Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Россияда исломофобия: масжид олдида Қуръон ёқиб юборилди

5076

Москва вилоятида яна бир масжид ёпилди. Орадан кўп ўтмай, Волгаграддаги масжид олдида бир фитнакор намойишкорона Қуръони карим мусҳафини ёқиб юборди. Орқасидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россияда ислом мисли кўрилмаган даражада юксалаётгани” ҳақида баёнот берди.

Бу воқеалар кетма-кетлиги Украина президентининг Араб давлатлари лигаси саммити қатнашиш учун Саудия Арабистонига борган вақтда содир бўлгани эътиборга молик.

Келинг, энди ана шу хабарлар ҳақида батафсил сўз юритайлик.

17 май куни бир гуруҳ миллатчилар, масжидларга қарши кишилар Москва вилоятининг Котелники шаҳрида тўпланиб, Путинга мурожаатнома ёзишди. 

Исломофоблар масжид мигрантларнинг ҳудудга тўпланишига сабаб бўлаётганидан норози, ваҳоланки, маҳаллий аҳолига кўра, ҳудуддаги мусулмонларнинг 90 фоизи руслардир. 

Шундан сўнг хавфсизлик кучлари масжидни тўсиб қўйди, қаттиқ тинтув ўтказди ва масжиддагиларнинг ҳаммасини ҳибсга олди, кейин жиноий иш қўзғатиб, масжидни ёпди. 

Хавфсизлик кучлари ҳамон масжид эшиги олдида туриб, мусулмонларни ичкарига киритмай, ҳужжатлари бор-йўқлигига қарамасдан ҳибсга олишди. 

Масжид ёпилган кундан бошлаб хавфсизлик кучлари масжид яқинидаги бутун ҳудудни ўраб олди, мусофирларнинг кечаю кундуз ташқарига чиқишларининг иложи йўқ. Ҳужжатли ёки ҳужжатсиз (фуқаролардан ташқари) барча муҳожирларни ушлаб, ўз юртларига депортация қилишяпти (ёки армияга тўғридан-тўғри йўл олишни таклиф қилишмоқда).

Шунингдек, улар кафелар ва бошқа жамоат жойларига рейдлар ўтказадилар, телефонларни текширадилар ва ҳоказо. Меҳнат муҳожирларининг аксарияти марказий осиёликлар эканини алоҳида таъкидлаш шарт эмас, табиийки.

Шунингдек, хавфсизлик кучлари 100 минг рублдан пора олаётгани иддао қилинган.

Бу воқеадан бир кун ўтар-ўтмас, Волгоградда масжид олдида Қуръонни ёқиб юборишди. 

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, 19 май куни ижтимоий тармоқларда номаълум шахс Волгограднинг Ворошиловский туманидаги Поворинская кўчасидаги масжидга ўхшаш бино фонида қўлида ёнаётган Қуръонни ушлаб тургани акс этган видео пайдо бўлган. 

Волгоград вилояти мусулмонлари марказий диний бошқармаси муфтийси Кифаҳ Бата Муҳаммад журналистларга воқеадан бехабарлигини, аммо полицияга албатта хабар беришини айтди. 

"Мен ҳали бу ҳақда батафсил билмайман, мен ўзим Қозонда, форумдаман", деди муфтий. — Барибир ҳуқуқ-тартибот идоралари текширар. Ишончим комилки, бу провокация. Кимдир буни атайлаб қилади. Биласизми, кўп сабаблар бор. Масалан, ҳарбий ҳолат. Эҳтимол, булар Украина ё Ғарбнинг махсус одамларининг ишидир... Бизнинг қўшинларимиз аллақачон ғалаба қозонмоқда ва бу ерда бизни ичимиздан силкитиш учун нимадир қилиш керак. Провокаторлар етарлича. Россия ичида ҳеч ким бундай нарсага қодир бўлиши даргумон. Ўйлайманки, ҳуқуқ-тартибот идоралари буни аниқлаб беради. Ҳозир ариза берамиз. Топилиши ва жазоланиши керак. Россияда бундай бўлмаслиги керак”. 

Россия Ички ишлар вазирлигининг Волгоград вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаётганини маълум қилди. 

“Волгоград полицияси телеграм-каналларда эълон қилинган видеонинг тўғрилигини текширмоқда”, — деди вилоят полицияси.

Энг қизиғи қисқа муддатда Қуръонни ёқишга ким буйруқ бергани "маълум бўлди". Рус расмийларининг иддао қилишича, буни украиналиклар амалга оширганмиш. 

Дунёдаги энг “инсонпарвар” ҳисобланган Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари "Волгоградда масжид олдида Қуръонни ёқиб юборганликда гумон қилинган эркакни қўлга олди", деб хабар бермоқда Россия ОАВлари ўз манбасига таяниб. 

Эслатиб ўтамиз, бу Россияда мусулмонларнинг муқаддас китобини таҳқирлаш бўйича биринчи ҳолат эмас. Жорий йилнинг апрел ойида Москванинг Косино-Ухтомский туманида рус миллатчилари масжид қурилишига норозилигини билдириб, Қуръонни ёқиб юборган эди. 

Кейинроқ манбанинг айтишича, гумонланувчи Украина Хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда хавфсизлик кучларига иқрор бўлган.

V1.ru/ хабарига кўра, қўлга олинган шахс 19 ёшли украиналик бўлиб, етказиб бериш (куръерлик) хизматида ишлаши айтилди. У Қуръонни пул учун ёқиб юборганини даъво қилмоқда эмиш. 

“Ким ҳайрон бўлди? Ўзларини фош қилишнинг аҳмоқона усули қолмади, бир вақтлар руслар чеченларни айблаш учун уйларни портлатишганди, энди украинларни айблаш учун Қуръонларни ёқишмоқда”, дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. 

Ажабо... Зеленский мусулмон давлатларидан ёрдам сўраб турган бир вақтда украиналик махсус кучлар Россиянинг ўртасида илоҳий китобни ёқиб юбориши қайси мантиққа тўғри келади?! Ким ишонади бунақа чўпчакка?! Урушга динни, аниқроғи, диндорларнинг туйғуларини аралаштириш учун қанчалик пасткаш ва ифлос бўлиш керак?!

(Аввалроқ “Украиналик аскарлар Қуръони каримни ёққани” ҳақидаги бир видео тарқаган, аммо қисқа вақтда бу пасткашликни руслар қилгани ўртага чиққан эди). 

Айни шундай шармандали ҳолат юзага келган вақтда ташқи ишлар вазири Лавровнинг “Россияда исломнинг шиддат билан ривожланаётгани” ҳақидаги гаплари одамнинг баттар ғазабини келтиради. Дарвоқе, Россия президенти Владимир Путин ҳам мамлакатида миллионлаб мусулмонлар яшашини айтиб, мусулмон давлатлар билан алоқани яхшилаш илинжида юради. Аммо... Амалда иккиюздамачиликдан воз кечилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Россия пойтахтида масжид етишмайди, бироқ..." сарлавҳали мақола эълон қилинган ва унда Москва шаҳрида мусулмонларнинг сони кўпайиб бораётгани, уларнинг диний ибодатларини адо этиш учун масжидлар етишмаслиги ҳақида сўз юритилган. 
Чиндан ҳам Россияда, айниқса, пойтахтда яшаётган “озчилик” миллат вакиллари, хоссатан, мусулмонлар доимий таҳқирга учрайди. Гап фақат Марказий Осиёдан борган меҳнат мигрантлари ҳақида кетмаяпти. Бир неча юз йиллардан бери Москвада яшаб келаётган татар мусулмонлари ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаслиги ҳам аччиқ ҳақиқат. 

Ҳозирда Москвада атиги 4 та масжид бор. Россия Федерацияси муфтияти расмий маълумотларига кўра, ушбу шаҳардаги мусулмонлар сони 3-3,5 миллиондан ошади, уларнинг 2 миллион нафардан зиёдини Россия фуқаролари ташкил қилади. Украина пойтахти Киевда ҳам 4 та масжид бор, аммо у ердаги мусулмонлар сони нари борса 200 мингга яқин, холос.

Хулоса ўзингиздан...

 

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИВ огоҳликка чақирмоқда

592 18:03 02.06.2023

Замзам қудуғи тарихи

483 16:40 02.06.2023

Алоқа компанияларининг махсус ўйинлари ҳалолми?

539 11:15 02.06.2023

Путин ва Зеленский Туркияга боради

1308 10:01 02.06.2023

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

2574 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1514 15:50 01.06.2023
« Орқага