Рўза улкан ахлоқ мактабидир

01:00 20.05.2018 617

«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этади. Шоядки, тақво қилсалар». Эътибор берсак, рўза ҳақидаги оятлар мажмуасининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди мана шу охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Рўзанинг сон-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.

Рамазон ойида рўза тутиш оқил, болиғ ва бошқа шартларни ўзида мужассам қилган ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Рўза тутиш фарз қилинишининг ҳикматлари эса жуда кўпдир. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз.

1. Рўза Аллоҳ таолога қилинадиган тоат-ибодатдир. Рўза тутган банда ҳад-ҳисобсиз ажру савобларга эга бўлади. Бу ибодатни адо этган банда жаннатга «Райён» деб аталадиган алоҳида эшикдан кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

2. Рўза улкан ахлоқ мактабидир. Рўза туфайли мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. У рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга ҳам малака ҳосил қилади.

3. Рўза тутиш орқали мўмин киши омонатга хиёнат қилмаслик ҳамда махфий ва ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини ҳис қилишни ўрганади.

4. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар ҳам ушбу ҳақиқатни доимий равишда такрорлаб келишган. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи инсон ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади. Шу билан бирга, бу ҳикматни тарғиб қилувчилар сирасига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутган инсонда Аллоҳ таолодан қўрқиш, У Зотни доимо ҳис этиб туриш, яъни тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги кунда оч қолдириш йўли билан даволаётган табибларнинг энг машҳурлари ичида бирорта мусулмон шифокор йўқ. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Ийсо алайҳиссалом кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.

5. Рўзанинг энг машҳур ҳикматларидан бири рўзадорга ато этиладиган соғликдир. Ҳозирда рўза тутиш айнан соғлик учун ниҳоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолишни кўп ва хўб тарғиб қилмоқдалар. Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки касалликларни даволаш учун ҳам ниҳоятда зарурлиги таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлардаги табиблар очлик, яъни рўза тутиш йўли билан даволамоқдалар.

Яқинда рус олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижалар кишини ҳайратда қолдирадиган даражада муваффақиятли. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар. Рўза турли касалликларга шифо бўлиши билан бирга, киши баданидаги тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади. Зеҳни ўткирлашиб, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади.

6. Рўзанинг фойдаларидан бири ҳавойи нафсни синдиришдир. Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавойи нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавойи нафс эса инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний нарсалар ва ҳавойи нафси тилаб турган бошқа нарсалардан ўзини тийиш билан ҳавойи нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди. Ҳавойи нафсини жиловлаб олади.

7. Рўзанинг фойдаларидан бири шайтонга қаҳр кўрсатишидир. Маълумки, лаънати шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон боласи ёмонликка юрса, шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Инсон боласи яхшиликка юрса, Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтирса, шайтони лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан шундай ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳ таолога тақво қилиши билан шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

8. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлишидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Доимий равишда Аллоҳ таолони Унинг азаматини, қудратини ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Қалбига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши кўп ҳолларда ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан. Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа, рўза тутсин.

9. Рўза тутган кишининг рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир.

10. Рўза тутган киши ўз рўзаси билан фаришталарга хос сифатларга эга бўлади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмаслик билан доимо тоатда бўлиш фаришталаргагина хос сифатдир. Рўза тутган инсон рўза туфайли ана шу сифатларга эга бўлади. Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.

11. Ўз ихтиёри билан ўттиз кун кўнгли хоҳлаган турли нарсалардан ўзини тийган киши керагича сабр-бардошга эга бўлади. Демак, ким сабр-бардошли бўлмоқчи бўлса, рўза тутсин.

12. Рўзанинг фойдаларидан бири рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашдир. Рўза тутган киши, ўз ихтиёри билан оч қолиб, чанқаб кўнгил хоҳлайдиган турли нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиб бир ойни ўтказгач, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатадиган бўлади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади. Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.

13. Рўза инсоннинг иродасини, қатъиятини мустаҳкамлайди. Рўза тутадиган кишининг зеҳни ўткирлашиб, фикри ёрқинлашади, аниқ ҳамда тўғри қарорлар қабул қиладиган бўлади.

14. Рўза инсонни тартиб-интизомга ўргатади, чунки рўза тутадиган киши вақтида саҳарлик қилиб, вақтида ифторлик қилишга одатланади.

Ушбу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи фойдалари, холос. Рўзанинг бу дунёдаги бошқа фойдаларини санаб ўтирсак гап чўзилиб кетиши мумкин, бошқа китобларда бу ҳақда батафсил маълумотлар берилган. Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда кўп.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ

(Мўминнинг қалқони китобидан)

 

Манба: islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!