Росулуллоҳни севган муаззин

21:20 05.12.2018 365

Бутун исломиятнинг биринчи муаззини, оламларнинг Саййиди бўлган Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни чин қалбдан севган, ўзлари қул бўла туриб саййидлик мақомига эришган Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ҳақида замон бир неча бор такрорлашда малол қилмайди. Қулоқлар ҳам бу қиссани тинглашдан чарчамайди.

Маккада янги Ислом динининг нури тарқаб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тавҳид калимасини ошкор қилиб даъват қилишни бошлаганларида: Ҳадича бинти Хувайлид, Абу Бакр Сиддиқ, Алий ибн абий Толиб, Аммор ибн Ёсир ва уларнинг оналари Сумайя, Суҳайб Румий, Миҳдад ибн Амр ва шулар қаторида  Билол розияллоҳу анҳу ҳам биринчилардан бўлиб ислом динини қабул қилдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган динларидан қайтариш мақсадида, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳимоячиси, қаровчиси бўлмаган кишиларга Макка мушриклари энг қаттиқ азобларни етказишар,  шулар қаторида Билол розияллоҳу анҳуга ҳам озор беришар эди. Хазрати Билол розияллоҳу анҳуни жазолашлик унинг хўжайини бўлган Умайяга топширилди. Уларни кун заволга келганда, Макка қумлари исиб чўғга ўхшаб турган пайтда кийимларини ечиб, устиларига темирдан бўган либосни кийдириб офтобга қўйиб азоблашарди. Сўнг темир кийимларни ечиб қамчилар билан куракларига уришар ва яна қизиган қумга ётқизиб катта-катта қайноқ тошларни кўкракларига босиб қаттиқ азоб беришарди. Динидан қайтаришликка, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнини ҳақорат қилишликка мажбурлашарди. Ҳар қанча азоб беришмасин Билол розияллоҳу анҳу бирор марта уларни талабига жавоб бермадилар, аксинча,  “АЛЛОҲУ АҲАД,  АЛЛОҲУ АҲАД” деб жавоб берардилар. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким Абу Бакр  розияллоҳу анҳу уларни қулликдан озод қилиш мақсадида Уммаянинг олдига келиб Билол розияллоҳу анҳуни сотиб олмоқчи эканликларини айтдилар. Умайя 100динор сўради ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўраган пулини бердилар. Шунда Умайя “Агар, Билол учун 2 динор сўраганингда ҳам сенга Билолни сотган бўлардим ” дея таҳқирлаган ҳолда айтди. Хазрарти Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Агар сен Билол учун 200 динор сўраганингда ҳам мен уни сотиб олган бўлардим” дея жавоб бердилар.

Росулимизга бўлган муҳаббати кучли бўлган, қанча қийнашларига қарамай Росулимиз олиб келган диндан қайтмаган Билол розияллоҳу анҳу Исломиятнинг биринчи муаззини бўлдилар. Ҳар намоз пайтида азон чақириб Пайғамбаримизнинг эшиклари томон қарар ва унда пайғамбаримизни кўриб кўзлари қувнар, кўнгиллари таскин топар эди.

Росулимиз вафотларидан сўнг “Ҳабибим ер остида эканлар мен ер устида юра олмаяпман” дея азон айтмай қўйдилар. Мадинадаги ҳар бир нарса Росулимизни эслатгани учун Мадинани тарк қилдилар.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини узоқ вақт зиёрат  қилмаганлари учун тушларида Пайғамбаримиз с.а.в.ни кўрган ва унда “ Бу қандай жафо бўлди эй Билол” деган сўзларни эшитиб уйғонгач, йиғлаб Ҳабибимиз зиёратларига жўнадилар. Мадинага етиб келдилар. Умар розияллоҳу анҳуни ҳалифалик даврлари эди. “Билол келди! Росулуллоҳнинг муаззинлари келди!” дея ҳамма Билол розияллоҳу анҳуни атрофларига йиғилди. Умар розияллоҳу анҳу билан кўришдилар. Икки саҳобий ўзаро гаплашиб бўлгач Хазрати Билолдан илк сўралган нарса “ Эй Билол, эй Росулуллоҳнинг муаззинлари бизларга азон айтиб беринг бизга Росулулуллоҳни даврларини эслатинг” деган сўров бўлди. “Эй мўминлар амири ўтинаман сиздан мени бунга мажбурламанг. Кўзим Росулуллоҳга тушмаса азон айтолмайман” дея жавоб бердилар.  Шу вақт  Набийимизнинг набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳу келдилар. Уларни кўриб маҳкам қучоғлаб Росулимизни тафтларини, ҳис қилдилар ва қаттиқ йиғладилар. Уларни ҳам биринчи сўраган илтимослари шу бўлди. Энди бу илтимосни рад қилишни имкони йўқ эди. Чунки бу илтимос икки олам сарвари, Ҳабибимизнинг суюкли набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳу томонларидан сўралаётган эди. Билол розияллоҳу анҳу азонга шайландилар. Барчага ёқимли овозлари билан азон айта бошладилар. “АЛЛОҲУ АКБАР АЛЛОҲУ АКБАР” бу овозни эшитиб бутун Мадина ларзага келди. Ёш-у қари, аёл-у эркак, ҳатто болалар ҳам масжид сари югуришар, “Росулуллоҳ қайтиб келдилар, Ҳабибуллоҳ қайтиб келдилар”  деб ҳайқиришарди. Улар йиғлаган, Росулуллоҳни қўмсаган ҳолда масжид сари оқиб келардилар. Хазрати Билол “АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАР РОСУЛУЛЛОҲ” калимасига келганда азон айтолмай қолдилар, йиғидан ўзларини тўхтата олмадилар ва ҳушларидан кетдилар. Шу билан бир жойда ётиб қолдилар. Вафот қилиш соатлари етганида бирдан “ Нақадар хурсандчилик-а? Чунки эртага Ҳабибим олдиларига бораман, чунки эртага Росулимнинг суҳбатларига бораман” дедилар. Уларнинг охирги айтган гаплари  шу бўлди ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига равона бўлдилар.

Азиз диндошларим, ҳар бир мўмин мусулмон Аллоҳ ва Унинг элчиси бўлган Ҳабибимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати чексиз бўлиши лозим. Бундай муҳаббатга юқорида келтирилган Хазрати Билол розияллоҳу анҳунинг муҳаббатлари яққол далил бўла олади десам адашмаган бўламан. Аллоҳни ва уни Пайғамбарини суйган инсон ҳеч қачон залолат ботқоғига ботмайди ва икки дунё саодатига эришади.

Аллоҳнинг ризолигини ва суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришиш барчаларимизга насиб айласин! Oмийн!

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
 талабаси Асрорхон ибн УМАРХОН


Манба: kukaldosh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!