Таҳлил

Россия Африкада яна ўз тарихини яратмоқчи

974

Илгари Африка мамлакатлари раҳбарларининг битта жойга жамланишини фақатгина Африка Бирлиги Ташкилоти (кейинроқ Африка Иттифоқи) анжуманларида кўриш мумкин эди. Бироқ бугун ҳатто қитъадан ташқарида ҳам дунёнинг турли бурчаклари ва пойтахтларида уларнинг ягона масала ва маслак устида музокараларга киришаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Жумладан, 2014 йил августида Вашингтонда, 2018 йил июлида Пекинда ва ўтган ой Москвада 54 Африка мамлакатининг деярли барчасининг раҳбарлари айни стол атрофида йиғилди. Бу учрашувларнинг бари қитъадаги янги беқарорликлар контекстида кўриб чиқилди. Хитой ўз пойтахтида Африка мамлакатлари раҳбарларига мезбонлик қилар экан, бунда у Ғарбга қарши амбицияларининг янги бир йўналиши сифатида қаради. Россиянинг аниқ мақсади эса ҳозирча маълум эмас.

Биламизки, совуқ уруш даврида Россия Африка қитъасидаги муҳим актёрлардан бири эди. У дунёнинг буюк давлати сифатида бу ҳудудда ўз таъсирини ушлаб қолиш ҳамда бир вақтнинг ўзида қитъада АҚШ ва кейинроқ Хитой таъсири ошиб кетишига йўл қўймаслик йўлидан борди. Сталин даврига келиб эса Африка эътибордан деярли бутунлай четда қолди. Фақатгина 1954 йилдан бошлаб Миср мисолида муносабатлар қайта яхшилана бошлади  ва ўтган асрнинг 70-йилларида икки ва кўп томонлама муносабатлар ўз чўққисига эришди. Худди шу йилларда Куба ва Шарқий Германия ёрдамида Собиқ Иттифоқи ўзини Африка қитъасидаги ҳақиқий ҳал қилувчи куч эканлигини намойиш қилишга муваффақ бўлди. 

Шундай қилиб, Совет Иттифоқи бошчилигидаги Шарқий блок ички ва ташқи таҳдидларга дуч келган Африка мамлакатларига ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик соҳасида улкан ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, Кремль қитъага қурол етказиб берувчи асосий ҳамкорлардан бири эди.

Москва иттифоқчиси бўлган Куба Ангола ва Эфиопияга кўмак сифатида ўз қўшинларини юборган эди. Советлар Жанубий Африка билан чегарадош қитъа давлатлари учун хавфсизлик кафолатларини берди; Шарқий Германия бутун қитъада махфий полиция кучларини ташкил қилди ҳамда шу орқали қитъада ҳукмронлик қилди.

Бирлашган фарқли миллатлар

“Aфриканинг ўлик қалби”

Туркия ва Россия: 100 йил олдинга қайтамиз

Берлин деворининг қулаши ва Совет Иттифоқининг парчаланиши билан Африка давлатлари орасида марксистик-ленинистик мафкурага бўлган қизиқиш ҳам йўқола борди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Россия кўпроқ ички сиёсат ва чегарадош мамлакатлар билан машғул бўлиб қолди. Аммо бугун халқаро майдонда ўз обрўсини тиклашга ҳаракат қилаётган расмий Москва учун Африка ажойиб мкониятлар замини бўлиши мумкин. 

Аммо ҳозирги Африка 70-80 йиллардагидан фарқ қилади. Қачонлардир Россия Африка республикаларига қурол сотиш ёки бошқа ҳар қандай тактикалар билан ўз таъсирини мустаҳкамлаган бўлса, бугунги шароит ундан бошқа нарсаларни талаб қилиши мумкин.

Москвадаги мустақил интернет-тергов янгиликлар веб-сайти Proyekt (The Project)нинг хабар беришича, Кремль билан алоқадор гуруҳлар ижтимоий медиадаги «троллар фермалари» ёрдамида қитъадаги 20 мамлакатда, хусусан, француз тилида сўзлашувчи Африка давлатларидаги сайловлар ҳамда сиёсий жараёнларда иштирок этган. Албатта, улар жуда катта муваффақият қозонгани йўқ. Ҳозирча.

Жумладан, 2018 йилда бу гуруҳлар Мадагаскарда президент Эри Радзаунаримампианинанинг қайта сайланишини ташкиллаштира олмади. Кейинроқ улар Зимбабведаги сайловларга бурун суқди. 

«Financial Times»нинг хабар беришича, бутун Африка бўйлаб Москва президентлик соқчиларини тайёрлаш учун ҳарбий инструкторлар гуруҳларини юборган, уларни қурол-яроғ билан таъминлаган ҳамда авторитар режимлар бошида турганлар учун сайлов стратегияларини яратиш ва амалга оширишда кўмаклашган. Бундан ташқари, Кремль қитъада атом электр станцияларини қуриш, нефть қудуқлари ва олмос қазиб олиш бўйича ҳаракатларни такомиллаштиришга ваъда берган.

«The Guardian» нашри, шунингдек, Россиянинг Африкадаги қарийб 13 мамлакатда мавжуд ҳокимиятлар билан яширин алоқалар ўрнатгани, улар билан ҳарбий битимларга эришиб, ҳаттоки янги авлод лидерларини етиштиришда иштирок этгани ҳақидаги далиллар ва ҳужжатларни тақдим этди.

Россиянинг мазкур ҳаракатларидан мақсад эса Совет давриникидан деярли фарқ қилмайди – қитъа бўйлаб бошқа йирик давлатлар таъсирига қарши туриш ва уларни чеклаш. Расмий Москва билан қўл ташлашаётган қитъа автократларининг бундан қандай манфаатлари борлигини айтиш мушкул. Ҳар ҳолда уларнинг Россия ёрдамига мафтунлигини собиқ совет ҳақидаги хотираларининг етишмаслиги билан боғласа тўғри бўлса керак.

Аммо шуниси аниқки, Хитойнинг инфраструктура ва тараққиёт лойиҳалари сабабли шундоғам қарзга ботган қитъа аҳолиси ўртасида автократ режимлар билан келишиш ва атом электр станциялари қуришни ваъда қилиш орқали ишонч қозониш эҳтимоли жуда паст. Қолаверса, Россиянинг ҳам Ғарбда, ҳам Африкада ижтимоий тармоқлар кучидан фойдаланиб сайловларга аралашишга урингани билан боғлиқ ўтмиши қитъа аҳолиси орасида яхши таассурот уйғотиши даргумон.

Шундан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, россияпараст делегациялар томонидан нима дейилмасин ва нимаики намойиш этилмасин, Кремль қитъа давлатлари ҳукуматларини эмас, балки маҳаллий аҳолини ўзига жалб этмоқчи деган фаразни исботлаш учун камлик қилади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Генерал Ҳафтар Триполига яқинлашди. Пойтахтда уруш бошланадими?

501 09:00 10.12.2019

Идлибда ҳаво ҳужумлари. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бор

323 14:30 09.12.2019

Лукашенко Россия билан интеграциянинг чуқурлаштиришни истамаяпти. Бу бежиз эмас

486 15:00 07.12.2019

Берлинда ўлдирилган чечен туфайли Россия дипломатлари мамлакатдан чиқариб юборилади

896 08:00 06.12.2019

«Россия самолётлари Сурияда қочқинлар лагерини бомбардимон қилган»

568 23:00 04.12.2019

«Ливиядаги беқарорликка Россия сабабчи»

854 15:00 28.11.2019
« Орқага