Рўзадаги баъзи ҳукмлар (Енгил фиқҳ)

14:15 28.08.2019 148

Киши Рамазонда касал бўлса, агар рўза тутса касали ортишидан қўрқса, рўза тутмайди ва уни қазо қилади. Агар мусофир бўлса ва рўза унга зарар бермаса, рўза тутгани афзал ва рўза тутмаслиги ҳам жоиз. Касал ёки мусофир ўша ҳолларида вафот этишса, уларга қазони тутиш лозим бўлмайди.

Агар касал тузалса ва мусофир муқим бўлса, сўнг вафот этса, соғломлик ва муқимликлари қадар қазо лозим бўлади. Яъни таомлантиришни васият қилади.

Рамазоннинг қазосини хоҳласа бўлиб, хоҳласа узлуксиз тутаверади. Агар уни кечиктирса ва бошқа Рамазон кириб келса, иккинчи Рамазон рўзасини тутади. Биринчисини эса ундан кейин қазо қилади. Бу иши учун фидя тўламайди. 

Ҳомиладор ва эмизиклилар агар ўзлари ё болалари учун хавфда бўлсалар, рўза тутмай, уни қазо қиладилар. Бу ишлари учун каффорат ҳам, фидя ҳам йўқдир.

Рўза тутишга қодир бўлмаган шайхи фоний (фоний дунёга ўтиши яқинлашиб қолгани учун шундай номланган) рўза тутмайди ва ҳар бир куни учун каффоратда таомлантирилганидек бир мискинни тўйдиради.

Киши вафот этганда унинг Рамазон қазоси бўлса ва уни васият этган бўлса, унинг номидан валийси таом беради. Бу ҳар бир кун учун мискинга ярим соъ буғдой, ёки бир соъ хурмо ёки арпа миқдорида бўлади. Валийси унинг ўрнига рўза тутмайди ва намоз ўқимайди.

Ким нафл намозга ёки нафл рўзага киришса, сўнг бузса, уларнинг қазосини адо қилади.

Агар Рамазон ичида бола балоғатга етса ёки кофир мусулмон бўлса, куннинг қолган қисмида овқат еймайди. Агар ўша куни рўза тутмаса, уни қазо қилмайди ва бундан кейинги кунлар рўзасини тутади. Ўша ва ундан олдинги кунларнинг қазоси тутилмайди.

Агар мусофир рўза тутмасликни қасд қилган бўлса, сўнг заволдан олдин шаҳарга келиб, рўзани ният қилса, бу иши жоиз бўлади. Агар бу ҳолат Рамазонда бўлса, унинг рўза тутиши вожиб бўлади.

Киши Рамазонда ҳушидан кетса, беҳушлик юзага келган кун рўзасини қазо қилмайди, балки кейинги кунлар рўзасини қазо қилади. Агар Рамазоннинг биринчи кечаси ҳушидан кетса, ўша кечадан бошқа унинг ҳаммасини қазо қилади. Киши Рамазонинг ҳаммасида беҳуш бўлса, ҳаммасининг қазосини тутади.

Рамазоннинг ҳаммасида жинни бўлган, қазо тутмайди. Агар жинни унинг маълум қисмида ўзига келса, ўтган қисмини қазо қилади.

Ким Рамазоннинг ҳаммасини ё рўзага ё рўзасизликка ният қилмаса, бу одам унинг ҳаммасини қазо қилади. Киши рўзани ният қилмай тонг оттирса, сўнг овқатланса, бу одамга каффорат лозим бўлмайди, фақат қазо тутади.

Агар аёл киши ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзини очади ва қазо қилади. Агар мусофир сафардан қайтиб ёки ҳайзли аёл пок бўлиб қолса, куннинг қолганида ейиш-ичишдан тийилишади.

Агар ҳали тонг отмади, деб ўйлаб саҳарлик қилаверса, аслида тонг отган бўлса ёки қуёш ботди, деб ўйлаб ифторлик қилсаю, аслида ботмаган бўлса, куннинг қолганида емай туради. Бу одамга қазо вожиб бўлади, каффорат эмас.

Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Уни тонг отгунга қадар кечиктириш ҳам мустаҳабдир. Аммо тонг тўғрисида шубҳага борадиган бўлса, емоқни тўхтатгани афзалдир. Агар шу ҳолда ҳам еса, рўзаси комилдир. Агар тонг отгани унга маълум бўлса, каффорат вожиб эмас.

Агар қуёшнинг ботгани ҳақида шубҳага борса, оғзини очиш ҳалол бўлмайди. Агар еб қўйса, қазосини тутади.

Киши Рамазонда унутган ҳолда еб қўйса ва бу ишим рўзамни бузди, деб ўйлаб у ёғига қасддан овқатланса, қазо вожиб бўлади, каффорат эмас.

Агар қон олдирса ва буни рўзасини бузади, деб ўйлаб, бундан кейин қасддан еса, бунга қазо ва каффорат вожиб бўлади. Ғийбат қилгандан кейин қасддан овқатланса, ҳар қандай ҳолда (ғийбат рўзани бузади, деб ўйлаган бўлса, ёки бирор киши “Ғийбат рўзани очади”, деб фатво берган бўлса, ёхуд ҳадисни “рўзани бузади”, деб таъвил қилган бўлса, буларнинг барчасида юқоридаги ҳукм бўлади) қазо ва каффорат вожиб бўлади.

Уйқудаги аёл ёки мажнуна билан рўзадалик ҳолида жимо қилинса, икковигаям қазо вожиб бўлади, каффорат эмас.

"Енгил фиқҳ" китоби

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!