Ройсуний “Инсоний биродарлик” ҳужжатини маъқуллади

10:59 11.02.2019 887

Бутундунё уламолари иттифоқи раиси доктор Аҳмад Ройсуний Марокашнинг “Ахбарул явм” газетасига берган интервьюсида, яқинда Азҳар университети шайхи Аҳмад Тоййиб ва Рим папаси Франциск томонидан тақдим қилинган “Инсоний биродарлик” ҳужжатини мақтади.

Қуйида Ройсуний берган интервьюдан баъзи жойларини келтирамиз:
“Бу ҳужжат мақтовга ва ишончга сазовордир. Аввало бу ҳужжат адолатли экани ва ғаразли ниятлардан поклиги билан сифатланади. Шунингдек, у ҳар қандай оппортунист гуруҳларнинг ва сиёсий иқтидорларнинг босимидан холилиги билан ажралиб туради.

Бу ҳужжат диний ва глобал миқёсда бирлаштирилган юксак ғоялар, принциплар ва қадриятларга бой.

Ушбу ҳужжатда асримизда башариятни қийноққа солиб келадиган кўплаб муаммоларга тўхталиб ўтилган. Бунга мисол қилиб “халқларнинг йўллари ва келажаклари билан ўйнашадиган таассуб ва тафриқачилик сиёсати, фақат фойда кўриш мақсадида тузилган тизимлар ва манфур идеологик тенденциялар”ни келтириш мумкин. Ҳалокатли сиёсий инқирозлар, зулм, инсониятнинг оз сонли кишилари томонидан идора қилинадиган ва кўпчилиги ундан маҳрум қолган табиий бойликларга ҳам эътибор қаратилган.

Ҳужжат дунё раҳбарларидан, халқаро сиёсат ва глобал иқтисод эгаларидан бағрикенглик, бирдамлик ва тинчлик маданиятини ёйишни, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига қарши ҳаракатга киришишни, урушлар, тўқнашувлар, иқлимнинг ёмонлашиши, ахлоқ ва маданиятнинг инқирозга юз тутиши каби масалалар билан алоқадор бўлишни талаб қилди.

Ҳужжатда бугунги цивилизациянинг кўплаб ижобий жиҳатларига ҳам аҳамият қаратилган. Шу билан бирга халқаро ҳаракатларда ахлоқий меъёрларнинг бузилиши, руҳий қадрятларнинг ва масъулият туйғусининг йўқолиши ҳам қайд этилган. Бу инсоният орасида бузғунчилик, ёлғизлик ва умидсизлик туйғуларининг ошишига сабаб бўлади. Бу эса ё атеизм гирдобига, ё диний экстремизм ва кўр-кўрона таассуб гирдобига отилишга сабаб бўлади. Бу баъзиларнинг гиёҳвандликка ружу қўйишига олиб келса, баъзиларни ўз-ўзини ва бошқаларни йўқ қилишга олиб боради.

Шунингдек, “Инсоний биродарлик” ҳужжати ҳаётга таҳдид қиладиган ишлар: ирқий тозалаш, террорчилик амалиётлари, мажбурий кўчириш ишлари, инсон аъзолари тижорати ва аборт кабиларни қоралайди.

Ҳужжат очиқ-ойдин инсониятга таҳдид соладиган манфур террорнинг – гарчи террорчилар диний матнлар ёзилган матнлар кўтарсалар ҳам, уларнинг либосларини кийиб олсалар ҳам – динга алоқаси йўқлигини, балки у диний матнларнинг нотўғри тушуниш оқибатида, очлик, камбағаллик, зулм, зўравонлик ва такаббурлик сиёсати натижасида келиб чиққанини таъкидлайди.

Ҳужжатда аёллар хусусида ҳам тўхтаб ўтилган. Уларни жинсий экспулатациядан ҳимоя қилиш кераклиги, унга ҳузурланиш ва фойда кўриш воситаси бўлган товар каби муомала қилинишининг олдини олиш кераклиги айтилади. Шу сабабдан барча ғайриинсоний одатларни ва аёллар шаънини ерга урадиган машғулотларни тўхтатиш зарур”.

Хулоса қилиб айтганда, агар Азҳари шариф ушбу мустақил тўғри йўлдан юришда давом этадиган бўлса, сиёсатга аралашиш ва эргашиш сабабидан йўқотган ўрнини қайтариб олади деб ўйлайман”.

Шаҳзод РАМАЗОНОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!