1 минг куб метр газ нархини 150 доллардан 100 долларга туширишни илтимос қилиб Россияга хат йўллаган Қирғизистон ҳукумати салбий жавоб олди. Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг Ёқилғи-энергетика қўмитаси йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kaktus.media.
Йиғилишда қатнашган депутат Экмат Байбакпаевнинг таъкидлашича, “Газпром” Қирғизистонда газ соҳасини ривожлантириш устида ишламаяпти. У Россия компанияси билан келишув қайтадан кўриб чиқилиши зарур деган фикрда.
“Газпром”нинг шўъба корхонаси ҳисобланувчи “Газпром Қирғизистон” раҳбари ўринбосари Арзимат Алдаяров эса компания иш бошлагунга қадар мамлакатда газлаштириш даражаси 22 фоиз бўлганини, ҳозир эса 35 фоизга етганини маълум қилди. “Газпром” 2030 йилгача Қирғизистонда газлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш мажбуриятини олган.
Эслатиб ўтамиз, “Газпром” 2014 йилда “Қирғизгаз”нинг 100 фоизлик акциясини 1 доллар эвазига сотиб олган эди.