Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Рўмолга қарши муваффақиятсиз кураш: Туркия тажрибаси

5922

Бугун Туркияда сиёсатчилар, ҳокимлар ва бошқа муҳим давлат вазифаларини бажараётганлар орасида рўмолли аёлларни кўриш оддий ҳолга айланди. Рўмол ҳақида ўн йиллаб давом этган баҳслар энди кун мавзуси эмас. Ҳолбуки, яқин-яқингача рўмолли аёлларга вазир курсиси тугул давлат идорасида оддий амал ҳам раво кўрилмас эди.  

Туркияда рўмол ҳақидаги тортишувлар 1960-йилларнинг ўрталарига бориб тақалади. Ўшанда университетларда рўмол ўраган талабалар сони орта бошлаган эди ва бу ҳолат лаицизм-секюляризм тарафдорларининг ташвишига сабаб бўлди. Туркияда рўмолга тақиқдан энг кўп азият чекканлар айнан муслима талабалар бўлган десак, адашмаймиз. Қанчадан-қанча қизлар ўқишга кирган бўлса-да, рўмоли туфайли умуман ўқий олмади ёки ўқишини тугатишига имкон берилмади. Амал-тақал қилиб ўқишини тугатганлар эса ишлай олмади. Ҳатто илоҳиёт (теология) факультетларида ҳам рўмолга қаршилик қилинар эди. Масалан, 1967 йилда Анқара университети талабаси Хадича Бабажан Ислом тарихи ўқитувчисининг қаттиқ қаршилигига учраган ва пировардида ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган эди. 1970-80 йилларда талабаларнинг рўмолини куч ишлатиб ечдириш ҳолатлари тартибсизликларни ҳам келтириб чиқарди.  

1980 йилнинг 12 сентябрида ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштирганидан кейин рўмолли аёлларнинг давлат ишида ишламаслиги қатъий белгилаб қўйилди. 1997 йилнинг 28 февралида Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишида ишлаб чиқилган тавсиялар ҳаётга татбиқ этилиб, рўмоллилар янада мушкул аҳволда қолди. Айниқса, университетларда рўмолли талабаларга қарши кураш авжига чиқди. “Кўндириш хонаси” деб аталувчи хоналар ташкил этилиб, қизлар ўқишини давом эттириши учун рўмолини ечишга кўндиришга уринилди. Бу чинакам антидемократик ҳаракатлар эди: муслималар ўз диний эътиқодига қарши чиқишга мажбурланди, кўнмаганлар эса таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Ҳолат ўта аянчли эди: аҳолисининг аксар қисмини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатда муслималарнинг ҳуқуқлари очиқ-ойдин топталди. Аммо Туркияда энди вазият ўзгарди ва яқин йиллардаги тажрибадан маълум бўлдики, рўмол қизларнинг ақлий фаолияти ёки билим олишига салбий таъсир кўрсатмас экан. Буни кўрингки, бошда рўмол билан олима, шифокор, элчи, вазир ҳам бўлиш мумкин экан.    

Туркия бу кунларга осонлик билан келгани йўқ. 1999 йилнинг майида халқнинг вакили сифатида сайланган Мерве Кавакчи рўмолли бўлгани учунгина қасамёд қилишига ҳам рухсат берилмай, парламентдан қувилгани ҳали унутилмади. Бу нафақат Кавакчининг, балки уни сайланган халқнинг ҳам юзсизларча қувилиши эди.

2002 йилда Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ҳокимиятга келиши биланоқ ҳолат ўнгланиб қолмади. Вақт ўтиб, вазият бироз юмшаган бўлса-да, рўмолга қаршилик ҳамон давом этаётган эди. 2007 йилда АТПдан Абдуллоҳ Гулнинг президентликка номзод бўлиши ҳарбийларни хавотирга солиб қўйди. Чунки унинг рафиқаси Хайринисо Гул рўмолли эди… Ўшанда Қуролли кучлар қўмондонлиги баёнот билан чиқиб, “Туркиянинг дунёвийлик тамойилидан оғишиши мумкинлиги борасида” ташвиш изҳор қилди. Айтиш керакки, Хайринисо Гул рўмол тақиқининг қурбонларидан биридир: 1998 йилда Анқара университети тил ва тарих-жўғрофия факультетига ўқишга кирган бўлса-да, рўмоли туфайли таҳсил олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.    

Тўсиқлар аста-секинлик билан енгилди. 1980 йилда жорий этилган рўмолли аёлларнинг давлат ишларида ишлашига тақиқ 2013 йилда бекор қилинди. 

Хуллас, бир пайтлар Ислом номи билан дунёга ҳукм ўтказган усмонийларнинг авлодлари рўмолга қарши маънисиз уруш очди ва бу урушнинг мағлуби ҳам, ғолиби ҳам ўзи бўлди.

Убайдуллоҳ АДҲАМОВ

УЛАШИНГ:

« Орқага