Илм

Ризқи кенгайиб, бой бўлишни хоҳловчилар учун ажойиб қўлланма-1

8453

1. Аллоҳга тақво қилиш.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўйламаган томонидан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3).
Исмоил Бажжий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга амр қилинган амалларни тўлиқ адо қилганларингизда, албатта экин экмаган ҳолда ризқлантирилган бўлар эдингиз”, деганлар” (Имом Бухорий “Тарих”да ривоят қилган).

2. Охиратни дунёдан устун қўйиш.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Термизий, Ибн Можа, имом Баззор, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. “Завоид” китобида ҳадиснинг санади саҳиҳ, дейилган).

3. Намоз ўқиш.
Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига шундай хитоб қилади: “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир” (Тоҳа, 132).
Маъмар қурайшлик бир кишидан ривоят қилади:

“Агар Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилаларига ризқдан танглик етса, аҳли-оилаларини намоз ўқишга буюрар эдилар ва “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!” оятини ўқирдилар” (Имом Табароний, Абу Нуайм,  Абд ибн Ҳумайд, Абдураззоқ “Мусоннаф”да ва Байҳақий  “Шуъабул иймон”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

4. Силаи раҳм қилиш.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали кечиктирилиши (яъни, умри узоқ бўлиши) хурсанд қилса, бас, қариндошлик алоқаларини боғласин!” деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ва имом Аҳмад ривояти).

5. Ибодатга фориғ бўлиш.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, деган).

6. Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этинглар. Зеро, уларнинг ҳар иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-ғариб, деган).

7. Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир” (Нур, 32).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир. (Булар): Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).

8. Омонатдорлик.
Бир ривоятда: “Омонатдорлик ризқни жалб қилади, хиёнат эса камбағалликни жалб қилади”, дейилган (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ҳасан санади билан Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатдорлик бойликдир”, деганлар” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

9. Толиби илмларга ёрдам кўрсатиш.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бор эди. Уларнинг бири Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, бошқаси эса касб-кор қилар эди. Тирикчилик билан шуғулланувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” дедилар” (Термизий ва Ҳоким ривоят қилган. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ, деган).

10. Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш.
Мусъаб ибн Саъд  ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

11. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни кўп айтиш.
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашгач, икки ўғлини чақириб деди: “Мен иккингизга васият қилмоқчиман. Мен сизларни икки нарсага буюраман ва икки нарсадан қайтарман. Сизларни ширк ва кибрдан қайтараман ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ”га буюраман. Зеро осмонлар, Ер ва ундаги бор нарсалар тарозининг бир палласига ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ” бошқа бир паллага қўйилса, албатта у оғир келади. Агар осмонлар ва Ер бир ҳалқа бўлиб, унга “лаа илаҳа иллаллоҳ” қўйилса, уни узиб юборади. Мен сизларни “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”(ни кўп айтиш)га буюраман. Зеро, у барча нарсанинг “салот”идир ва у билан барча нарса ризқлантирилади” (Имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмад томонидан қилинган бошқа ривоятда: “У билан (Аллоҳнинг) махлуқотлари ризқлантирилади”, дейилган).

12. Истиғфор айтишни кўпайтириш.
Қуръони каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига қарата шундай хитоб қилгани келтирилади: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади” (Ҳуд сураси, 52-оят).

Қуръони каримнинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади: “Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим” (Нуҳ сураси, 10-12-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфор (айтиш)ни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, имом Аҳмад, имом Табароний, Насоий “Сунанул кубро”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берди. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси фарзандларининг камлиги, тўртинчиси эса, ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди. Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Сизнинг олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўради. Унинг саволига жавоб сифатида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан (“Тафсийрул қуртубий”, “Тафсийрун насафий”, “Тафсийрул кашшоф”).

13. “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтиш.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ кимга бир неъмат берган бўлса, бас, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин! Кимнинг гуноҳлари кўпайиб кетса, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, бас, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин!” (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

14. Бойлик ва кенг ризқ сўраб дуо қилиш.
Умму Салама розийаллоҳу анҳо қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилар эканлар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан манфаат берадиган илм, кенг ризқ ва қабул қилинадиган амални сўрайман!” (Имом Аҳмад ривояти).

15. Камбағалликдан паноҳ сўраб дуо қилиш.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағалликдан мана бундай паноҳ тилар эдилар: “Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).

16. Ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиш.
Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида шундай ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Маъсуд вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон унинг зиёратига келиб: “Нимадан шикоятинг бор?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Гуноҳларимдан”, деди. Усмон ибн Аффон: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. Ибн Маъсуд: “Раббимнинг раҳматини”, деди. Усмон ибн Аффон: “Сенга табиб буюрайми?” деди. Ибн Маъсуд: “Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди”, деб жавоб қилди. Усмон ибн Аффон: “У ҳолда сенга ҳадя буюртирайми?” деб сўради. “Унга ҳожатим йўқ”, деди Ибн Маъсуд. Усмон ибн Аффон: “Сенда ҳожат бўлмаса, сендан кейин қизларингга қолади”, деди. Ибн Масъуд бунга жавобан: “Қизларимнинг камбағал бўлиб қолишларидан қўрқаяпсанми? Мен уларга ҳар кечада Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман”, деб жавоб берди”.

Ибн Маъсуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки ҳар кечада Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор камбағалликка дучор бўлмайди” (Абу Яъло ва  Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган.  Байҳақий ривоятида: “Ибн Масъуд ҳар кеча қизларини Каҳф сурасини ўқишга буюрар эди” жумласини зиёда қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Воқеа сураси бойлик (келтирувчи) сурадир. У (сура)ни ўқинглар ва фарзандларингизга ўргатинглар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Яна Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аёлларингизга Воқеа сурасини ўргатинглар. Зеро, у бойлик (келтирувчи) сурадир” (Дайламий ривояти).

(давоми бор)

 

Оиласига нафақа қилишнинг савоби

“Аёлим ана шундай вафот этган...”

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нафсини тийганди, ризқ эшиги очилди...

1467 23:02 18.02.2020

Ризқдаги бараканинг омиллари

1461 22:00 14.02.2020

“Қачон мартабангиз кўтарилади?”

866 10:27 10.02.2020

Нега Аллоҳ барчанинг ризқини кенг қилиб қўймайди?

853 11:00 21.01.2020

Ризқи кенгайиб, бой бўлишни хоҳловчилар учун ажойиб қўлланма 2-қисм

2124 22:30 20.01.2020
« Орқага