Ризқ ҳақида эътиқодимиз

23:00 13.01.2018 1109

Ризқ сўзи луғавий жиҳатдан “ризқ”, “кунлик овқат”, “улуш”, “инъом” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади”[1].

Дунёдаги ҳамма жонзотларнинг ризқи Аллоҳ таоло томонидан олдиндан белгилаб қўйилган. Белгилаб қўйилган ризқ зиёда ва кам бўлмайди, барча халойиқ ўзига қанча ризқ белгиланган бўлса, ўшани олмасдан қолмайди, албатта тўлиқ олади. Чунки бу унинг олдиндан белгилаб қўйилган насибасидир:

نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا

 “Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз[2].

Қуръонда эса ўрмалаган жонзот борки, барчасининг ризқи Аллоҳ таоло томонидан ато қилиниши баён қилиб қўйилган:

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

“Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти)Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир”[3].

Яъни инсонларнинг ҳам, бошқа ҳайвонларнинг ҳам, умуман барча жонзотларнинг ризқини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг Яратувчиси бўлгани каби ризқларини ҳам берувчисидир.

Шу ўринда ҳаром ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризқ экан нега уни еган одам жазо олиши керак, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бу саволга жавоб қуйидагича бўлади: ҳаромни еган одам ҳалолни қўйиб, ҳаромни танлагани учун жазоланади. Чунки Аллоҳ таоло мутлоқ ризқни ваъда қилган ва бандаларга уни ҳалол йўл билан топишга буюрган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا

“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз”[4].    

Агар банда шайтонга ва нафсу ҳавосига эргашиб, Аллоҳ таоло буюрган ҳалол йўлдан ризқ топишга уринмасдан ҳаром йўлдан топишга уринса, Аллоҳ таоло ўша йўлдан ҳам унга эриштириб қўяверади. Лекин буйруғини бажармасдан ман этилган йўлни танлагани учун жазога гирифтор қилади. Шунга кўра, ҳаром еган банда Аллоҳ таолонинг берган ризқини егани учун эмас, балки У зотнинг буйруғини бажармасдан шайтонга эргашгани учун жазоланади.

Сўфи  Оллоҳёр бобомизнинг жойлари жаннатда бўлсин, ризқ ҳақида қандай эътиқодда бўлишни қисқа ва лўнда баён қилиб қўйган:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас.

Яъни, эй банда ҳар қанча чирансанг ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бир томчи ҳам ортиқ ололмайсан. Сенинг зиммангда фақат ризқ учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш бор холос, ризқинг эса Аллоҳ таоло сен учун тайин қилиб қўйган нарсасидан бошқа бўлмайди.

Ризқ ҳақидаги масала “Ақоидун Насафий”да қуйидагича баён қилинган:

الْحَرَامُ رِزْقٌ وَكُلٌ يَسْتَوْفِي رِزْقَ نَفْسِهِ حَلاَلاً  كَانَ اَوْ حَرَامًا وَلَا يُتَصَوَّرُ اَنْ لَا يَأْكُلَ اِنْسَانٌ رِزْقَهُ اَوْ يَأْكُلَ غَيْرُهُ رِزْقَهُ.

“Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳамма ўз ризқини ҳалол бўлсин, ё ҳаром бўлсин, тўла-тўкис олади. Инсон ўз ризқини ея олмай қолиши ёки бошқа биров унинг ризқини еб қўйиши тасаввур ҳам қилинмайди”.

Яъни, Аллоҳ таоло бирор кишига истеъмол қилишни тақдир қилиб қўйган нарсани бошқа биров устамонлик ёки айёрлик билан “илиб кетиши” мумкин эмас. Ҳар бир киши ўз ризқу насибасини албатта олади. Аммо ризқ мулк маъносида қўлланганда, уни бошқалар ҳам олиши мумкин:

الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга)  иймон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир”[5].

Ушбу оятдаги ризқ қилиб берилган нарсалардан эҳсон қилишлари, уларга мулк қилиб берилган нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишлари маъносини англатади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ҳикамул Атоия”да айтган сўзлари тўғри тафаккур юритган ҳар бир мўмин банданинг қалбини сурурга тўлдиради: “(Аллоҳ таолонинг) сенга етарлича ризқ бериб,  ҳаддингдан ошиб кетишинга сабаб бўладиган (нарсалар)ни сендан тўсиб туриши, сенга неъматларни тўлиқ қилиб берганидир”.

Яъни, бандага етарлича жисмоний ва руҳий озуқалар ато этилиб, нафси хоҳлаган баъзи зоҳирий ва ботиний нарсаларнинг унга ато этилмаслиги аслида тўлиқ неъматдир. Чунки тирикчилиги учун етарли нарсани топа олмаслик кишини бандалар олдида хорланишига сабаб бўлса, туғёнга кетказадиган нарсаларнинг ато қилиниши унинг дунёсини ҳам, охиратини ҳам бой беришига сабаб бўлади. Шунинг учун кимга тирикчилигига етарли нарсалар берилган ва туғёнга кетказадиган нарсалар берилмаган бўлса, унга неъматлар тўлиқ қилиб берилган бўлади.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

 

“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур РАҲИМ

[1] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 93.

[2] Зухруф сураси, 32-оят.

[3] Ҳуд сураси, 6-оят.

[4] Бақара сураси, 168-оят.         

[5] Бақара сураси, 3-оят.

Манба: islaminstitut.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!