Ислом

Ризқ Аллоҳдан деймиз-у...

2535

Истанбулга сафарим чоғида бир қизиқ воқеа бўлганди. Ўшанда жуда таъсирлангандим.
Кунига 12-15 км юрардим. Асосан кундузи соҳил бўйлаб. Соҳилда катта харсангларни устида ўтириб, расмга, видеога олиб, мавжланаётган тўлқинларни, майда балиқчаларни сузишини, чайкаларни учишини соатлаб томоша қилардим. Сувга яқинроқ ўтирай деб яқинроқдаги катта ва баландроқ харсангга ўтмоқчи бўлиб энгашганимни биламан... ветровкамни чўнтагидаги телефоним шундоқ тушиб, бир сония харсанглар орасидаги тешикда тиқилиб турди-да кейин тарақ-туруқ қилиб пастга тушиб кетди. Турган жойимда музлаб қолдим. Телефоним яп янги эди, устига устак жуда кўп нарсалар бор. Энг асосийси ойимларнинг расм ва видеолари. Тамом деб ўйладим. Нима қилишимни билмай карахт қолдим. Тешикка қарадим: оҳҳо!!! Чуқурлиги 1,5 метрча бор, лекин телефоним кўринмайди. Тўлқинлар эса катталашиб, ўша телефоним тушиб кетган жойгача келди. Телефонни ичи сувга тўлгандир деб ўйладим. Нима қиларимни билмайман. Атрофга аланглайман. Ўткинчи бир ёш йигитча: “Бирор ёрдам керакмасми?” деди. Афғонистонлик ўзбек бола экан. Вазиятни тушунтирдим. Келиб ўша жойни курди. Қўлини кирғазганди, тирсагидан у ёғи ўтмади. Ўтган тақдирдаям, чуқурлиги 1,5 метр жой. Минг бир хижолат билан узр сўраб кетди. Иккита қора танли йигитлар бизларни кўриб ёнимизга келишди. Инглизчалаб тушунтирдим. Иккисиям ҳали бу харсангга, ҳали у харсангга чиқиб орасидаги тирқишлардан телефонимни қидиришарди. Бесамар. Улар ҳам узр, ёрдам беролмас эканмиз деб турганда, бир суриялик болакай келди, уям у ер бу ерни қараб, секингина “Умидингизни узиб қўя қолинг, барибир ололмайсиз телефонни. Устига устак ичига сув кириб ишдан хам чиққандир”, деди.
Кетишди... Бир ўзим қолдим. Кўнглим тўлиб турибди. Томоғимга бир нарса тиқилди. Ўзимни урушаман. Онажонимнинг расмлари...
Қўлларимни дуога очиб, мовий осмонга қараб пичирладим "Я Раббий! Я Хаййул, Я Қайюм! Ёлғиз ўзингдангина сўрайман. Телефоним топилсин. Сен учун осон нарса. Ёлғиз ўзингдангина сўрайман...".
Дуо қилиб улгурмасимдан, орқадан овоз келди: "hanim, size yardim lazimmi?" (Хоним, Сизга бирор ёрдам керакми?). Ялт этиб қарадим. Боядан бери бир чой сотувчи билан бизни кузатиб турган, 45 ёшлар чамаси бир киши. Кўринишидан туркка хам, курдга хам ўхшамайди.
Паришонгина "Ҳа" дедим. Олдимга келиб нима бўлганини сўради. Ҳаммасини айтиб бердим. Ичимда лекин ишончсизлик бор эди. Кетидан қўшиб қўйдим, "Агар телефонимни топиб берсангиз, суюнчиси бор". У эса: “Йўқ, пул керак эмас, қарасам жуда эзиляпсиз”, дейди. Бир маҳал футболкасини ечяпти. Анграйиб қолдим. Тушунмадим?! Гапиришга оғиз жуфтлагунимча сувга шўнғиб йўқ бўлиб қолди. 3 минут ўтди... Худди 3 ой ўтгандек. Хавотир бошланди. “Чўкиб кетдимикан? Телефон тутмай ҳар нарса бўлай. Энди бир ками шуни орқасидан одам ўлиб кетиши қолувди”, дея ўзимни койий бошладим. Ўйламаган ўйим қолмади. “ Абий, бей эфенди...” деб чақира бошладим. Жавоб йўқ. Тамом бўлдим. Полиция ни чақириш керак.
Бир маҳал ўша киши шалаббо бўлиб, сувдан чиқиб келди. Э, Худога шукр-ей!!! Юзига қарайман. Олдимга келди-да жонажон телефонимни қўлимга тутқазиб, "Омонатингиз, хоним. Ниятингиз холис экан. Сув тегмабди" деди. Вой, мани кўзларим ёшланиб кетди. Қайта-қайта раҳмат айтиб, дуо қилиб ётибман. Чўнтагимда 300 турк лираси бор эди (50$ дегани). Кийим оламанми деб опчиққан ‘дим. Шарт олиб кўлига тутқаздим. Энди у хижолат, йўқ олмайман. Ман бир ёрдам бердим холос дейди. Қўярда қўймай "Олинг? илтимос. Чин қалбдан, рози бўлиб бераяпман. Онамни хотираси ўчмагани учун" дедим. Пулни олишга рози бўлди, лекин 100 лирасини. Ман эса ўз гапимда турволдим. Қўлига ҳаммасини тутқазишимни биламан, ҳалиги одам йиғлаб юборди. Ман ғалати бўлиб кетдим. Кап-катта эркак киши ёнингда шартта йиғлаб юборса, жуда ноқулай бўлар экан. Ичган эмас. Бироз тинчланиб гап бошлади.

Бир араб давлатидан экан. Туркияга келганига 12 йил бўлибди. 3 нафар фарзанди бор экан. “Овқат пиширадиган газбаллон сотардим. Дўконимни 2 ҳафта аввал беркитишди. Ёнғин хавфсизлиги масаласига жиддий қарашяпти. Иш қидириб тополмадим. 2 та болам касал, устига устак уйда егани ҳеч нарса қолмади. Ҳали у танишимни олдига бордим қарз сўраб, ҳали бунисини олдига. Ҳеч кимда пул йўқ. Охири чой сотадиган танишимни олдига келдим, ҳеч бўлмаса нонга пул бериб турар деб. Аксига олиб у ҳам ҳали савдо қилмабди. Энди шунақа бир сиқилиб, Худодан сўрадим, энди аҳволимни Ўзинг биласан. Ўзинг ризқимни етказ деб. Мана, етказди. Ортиғи билан. Ҳеч бўлмаса бир ой тирикчилик қила оламан. Аллоҳ бор! Раҳмат сизга ҳам. Рози бўлинг фақат, илтимос деди... Шу ерда тушундим, демак телефоним тушиб кетиши керак экан, чунки шуни орқасидан Аллоҳ кимгадир ризқ берди. “Мингдан минг розиман”, дедим. Қалбим енгил бўлиб қолди... 
Телефонимни маҳкам тутиб, соҳил бўйлаб кетдим. Ичимда эса тинмай “Алхамдулиллаҳ” дея такрорлардим...

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом молияси: долзарб саволларга мухтасар жавоблар

149 21:35 25.09.2020

Бугунги жума маърузаси билан танишинг

606 10:26 25.09.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: "Ким билан ҳамкорлик қилиш керак?"

637 21:30 24.09.2020

Бaҳрaйн: Исломнинг аввалидаёқ динга кирган давлат

758 21:05 24.09.2020

Исломий маданият ва араб тилини тўғри ўқиш учун қўлланма

715 20:05 24.09.2020

Таъзия. Етук муҳаддис Нуриддин Итр вафот этдилар

1056 18:15 23.09.2020
« Орқага