Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Етимпарварлиги билан машҳур бўлган имом: “Болалигим ғамгин ўтган...”

4122

Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Оққўрғон” масжиди имоми Рустамжон Ҳамидов ўзининг ибратли ишлари билан кўпчиликнинг олқишига сазовор бўляпти. У киши ўзининг атроф-жавонидаги етим ва боқувчисини йўқотган болаларга ҳомийлик маблағларини жалб қилган ҳолда, доимий равишда уларнинг нафақаларидан хабар олиб туради. У кишидан ибрат олиб, ўз қишлоқ ва шаҳарларида мана шундай ибратли ишлар билан шуғулланаётган яхшилар ҳам кўпайиб боряпти.

Биз ўз фаолияти билан халқимизнинг эътиборини қозонаётган Рустамжон Ҳамидов билан яқинроқ танишиш мақсадида у кишига айрим саволлар билан юзландик.

– Ассалому алайкум. Домла, суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақида озгина маълумот бериб ўтсангиз...

–  Хўп, мени ҳаётимнинг аввали сал ғамгин ҳикоя. Бир ёшлар вақтимда бўлса керак, катта бувимизни қўлига келиб қолганман. Бугунги фаолиятимиз, бугунги олиб бораётган  ишларимиз ўша кунларга дахлдор бўлса керак, деб ўйлайман. Ёшлигимдан отам бўлишини, бошқаларнинг отаси каби бирор ҳадялар олиб келса-ю югуриб бориб қўлларидан олсам, деб орзу қилар эдим. Балки қўшни болаларда шу ҳолни кўрганим учундир, доим шунақа хаёл қилардим. Шунақа қийинчиликда катта бўлдим. Катта бувимиз жуда диндор аёл эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин, диний таълим олишимда у кишининг хизматлари катта бўлган. Ёшлигимиздан китоб ўқитарди, ҳадислар ўқиб катта бўлдик. Кейин Aндижонда мадрасада ўқидим, Аллоҳ саломат қилсин, жуда яхши олимлардан таълим олиш насиб этди. Яхши йигитлар билан бирга ўқидим, ҳаммалариям динимиз учн, халқимиз учун яхши хизматлар қилишяпти. Мадрасани битиргандан кейин ўзимизнинг қишлоқдаги масжидда имом бўлиб ишлай бошладим. Ўша вақтларда уйландим, Aллоҳ таоло бир солиҳа жуфти ҳалол насиб этди. Aллоҳ таоло Қуръони каримда "Ва амма биниъмати роббика фаҳаддис", яъни сизга берган неъматларимни эсланг, гапиринг" деб айтади. Aллоҳ таоло кўп неъматлар берди, шулардан фарзанд неъмати бир қизимиз бор, иккита ўғлимиз бор, ҳаммалари диний тарбия олиб катта бўлишяпти, қизимиз ҳам аҳли Қуръон бўлди, ўғилларимиз динни, Қуръонни яхши кўришади, диний илмларни яхши кўришади, Аллоҳга шукур

Рустамжон Домлаning rasmi.

– Етим ва боқувчисини йўқотган болалар билан боғлиқ хайрия акциясини уюштиришингизга нима туртки бўлди, бу ишлар қандай бошланди?

— Бир опамиз бир оз маблағ бериб: “Шу масжид атрофида бўлган муҳтож одамларга тарқатсангиз, домла”, дедилар. Шу баҳона муҳтож оилаларни излаб 3-4 жойга борсак, бир жойда етим болалар бор экан. Уларнинг ҳаётини ўргансам, бири биридан аҳволи оғирроқ, аламлироқ экан. Эркаги бор хонадоннинг ҳаёти унчалик оғир бўлмайди, чунки уларнинг ишонган боғи, суянган тоғи бўлар экан. Шундан бошланди бу ишларимиз... Масжид жамоатида савдогар борми, деҳқончилик билан шуғулланадими, хуллас калом, яхши-яхши йигитлар атрофимга йиғилиб, улар билан бамаслаҳат етим болаларга ёрдам қиладиган бўлдик. Масжиддаги фаолиятимиз пайтидан фойдаланиб қолайлик деб, амри маъруф қилганда одамларимизни хайру саховатга даъват қилиб, қизиқтириб бордик. Aлҳамдуллилаҳ, саховатли кишиларимиз кўп, бу ишлар давомли бўлиб келяпти. Ҳалиги аёл ҳақида эсладиму биринчи бошлаб берган аёл, доим хаёлимда туради. Унга: “Сиз шу ишларга шериксиз, Aллоҳдан умидни кўп қилинг, дейман. У опамиз: “Домла, бу камлик қилади”, дейдилар. Ишонсангиз, эркак кишилар беролмайдиган пулларни берадилар. Aллоҳ саломат қилсин, фарзандлари диндор, фазлли бўлсин.

– Домла, яхшиликлардан, хайрли ишлардан илҳомланиш бор гап. Сизнинг ишларингиздан ибрат олиб, сизга ҳавас қилиб, ўз ҳудудларидаги етим ва боқувчисини йўқотган болаларга ғамхўрлик қилаётган, уларнинг нафақаларидан хабар оладиган яхши инсонлар кўпайиб бораётган экан, шу тўғрими?

– Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда қилаётган ишларимиз ёритиб борилади, буни  кўриб бошқа жойлардаям шу ҳаракатлар бошланяпти, шунда жудаям хурсанд бўлиб кетаман. Мана Хоразмда, Сурхондарёда, Тошкентда, Фарғонада, Наманганда, Aндижонда ва бошқа жойларда шу каби хайрли ишлар қилиняпти. Биз бу хайриялар билан Фарҳодга ўхшаб тоғни ёриб, нариги томонга ўтиб кетолмасак ҳам, яъни бу юртда етим болаларни, қаровсиз болаларнинг муаммоларини тугатиб юбора олмасак ҳам, яхши ишни бошладик. Жаннатга йўл юряпмиз, жаннат томон ҳаракат бошланган. Битта одам озгина ҳисса қўшса ҳам суюниб кетавераман.

Яқинда шогирдларимиз бир ташаббус қилишди: “Ойнадан қутича тайёрлатиб, катта-катта дўконларга қўйсак, одамлар етим болалар учун ёки Оққўрғон масжидининг болаларига ҳадя, деб ёзиб қўйсак”, дейишди. Aввалига кўнмадим, бунга эҳтиёж йўқ дедим. Чунки ҳозир 350 тадан ошиқ болаларимиз бор, озиқ-овқат билан юз фоиз таъминланган, Алҳамдулиллаҳ. Ҳамма боланинг отаси бор, биз болаларни оталиққа таклиф қиламиз, етим болага кафил бўлинг, деймиз. Кафиллар дарров топилади, ҳаттоки хайрия учун навбатда турган саховатпеша одамларимиз бор. Мен уларга бунга эҳтиёж йўқ, дедим. Аммо хаёлимга бир гап келди: “Ўзи у қутиларга кўп пул тушмайди, аммо кўп одам қатнашади. Яъни минг сўм пул ташлаган одам ҳам шу жамоатнинг ичига кириб қолар экан”. Шундан умидвор бўлиб қолдим.

Aбу Бакр Сиддиқ  розияллоҳу анҳунинг гаплари доим эсимда тураверади: "Эй Роббим, Қиёмат кунида менга бир катта жасад бергин, мен шунчалар катта бўлайки, дўзахга мендан бошқаси сиғмай қолсин", деган эканлар. Ҳаммамизнинг дардимиз, ғамимиз мусулмон одам дўзахга тушмаса. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини эсланг: "Яримта ҳурмо бериб бўлса ҳам, идишингиздаги сувни бошқага қуйиб бериб бўлса ҳам дўзахдан сақланиб қолинг".

Мен шерикларимга, шогирдларимга бир нарса айтаман: одамларни динга меҳрибонлик ва муҳаббат билан чақиринглар. Aбдуллоҳ ибни Масъуд  розияллоҳу анҳунинг ишларидан таажжуб қиласиз: бу киши Куфада бўлган вақтларида бир жойдан ўтаётсалар бир йигит қўшиқ айтаётган экан. “Овози  хушлигини қаранг, қанийди шу овозлар Қуръон ўқиса”, дебдилар. Бу гап ҳалиги йигитга етиб борибди.  Шунда йигит: “Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мақтадими?” деб ўрнидан туриб кетган экан. Сўнг Aбдуллоҳ ибни Масъуднинг олдиларига бориб, ёнларида ўтириб Қуръондан таълим олган.

Бизнинг йўлимиз ҳабибимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга лойиқ уммат бўлиш ва лойиқ умматларни тайёрлаш. 

Ёшлигимда бир киши: “Қиёмат қойим бўлганда сартарошлар, одамларга уй қуриб берадиган усталардан нур чиқиб туради” деган эди. Шунда мен ҳам шу икки касбдан бирини танлашга қарор қилиб, дурадгорликни ўргандим. Бир куни устозимдан "Қиёмат кунида энг яхши одамлар аҳли илмлар бўлади" деган гапни эшитиб қолдим. Ўша кундан  илм олишнинг ишқига тушдим. Йигитларга,  қизларимизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини айтаман: "Ким дунёни хоҳласа, тижорат қилсин, ким охиратни хоҳласа, зуҳду тақво билан ибодат қилсин, ким икковини ҳам хоҳласа, илм ўқисин!"

Рустамжон Домлаning rasmi.

– Динимизда етимларга яхшилик қилишга тарғиб қилинган бўлса-да, етим асраб олган оилаларни жуда кам учратаман. Балки менда шундайдир, балки бу меҳрибонлик уйлари борлиги учундир. Сиз нима дейсиз, бугунги кунда жамиятимизда етимпарварлик қониқарли даражадами?

– Динимизда етим бола асраб олишга тарғиб қилинган. Ҳаттоки пайғамбар алайҳиссалом “Етимнинг кафили жаннатда мен билан шундай бўлади” деб иккита бармоқларини ишора қилганлари ҳақидаги ҳадис бор. Лекин кўпчилик одамларнинг хаёлида “Етим болани қаердан оламан, менга ким етим қолган болани қўлимга ушлатиб қўяди, бу иш мен учун эмас” деган тушунча шаклланиб қолган. Етим болани кафили бўлиш дегани – етим бола ўз онасининг қўлида қолсин, сиз унга ўзингизни уйингизда туриб кафил бўлинг, дегани. Емоқ-ичмоқ, ўқиши, одоб олишига кафил бўлиш дегани!

Биз ҳозир шунинг тарғиби билан чиқдик. Алҳамдулиллаҳ, жудаям кўп одамлар бизга “лаббай” деб жавоб қилишди. Ишимиз жудаям яхши кетяпти. Айниқса, тепада ҳам бир урғу берилди: одоб-ахлоқигаям жавобгар деган жойида. Биз уларга қандай одоб-ахлоқ берамиз? Бир ҳафтада бир марта бозорлик олиб борган одам қандай одоб бера олади?

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақида бир шеър бор:

Муҳаммад олди оламни хулқу ҳушдин,

Муяссар бўлмади олтин-кумушдин...

Пайғамбаримиз алайҳиссалом оламни чиройли хулқ билан олдилар. Биз болаларга чиройли муомала қиламиз. Чиройли хулқ қиламиз, минг марта гапиринг таъсири бўлмайди, сиз амалиётда кўрсатинг. Исломни, динни, гўзаллигини кўрсатинг, улар амалиётда кўрсин.

Баъзи оналар “Домла, дуо қилинг, ўғиллларим сизга ўхшаган бўлсин”, дейишади. Эри бор аёллар болани тарбиясида анча бепарво бўлади. Сабаби уни шериги бор. Қаттиққўл ота бор. Эри йўқ оналар, опалар, “болам айниб кетмасмикин, бузилиб кетмасмикин, эртага кўчага чиқиб ёмон одам бўлиб қолмасмикин, деб доим қўрқувда туради.

Имом Бухорий эсингиздами? Ёшлигида отаси вафот қилди. Бу боланинг отаси йўқ эди. Мен яхши тарбия қилолмай қоламан, деб қўрқар эди. Жуда кўп уламоларимиз шундай бўлган. Имоми Шофеийда ҳам худди шу воқеа бўлган. Онаси ҳатто муаззин намозга азон айтмасидан масжидга етаклаб олиб келиб қўяр экан.

Саволингизда ҳозирги жамиятимизда етим болаларга яхшилик қилиш қай даражада? Бу қониқарлими, дебсиз. Қониқарли деб айтишимиз қийин. Сабаби халқимиз анча вақт диндан узоқда бўлди. Тушунчалар нотўғри берилди. Мен кўп гувоҳ бўламан. Ўлган оталарнинг ака-укалари, болаларини амакилари болаларга келаётган меросдан маҳрум қилаётганини кўраман. Боболар маҳрум қилиб қўяётганини кўрамиз. Энди бегоналардан нимани кутиш мумкин?

Рустамжон Домлаning rasmi.

– Ота-онаси тирик бўла туриб, уларнинг меҳридан мосуво бўлиб қолган болалар ҳам бор. Масалан, ота ҳам, она ҳам турмуш қуриб, бола бошқа яқинлари билан қолган ёки ажрашиш туфайли ота ёки онаси билан қолган болалар. Уларга яхшилик қилганда ҳам етимга яхшилик қилгандек савоб бўладими?

— Мен бир ҳадис айтай, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: "Бир аёл чанқоқдан ўлар ҳолатга келган итга раҳми келиб, бир ипга маҳсисини  боғлаб қудуқдан сув олиб итга ичиради. Aллоҳнинг бир махлуқига ёрдам бергани учун шу аёл жаннатга киради" дейилган. Бу аёл хулқи ёмон бўлса-да, итга сув бериб жаннатга тушади. Ота-онаси ташлаб кетган, оч қолган болага яхшилик қилган одам ундан кам хайр қилдими?! (Йўқ, албатта)

— Домла, маҳрам-номаҳрам масалаларини тушунган кишилар эмизиш ёшидан ўтган қизларни асраб олишдан тийилади. Сабаби қиз вояга етганда ўгай ота билан муомалаларида бироз машаққат юзага келиши мумкин. Шунинг учун қизларни фақат эмизиш ёши вақтида асраб олган афзал экан-да, тўғрими?

— Кейинги саволда ҳақиқатдан ҳам шундай кўпчиликни ўйлантираётган нарса – маҳрамлик масаласи ҳам бор. Қиз болани асраб олишлик эмас, унга яхшилик қилинсин, кафили бўлинсин, у бола ўзининг маҳрами қўлида қолаверсин. Агар бутунлай ҳеч кими бўлмаса-ю сизда шунга имконият бўлса, албатта, у қиз болами, ўғил болами, олинг. Бизнинг халқимизда етим бола асраб олганларнинг “катта бўлса менга қарайди, қариганимда белимга таянч бўлади” деган мақсади бор. Энг аввало мақсадни тўғирлаш керак, мақсад эса – Aллоҳнинг розилиги. Aгар шу мақсад бўлса, етим болани уйга келиб асраб олган одам уни турмушга бериб ёки уйлагандан кейин бутунлай уни ўзини ҳаётига қўйиб юборади. Болам менинг мақсадим сени тўғри йўлга йўллаб қўйиш эди, энди яна ёрдам сўрасанг бераман, энди сен ўзингнинг ҳаётинг билан юргин, деб қўйиб юборади. У боладан бошқа умид қилмайди.

— Асраб олинган фарзанднинг меросдан улуши борми ёки йўқми?

— Мерос ҳақида сўрадингиз буни энди фиқҳий масала буни энди фақиҳлар жавоб берсалар яхши бўлар эди. Сўзимнинг охирида мен энг яхши кўрган, доим хаёлимга келтириб юрган гапимни айтиб берай, Фаридиддин Aтторнинг ажойиб ғазаллари бор:

Ҳарки хандонат ятими хастаро

Боз орад жаннати сарбастаро.

Ҳар қандай одамки, яхшими-ёмонми, қанақа одам бўлсин, етим болани кулдира олса, унинг учун ёпилиб қолган жаннат эшиклари очилиб кетади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Мерос тақсимига узоқ қариндошлар, етимлар ва мискин (бечораҳол)лар ҳозир бўлсалар, уларни ҳам у (мерос)дан баҳраманд қилиб, уларга яхши гапирингиз!» (Нисо, 8)

Рустамжон Домлаning rasmi.

– Домла, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, Аллоҳ қилаётган хайрли ишларингизда ёр ва ёрдамчи бўлсин!

Сизнинг қаватингизга кириб, савобли ишларингизда ўз ҳимматларини аямаётган саховатли кишиларимизни ҳам дунёю охиратда баланд даражотлар билан сийласин! Уларнинг авлодларидан ҳам элу юрт хизматини қиладиган, солиҳ ва солиҳа, қори ва қориялар етишиб чиқсин...

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Менга ёлғончи онам керак

1947 14:00 21.06.2020

Сурия: набираларига ҳам оталик, ҳам оналик қилаётган буви

743 16:40 09.05.2020

Етимнинг бошини силаган киши...

1050 08:30 23.04.2020

“Эҳ, бу ўзбеклар қанақа халқ...”

7068 08:05 01.01.2020

Етимпарварлик – улуғ фазилат

651 22:00 15.06.2019
« Орқага