Рўза ўзини тийишдир

10:00 10.05.2019 424


“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз.” (“Бақара” сураси, 185-оят)

Рамазон — ҳар йилда бир бизга аслида ким эканлигимизни эслатадиган раҳмат ва баракот ойидир.  Аллоҳ ҳақ ва субҳонаҳу таолога ҳамду санолар бўлсинки, айни дамда ушбу ойнинг фазилатларидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Уйимизга меҳмон келганида, уни қутлаб, хуш кўриб бош тожи қилганимиздек, Роббимиз бизга ҳадя ўлароқ тақдим этган бу ойни муносиб равишда кутиб-кузатиш насиб этсин.  Зеро бу ой одатий ойлардан эмас, бу ойда қозонилган савоблар ҳам оддий савоб эмас. Аллоҳ таоло: “Бандам мен учун еб-ичиш ва шаҳватини тарк этди. Рўза мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман” дея марҳамат қилади.

Рўза араб тилида “Совм” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси мутлақо бирор нарсадан ўзини тийиб туриш демакдир. Шаръий истилоҳда эса ният қилиб, тонг отгандан кун ботгунча еб-ичиш ва рафиқасига яқинлик қилишдан тийилиб туришга рўза дейилади.

“Рўза” сўзи бизга форс тилидан ўтган бўлиб, луғатда кун, кундалик, ризқ-рўз маъноларини билдиради. Яъни, Рамазон ойининг кундузи махсус ибодат қилинади, шу билан бирга бу ойда ризқ-рўз кенг бўлади. Қуръони Каримда: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.” дея марҳамат қилинади. (“Бақара” сураси, 183-оят)
Рамазон ойи василаси билан тутилган бир ойлик рўза аслида нафснинг риёзатидир. Нафсга сукутни, сабрни, кутишни болани тарбиялагандек ўргатмоқдир рўза. Чунки нафснинг энг заиф жиҳати — очликдир. Инсон нафсини очлик билан тарбия этолса, кўп нарсанинг ҳикмат калтини қўлга киритади. Зотан, тўқлик — йўқликдир.

Абу Сулаймон Дороний шундай дейди:

“Ким ҳаддан ортиқ тўйса, олти офат бошига келади:

  1. Муножот лаззатидан маҳрумлик;
  2. Ҳикмат муҳофазаси қийинлашиши;
  3. Яратилганларга нисбатан шафқатдан маҳрумлик. Чунки ҳаммани ўзидай тўқ санайди.
  4. Ибодатларда танбаллик ҳис қилади, қийналади.
  5. Шаҳвати ортади.
  6. Мўминлар масжидларга шошса, у ҳожатхонага шошади.

Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турмуш тарзларига қараганимизда, бутун умрлари “совм”да кечганини кўрамиз.  Биз рўзамиз нуқсонли бўлиб қолмасин дея, бир ой давомида нафсимиз билан курашамиз. Ҳар доим йўл қўйганимиз майда-чуйда (!) гуноҳлардан тийилишга ҳаракат қиламиз. Ҳайит билан бирга нафсимиз рўза қалқонини синдириб ташлайди ва ўн бир ой давомида бизни оташга судрайди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан сўнг шаввол ойида олти кун рўза тутиш билан ва ундан кейин ҳар ҳафтанинг душанба, пайшанбасида рўзадор юриш билан бизга нафснинг ҳавасларини синдириш йўлларини кўрсатиб қўйганлар. Бу билан аслида бир умр Рамазонда яшагандек умргузаронлик қилишни бизга ҳол тили билан амалда кўрсатиб, нафсни интизомга чақириш бир ойлик иш эмаслигини ўз ҳаётлари мисолида исботлаганлар.

Ислом буюрган, савоб олинадиган, рўзадорга мағфират ва жаннат эшикларини очадиган ҳақиқий рўза овқатдан, ичимликдан ва аёлларга яқинлик қилишдан ўзини тийишгина эмас. Баъзи одамлар касалликдан парҳез қилиш мақсадида ёки соғликни тиклаш учун ёки зулмга қаршилик маъносида ёки маросимларга бўйин эгиб ёки урф-одатларга эргашиб ёки шунга ўхшаш мақсадларда рўза тутишади. Лекин Ислом буларнинг барчасига "тош босадиган амал", деб қарамайди. Ислом мезонидаги эътиборли рўза, иймон билан савоб умидида, яъни Аллоҳнинг ваъдасини тасдиқлаб, Аллоҳ ҳузуридаги нарсани талабида тутилган рўзадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўза билан боғлиқ, рўзга ташвиқ этувчи кўп ҳадислар ривоят қилинган. Улардан бири шундай:

“Рўза қалқондир. Сизлардан бирингиз рўзадор ҳолатида фаҳш сўзларни айтмасин, тортишиб, урушмасин. Агар кимдир у билан тортишмоқчи бўлса “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Аллоҳга қасам бўлсини, рўзадорнинг оғзидан келадиган  ҳид, Аллоҳ наздида мушки анбар ҳидидан яхшироқдир”. Яна бир ҳадисда рўзадорни севинч кутаётганига ишора қиладилар:

“Рўзадор учун икки севинч бор — биринчиси рўзасини очаётганда севинади, иккинчиси Аллоҳ ҳузурида севинади.”

Бу ҳадислардан англашиладики, рўза нафснинг ҳавойи ҳавасларга қарши қалқонидир. Рўзадор киши фақат Аллоҳ розилиги учун Жаннатнинг “Раййан” эшигидан эшигидан киришга тайёрланади.

Рамазон ойидан бошқа пайтларда дунё ҳавасларига берилиб, кимга банда эканимизнинг унутиб қўйган чоғларимиз, афасуски, оз эмас. Ҳолбуки, рўзадорликда Аллоҳнинг Расули соллалоҳу алайҳи васаллам буюрганларидек “Қиёматнинг очлик ва ташналигини эслаб”, йўқсил ва муҳтожларнинг ҳолини бевосита ҳис қилиб, ифтор даъватларида руҳий ҳаловатга эришиш билан маънавий такомилда илгарилаймиз. Қолаверса, рўза жамоат, бирдамлик, ҳамжиҳатлик қарашларини ҳам қувватлайди, жамоат ўлароқ ибодат қилишнинг маънавий иқлими ҳатто рўза тутмаган кишиларни ҳам мутаассир этади.

Рамазон ойини мана шундай қарашларда қаршилаб, муносиб равишда адо этиб, кузатсак, ҳатто хаёлимизга келмаган яхшиликларга ҳам дунёда ва ҳам охиратда сазовор бўламиз, бизнииллаҳ. Йўқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, Аллоҳ бизнинг очу ташналигимизга муҳтож эмас. Рамазон рўзаси нафсимизни имтиҳон қилувчи восита ва марҳаматли Роббимизнинг розилигига эришиш учун кўприкдир.

Саҳарликда уйқумизни тарк этиб ёзган дастурхонларимизга жаннат неъматларига қарагандек қараш,  Қуръон қироатини Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламдан тинглаётгандек эшитиш, жисмимиз орқали юз берадиган нохуш ишлардан сақланиш, шомда ифтордан аввал Набий алайҳисалломнинг бир дона хурмо билан ифторлик қилганларини тафаккур қилиб, хуфтондан кейин таровеҳни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ортларидан жамоатга тизилгандай адо этиб, хайр ва баракотга тўла Рамазонда яшаш саодатини тилаб

Умида Азиз

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!