Рўза тутмасликка узри борлар кимлар?

17:04 16.05.2019 821

Мусофирлик. Мусофир сафари давомида қийналса-қийналмаса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин. Лекин сафари давомида қийинчилик бўлмаса, рўза тутиши фазилатдир. Рамазон ойи рўзасини ният қилгач, сафарга чиққан киши рўзасини очмаслиги зарур. Агар мусофир юртига кундузи кириб борадиган ё муқим бўладиган бўлса, ўша куни рўза тутиши керак. Агар ўша куни рўза тутмаса, қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожиб бўлади.

Касаллик. Касал киши дардининг зўрайишидан ё чўзилишидан қўрқса, Рамазон рўзасини тутмаса бўлади. Рўза тутган бўлса дарди кучайгач, рўзасини очиб юборса, унга каффорат лозим бўлмайди. Агар касал кундузи соғайиб қолса, ўша куни ифтор вақтигача емай-ичмай туриши лозим.

Ҳомиладорлик ва эмизикли бўлиш. Ҳомилали ва эмизикли аёл рўза тутса, ўзи ё боласи қийналса, Рамазон рўзасини тутмаслиги мумкин.

Ҳайз ва нифос. Ҳайз ва нифос ҳолатида бўлган аёллар рўза тутишлари мумкин эмас. Рўзадор аёл ҳайз кўриб қолса ё кўзи ёриб нифос қонини кўрса, рўзасини очади. Ҳайз ё нифос қонидан тонг отганидан кейин тоза бўлган аёл ўша куни рўза тутмайди, лекин оғиз очишгача емай-ичмай туриши вожибдир.

Қарилик. Чол ва кампир, агар Рамазон рўзасини тутишга қуввати етмаса, тутмайди ва Рамазоннинг ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида фидя беради. Аммо Рамазон ўтганидан сўнг қувватга кириб қолишса, Рамазон рўзасини қазо қилиб тутиб беришлари керак.

Мусофир муқим бўлгач, касал тузалгач, ҳомиладор ва эмизикли аёл зарар хавфи йўқолгач, ҳайз ё нифосдаги аёл тоза бўлгач Рамазон рўзасидан тутмаган кунларининг қазосини тутиб беришлари лозимдир.

********

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг ундан) бошқа ҳеч ким кирмайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий).

Барча ибодатлар каби Рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади. Шунинг учун унга тааллуқли масалаларни билиб олиш керак бўлади.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!