Россия ва Белоруссия президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенко кеча, 4 ноябрь куни “Иттифоқ давлати тузиш тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга оширишнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Улар Иттифоқ давлати Олий давлат кенгашининг видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишида 28 та иттифоқ дастурини тасдиқлади.
Дастурлар икки давлат валюта тизимларининг интеграцияси, умумий тўлов маконини яратиш ва солиққа тортишнинг янги тамойилларига қаратилган. Шунингдек, иттифоқ давлатининг миграция сиёсати концепцияси тасдиқланди ва янгиланган ҳарбий доктринаси қабул қилинди. Путин бир нафар белоруссиялик космонавтни тайёрлаш ва Халқаро космик станцияга жўнатишни, Лукашенко эса Россия ва Белоруссия учун умумий медиахолдинг яратишни таклиф қилди.
“Биз суверен давлатларимизнинг ички ишларига аралашиш бўйича ҳар қандай уринишларга биргаликда қаршилик кўрсатиш ниятидамиз. Россия эса албатта қардош беларус халқига ёрдам беришда давом этади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ”, – деди Путин.
Йигирма саккизта дастур ҳақида аввалроқ умумий маълумотлар берилган, тафсилотлар ошкор қилинмаганди. Дастурлар Путин ва Лукашенко томонидан сентябрь ойида Москвадаги учрашувда маъқулланди, кейин Иттифоқ давлати Вазирлар Кенгашининг йиғилишида тасдиқланди.
Россия ва Белоруссия икки давлатнинг сиёсий интеграциясини 1999 йилдан бери муҳокама қилиб келади. 2019-2020 йиллардаги музокараларда иқтисодиёт ва бошқарувнинг турли соҳаларида интеграция бўйича 31 та “йўл харитаси” муҳокама қилинди. Ушбу “йўл хариталари”нинг лойиҳалари ҳеч қачон ошкор этилмаган.