Роббим, кечирсанг бўлди, фақат кечирсанг...

17:00 04.06.2019 505

Бандага бирор гуноҳ қилсак кўзига кўринолмаймиз. Ўзимизни ундан узоқ тутамиз.

Илоҳи, Сенга қанча гуноҳлар қилдик, юзсизликлар қилдик.

Қани энди Сенга ҳам кўринолмай юролсак. Қани Сендан ўзни узоқ қилолсак. Агар шунинг йўли бўлса бизларга кўрсат. Эшигингдан бошқа эшик бўлса, бизларни унга йўлла. Жуда бўлмаса, тупроқларга айлантириб юбор, тонгла маҳшар олдингда шарманда турмайлик. Вужудимизни зарраларга бўлиб, тарқатиб юбор, қиёматда шармисор бўлмайлик.

Эвоҳ, бунинг ҳеч иложи йўқ, ҳеч ҳам иложи йўқ. Эшигингдан бошқа борар жойим, остонангдан ўзга бош урар маконим йўқ!

Гуноҳларимни Сенга васила қиламан, чунки хатокор бандангда бунда бошқа нарса йўқ. Исёнимни ҳузурингда оқ байроқ янглиғ кўтараман. Токи буни таслимли банданг эътирофи ўла қабул эт!

Қилмишларидан бели букик, қалби пора ва юзи қора бандангни илтижоларини қабул қил!

Кечирсанг бўлди, фақат кечирсанг!..

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!