учун амал қилган бўлсангиз, унинг ҳузурига боринглар, қаранглар-чи уларнинг ҳузурида бирор нарса топа олармикинсиз?!” дейди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен ширкдан энг беҳожат зотман, ким Мен учун амал қилган ҳолда ўша амалда Мендан бошқани шерик қилса, Мен унинг амалидан бегонаман, унинг амали кимни шерик қилган бўлса ўшаникидир” (Ибн Можжа ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат куни муҳрланган амал саҳифалари келтирилиб, Аллоҳ таолонинг олдига қўйилади. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Буни отиб юборинг, бунисини қабул қилинг”, дейди. Шунда фаришталар: “Иззатинг ва жалолингга қасамки, бунда биз фақат яхшилик кўрганмиз”, дейдилар. Аллоҳ азза ва жалла: “Бу менинг розилигим учун бўлмаган, Мен фақат Менинг розилигим учун қилинган нарсани қабул қиламан”, дейди”.

Бани Коҳилдан бўлган Абу Али деган инсондан ривоят қилинади: “Абу Мусо Ашъарий бизга хутба қилди ва: “Эй инсонлар, ушбу ширкдан қўрқинглар. Албатта, у ўрмаловчи чумолидан ҳам махфийроқдир”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳазн ва Қайс ибн Мазориб туриб: “Гапирганингга ҳужжат келтирасан ёки биз Умарни изн берса-бермаса, бу ерга олиб келамиз”, деди. Абу Мусо: “Ҳужжат келтираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилдилар ва дедилар: “Эй инсонлар, ушбу ширкдан қўрқинглар. Албатта, у ўрмаловчи чумолидан ҳам махфийроқдир”. Шунда Аллоҳ истаган бир одам туриб: “Ё Расулуллоҳ, у ўрмаловчи чумолидан ҳам махфийроқ бўлса, ундан қандай сақланамиз?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим! Сендан билган нарсамизда Сенга ширк келтириб қўйишдан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда Сенга ширк келтириб қўйишдан истиғфор айтамиз”, деб айтинглар”, дедилар.

Набавий ҳадислар риёнинг офатларидан огоҳлантиргани каби мансаб, шуҳратни яхши кўриш, одамлар олдида олий мартабада бўлишга ҳирс қўйиш каби офатлардан ҳам огоҳлантирган. Баъзи асарларда келишича мол ва мансабни яхши кўриш қалбда нифоқни ҳудди сув ўсимликни ўстиргани каби ўстирар экан. Баъзи инсонларда гоҳида молни яхши кўришдан кўра мансаб ва манзилани кўпроқ яхши кўриш учрайди. Худбин одам мансаб ва шуҳратга етишиш учун мол сарфлайди. Имом Ғаззолий мансаб молдан устунлигининг кўп кўринишларини зикр қилиб ўтганлар. Каъб ибн Моликнинг ҳадисларида марфуъ ҳолда қуйидагилар келган: “Кишининг дини учун мол ва шарафга қизиқиш бир пода қўйларга икки оч бўрини қўйиб юборишдан кўра фасоди кўпроқдир”.

Биз кўриб ўтган Аллоҳнинг Китобида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келган хабарлар риёдан, мол-дунё, мансаб муҳаббатидан огоҳлантирувчи ҳақиқатлардир. Шу сабабдан қалб тоатлари аъзолар тоатларидан устун кўрилган. Ихлос эса барчасидан устундир, чунки у амалларнинг қабул бўлиш шартидир. Хўш, бу ихлоснинг ҳақиқати нима?

Мана шу нарсани кейинги бобда баён қиламиз.

"Ният ва ихлос" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!