Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Россия ҳеч қачон биринчи бўлиб уруш бошламаган(ми?)

4866

Баъзан тарихни яхши билмаган “диван таҳлилчилари”дан “Россия ҳеч қачон биринчи бўлиб уруш бошламаган, доим ўзини ҳимоя қилган” деган гапларни эшитиб қоламиз.

Ҳақиқатан ҳам шундайми, Россия давлати тарихда фақат ўзини ҳимоя қилиш билан машғул бўлганми?

Россия тарихи – кўплаб урушлар, қуролли тўқнашувлар, босқинлар ва "махсус операция"ларнинг деярли узлуксиз занжиридан иборат. Ҳар қандай жангда иккала томон ҳам айбдор бўлса-да, биринчи бўлиб рақибга қарши куч ишлатган тарафни тажовузкор деб аташ одат тусига кирган. Хўш, қайси урушлар Россия томонидан бошланган? Ва уларнинг қанчаси маҳаллий ва хорижий тарихчилар томонидан ҳисобланган?

Кичик давлатдан улкан империя сари

Фақат жуда содда одам дунё харитасига қараб, Россияни топиб, бу улкан ҳудудларнинг барчаси тинч йўл билан қўшилган деб ўйлаши мумкин. Албатта, ҳар қандай империя мустамлакаларга эга бўлгани учун шундай деб аталади. Русларнинг расмий адабиётларида қўшни давлатлар қўлга олинмаган, балки ихтиёрий равишда қўшилган, бошқа бири рус қўшинлари туфайли қандайдир босқинчилар зулмидан озод бўлганидан қувониб, бир овоздан империя таркибига кирган, дейишади. 

Бунга ишониш ёки ишонмаслик ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Аммо тарихчилар ҳисоб-китобларига кўра, XVI асрнинг ўрталаридан то ҳозирги кунга қадар Россия 75 дан ортиқ уруш ва қуролли тўқнашувларда қатнашган. Натижада Европа стандартлари бўйича ўртача давлат бўлган Московия ўз таъсирини Болтиқбўйидан Тинч океанигача кенгайтирган дунёдаги энг катта империяга айланди. Агар 1547 йилда Россиянинг умумий майдони 3 миллион км² бўлса, 1914 йилда у 21,8 миллион км² га етган.

Кўпинча бирор йилни бошқасига таққослаганда россияликлар 1913 йилни эслашади. Чунки ўша йилгина империя учун нисбатан тинч йил бўлган. Қолган вақтларда мамлакат баъзида дунёнинг турли бурчакларида бир вақтнинг ўзида бир нечта уруш кампанияларини олиб борган. Қозон ва Астрахан хонликларининг босиб олиниши, Волга бўйидаги фин-угор халқлари эгаллаган ерларнинг аннекция қилиниши, Уралдан ташқарига кенгайиш, Кавказ, Сибир, Узоқ Шарқ, Камчатка, Ўрта Осиёнинг забт этилиши...

Истак бўлса, баҳона тайёр

Россия тарихчилари-ю сиёсатчилари бошқа ўлкаларнинг босиб олинишини “қўшиб олиниш” деган сўз билан ифодалашади. Узоққа бормайлик, яқин-яқингача, совет даврида Туркистоннинг босиб олиниши деб айтиш тақиқланган эди.

Расмий ташвиқотга ишонсангиз, бу ерларнинг барчасида давлатчиликни билмаган, ярим ёввойи, саводсиз халқлар яшаган деган хулосага келасиз. Яна айтилишича, уларнинг барчаси Россия подшосига солиқ тўлашни бошлаганидан хурсанд ҳам бўлишган. Бироқ ҳатто чекка шимол, Арктика халқлари ҳам ўз мустақиллигини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. XVII-XVIII асрлардаги Россия-Чукотка урушлари ҳақида жуда ҳам кам одам билади ва бу оммага кўп ҳам ошкор қилинавермайди. Сибир хонлигининг русларга қарши кураши-чи? Ахир миллионлаб Сибир турклари қўлида қурол билан босқинчиларга қарши жанг қилмаганмиди?

Албатта, кимдир чукчалар Анадир дарёси яқинида тинчгина яшаш учун келган русларга ҳужум қилган деган иддаоларни айтиши мумкин. Эҳтимол, шундайдир. Лекин ким юртига қурол кўтариб, унинг халқини тобе қилиш учун келган кимсага қарши курашмайди?!

Россия империясининг бошқа ҳудудга истилоси кўпинча у ерда русларнинг қийинчиликда қолгани, уларни озод қилиш зарурлиги билан беркитилган. Масалан, XVIII асрда Хивага қилинган Перовский бошчилигидаги юришни руслар “рус қулларини озод қилиш ва рус карвонларини қароқчилардан ҳимоя қилиш” билан оқлаган.

Тан олинган босқинлар

Россия томонидан бошланган урушлар хорижий тарихчиларнинг таъкидлашича, XVI аср ўрталаридан бошлаб Россия бошдан кечирган 75 дан ортиқ урушнинг 53 таси Россия империяси томонидан бошланган. Яъни жаҳон ҳамжамияти ва Россия империясининг энг яқин қўшнилари наздида улар барча масалаларни куч билан ҳал қилишни маъқул кўрадиган босқинчи давлат бўлган.

Бироқ Россия тарихчилари чет эллик ҳамкасбларининг кўп даъволарига қўшилмаса-да, баъзи урушларнинг Россия томонидан бошланганини эътироф этишади:

  1. Ливон уруши (1558–1583);
  2. Рус–швед уруши (1590–1595);
  3. Форс юриши (1722–1723);
  4. Кавказ уруши (1817–1884);
  5. Хива юриши (1839–1840);
  6. Қрим уруши (1853–1856);
  7. Рус–турк уруши (1877–1878);
  8. Туркистон юришлари (1853–1881);
  9. Совет–Фин уруши (1939–1940)

Россияга мойил бўлмаган олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия 53 та қуролли тўқнашувни бошлаган. Бошқа тарихчилар эса 9 та уруш руслар томонидан бошланганини айтишади. Уларга Афғонистондаги урушни ҳам (1979-1989) қўшиш мумкин.

Бироқ ХХ асрда СССР раҳбарияти кўплаб давлатларга «қардошлик ёрдам»ларини кўрсатди ва шу орқали бутун дунёда қонли тўқнашувларни пайдо қилди. Баъзи тарихчилар бир вақтлар бир давлатнинг бўлиниши билан якунланган Корея урушида (1950–1953) шахсан Иосиф Сталинни айблашади. Ушбу қуролли тўқнашув оқибатлари халқаро сиёсатда ҳамон порох бочкаси бўлиб қолмоқда. 

Бундан ташқари, Совет ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидан олдин Болтиқбўйи давлатларининг мажбурий равишда аннекция қилинишида, совет ҳарбий мутахассисларининг Вьетнам (1957-1975), Ангола (1975-2002), Эфиопия (1977-1978) ва бошқа бир қатор мамлакатлардаги ҳарбий операцияларда иштирок этишида айбланади.

Ёқуб Умар тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

300 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

441 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

676 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

466 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

314 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

731 13:07 07.08.2022
« Орқага