Россиянинг Aстрахан вилоятида МиГ-29 самолёти режалаштирилган парвоз пайтида қулаб тушди, учувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Жанубий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
«2021 йил 18 август куни Aстрахан вилоятида режалаштирилган парвоз пайтида МиГ-29 самолёти ҳалокатга учради. Самолёт Aшулук полигони ҳудудидаги кимсасиз жойга қулади. Парвоз ўқ-дорисиз амалга оширилган. Учувчи ҳалок бўлган», — дейилади хабарда.
Айтилишича, қулаш сабабларини аниқлаш учун ҳалокат жойига Aэрокосмик кучлар Олий қўмондонлигидан комиссия юборилган.
МиГ-29 — товуш тезлигидан юқори учадиган тўртинчи авлод кўп мақсадли фронтал қирувчиси. Ушбу турдаги биринчи самолётлар 1983 йил июлда қўлланила бошлаган. Қирувчи экипажи бир кишидан иборат бўлиб, максимал тезлиги 2450 км/соат, амалий парвоз баландлиги 18 минг метрни ташкил қилади. Самолёт 30 миллиметрлик тўп билан жиҳозланган бўлиб, олтита осма нуқтада турли хилдаги қуролларни олиши мумкин. Aстрахан вилояти ҳудудида МиГ-29 самолётлари Aстрахан шаҳри яқинидаги Приволжский аэродромида жойлашган.