Ливияда низолашган барча томонлар, хусусан, россиялик ёлланма жангчилар инсон ҳуқуқларини бузган, бу ҳолатларнинг баъзиларини ҳарбий жиноят ёки инсониятга қарши жиноят деб баҳолаш мумкин. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши шафелигида иш олиб борган мустақил текширув миссияси ана шундай хулосага келди.
Миссия ҳисоботида айтилишича, Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси жангчилари Ливияда асирларни отиб ўлдирган. “Шундай қилиб, “Вагнер” компанияси ходимлари қотиллик кўринишида ҳарбий жиноятни амалга оширган бўлиши мумкин дейишга етарли асос бор”, – дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, россиялик жангчилар миналар кўмиш билан шуғуллангани, бунинг оқибатида тинч аҳоли вакиллари портлаб кетгани қайд этилган. Ҳисобот муаллифлари бундай жиноятлар учун жавобгарлар рўйхатини тузган, бироқ ҳозирча бу рўйхат махфий тутилмоқда.
Мустақил миссия нафақат генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси ва у томонда жанг қилган вагнерчилар, балки халқаро ҳамжамият тан олган Ливия ҳукумати отрядлари ҳам жиноятларга қўл урган деган фикрда.