Москва ва Теҳрон Россия ҳудудида учувчисиз парвоз қурилмаларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Ҳозирда Эронда ишлаб чиқарилаётган бу дронлар Россия армиясининг Украинага қарши урушида қўлланилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб ёзмоқда.
Нашр манбаларига кўра, 5 январь куни Эрон делегацияси Татаристоннинг Елабуга шаҳрига келган. Делегация аъзолари келажакда завод қурилиши режалаштирилаётган майдонни кўздан кечиришган.
Уларнинг режаларига кўра, янги корхона камида 6 мингта дрон ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. WSJ маълумотларига кўра, бу икки мамлакат Украина ҳаво мудофааси қарши тура олмайдиган юқори тезликдаги янги дрон ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда. Лойиҳа икки давлат ўртасидаги 1 миллиард долларлик келишувнинг бир қисмидир.
Эрон делегациясига "Ислом инқилоби қўриқчилари" корпуси таркибига кирувчи "Аерокосмик қўшинлар" раҳбарларидан бири, бригада генерали Абдуллоҳ Меҳробий ва АҚШ назарида Эрон дронларини ишлаб чиқаришда муҳим рол ўйнайдиган “Quds Aviation Industry” компаниясининг бошқарувчи директори Қосим Дамавандиён бошчилик қилган.
2022 йил декабрида АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Москва ва Теҳрон Россияда дрон ишлаб чиқаришнинг қўшма линиясини қуриш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.
Январь ойида АҚШ Савдо вазирлиги учувчисиз самолётлар ва улар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ етти нафар Эрон компаниясига экспорт чекловларини жорий қилди. Улар орасида авиация саноати корхоналари ва "Ислом инқилоби қўриқчилари" корпуси ҳаво кучлари бор. Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги Россияга Эрон дронларини етказиб бериш билан шуғулланган Shahed Aviation Industries Research Center, Paravar, Design and Manufacturing of Aircraft Engines, Baharestan Kish, Aviation Services FZC, iJet Global DMCC компанияларига санкция жорий қилган эди.
Санкциялар, шунингдек, АҚШ тақиқи остидаги Эрон мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий компания - Qods Aviation Industries (QAI) нинг олти раҳбари ва директорлар кенгаши аъзоларини ҳам қамраб олади.
Киев Москвани Эроннинг Shahed-136 дронларидан фуқаролик ва энергетика объектларига ҳужумларда қўллашда айблаб келади. Россия томони бу айбловларни расман рад этган. Бироқ октябрь ойида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили РБК телеканалининг жонли эфирида Эрон қуроллари қўллангани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Эрон Россияга дронлар етказиб берганини тан олган.