Рўзадордан талаб этиладиган ишлар (2-қисм)

00:00 18.05.2019 634

2 – Таровиҳ намози. Унинг ҳукми Рамазон тунларида суннати муаккададир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Рамазонда иймон ва савоб умидида қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Рамазон тунида қойим бўлишни “таровиҳ намози” дейилади. Таровиҳ – истироҳат маъносида бўлиб, ҳар тўрт ракатдан кейин дам олиш мустаҳаб бўлгани учун шундай номланган.

Уни адо этиш кўриниши қуйидагича: Таровиҳ намозини масжидда адо қилиш афзал. Ким уни ёлғиз ўқиса, масжидда, жамоат билан ўқиш суннатини тарк этгани учун нотўғри иш қилган бўлади. Имом Молик Муваттоларида Абдурраҳмон ибн Абдулқоридан қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Мен Умар ибн Хаттоб билан бирга масжидга чиқдим. Одамлар унда-бунда тарқоқ эдилар. Бир одам ўзи намоз ўқир, бошқа одам ҳам ўқир ва жамоат унинг намозини ўқирди. Шунда Умар: “Аллоҳга қасамки, анавиларни битта қорига жамлашни маъқул деб кўряпман”, дедиларда, уларни Убай ибн Каъбга тўплаб бердилар”. Абдураҳмон айтадилар: “У киши билан бошқа тунда ҳам чиқдим. Одамлар қориларининг намозини ўқирдилар. Шунда Умар: “Бу қандай ҳам яхши бидъат бўлди. Ундан ухлаганлар уни (кечанинг охирида) қойим қилганлардан афзалдир. Одамлар уни кечанинг аввалида қойим қилишарди”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уни жамоат билан адо этганлари собит бўлган. Сўнг жамоатни умматга меҳрибонликлари туфайли тарк этганлар. Чунки уни фарз бўлиб қолишидан қўрққанлар. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этишлари билан қўрқилган нарса имконсиз бўлгандан кейин, таровиҳда жамоат муқаррар иш эканига далолат қилади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеч масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у кишининг намозларини ўқишди (яъни у зотга эргашишди). Сўнг эртасига ҳам ўқидилар, бунда одамлар кўпайди. Сўнг улар учинчи ва тўртинчи кеча ҳам йиғилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдига чиқмадилар. Тонг отган пайтда уларга қарата: “Қилган ишларингизни кўрдим. Сизларга унинг фарз бўлиб қолишидан қўрқишдан бошқа бирор нарса мени сизларга чиқишдан маън қилмади”, дедилар. Бу Рамазонда бўлганди.

Ракатларининг сони: Таровиҳ йигирма ракат ва ўн саломдан иборатдир. Жумҳур уламонинг мазҳаби шудир. Имом Молик наздларида эса ўттиз олти ракатдир. У киши Мадина аҳлининг амалини ўзларига ҳужжат қилганлар. Жумҳурнинг далили эса имом Байҳақий саҳиҳ иснод билан Соиб ибн Язиддан ривоят қилган ҳадисдир. Соиб айтишларига кўра улар Умар замонларида йигирма ракат ўқишган. Усмон замонларида ҳам шунча ракат ўқишган.

“Муватто”да Язид ибн Равмондан қуйидагича ривоят қилинади: Одамлар Умарнинг замонларида Рамазонда йигирма уч ракат қойим бўлишарди.

“Муғний”да Алидан бир одамга Рамазонда қавмга йигирма ракат намоз ўқиб беришни буюрганлари ривоят қилинади. Ибн Равмон ривоятидаги ошиқча уч ракат витрдир. Имом Молик ўзларига ҳужжат қилган Мадина аҳлининг амали далил бўлолмайди. Чунки улар икки тарвиҳа ўртасида ёлғиз ҳолда тўрт ракатдан намоз ўқишади. Бу Макка аҳлининг ҳар икки тарвиҳа ўртасида етти шавтдан тавоф қилишлари муқобилига жорий бўлган. Бундай қилиш маън этилмаган. Чунки ҳар тўрт ракатдан кейин бўладиган тарвиҳа (дам олиш)дан мурод кутмоқдир. Намозхон бу тўғрида ихтиёрли. Агар хоҳласа сукут этган ҳолда ўтириши, ё таҳлил ё тасбиҳ айтиши ёки қироат қилиши ёки якка ҳолда нафл намоз ўқиши мумкин. Ҳарамайн аҳли одатига кўра бу кутиш мустаҳаб амалдир.

Баъзилар таровиҳ ракатлари масаласида бошқа мазҳабни тутишган, яъни саҳобалар ва фақиҳ имомлар ижмосига хилоф қилишган ва уни саккиз ракат дейишган. Уларнинг далилларига фиқҳий китобларда батафсил жавоб берилган.

Таровиҳдаги қироат миқдори: Имом таровиҳда ортида эргашган намозхонларни қочириб юбормайдиган миқдорда қироат қилади. Шунинг учун имом ортидаги намозхонларнинг ҳолидан хабардор бўлиши керак. Агар улар эринмасалар ҳар ракатда ўн оят ўқиган афзал. Чунки бу билан суннат ҳосил бўлади. Яъни суннат таровиҳда Қуръони каримни бир марта хатм қилмоқдир.

Ҳар жуфтликнинг биринчи ракатида сано ўқишни тарк этмайди. Ташаҳҳуд ўқиб бўлгач қарайди, агар қавмга оғир келганини билса, “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад”ни ўзини ўқийди. Сўнг салом беради. Чунки Иброҳимий салавотнинг ана шунча миқдори билан суннат адо бўлади. Агар уларнинг чарчамаганини билса, унда салавотни тўлиқ ўқийди.

Таровиҳнинг вақти: Унинг вақти хуфтон намозини ўқиб бўлгандан кейиндир. Ундан олдин ўқиш жоиз эмас. Чунки у хуфтондан кейин ўқиш суннат бўлган нафл намоздир. Шундай бўлгач у хуфтонга эргашиши лозим. Витрдан олдин ўқиган афзал. Уни кечанинг иккинчи ярмигача кечиктириш макруҳ эмас. Илло кечиктириш уни жамоат билан ўқишдан маҳрум этадиган бўлса макруҳдир. Чунки таровиҳни жамоат билан ўқиш афзалдир.

Мулоҳаза: Рамазондан бошқа пайт витрни жамоат билан ўқиш макруҳ ҳисобланади. Витрни кечанинг охирида ўқишни яхши кўрадиган кишидан бошқалар учун уни Рамазонда жамоат билан ўқиш афзалдир. Витрга кечиккан одам имом билан қунут ўқийди. Ундан кейин қунут ўқимайди. Муқтадий ҳам, имом ҳам қунут дуосини ичида ўқийди.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!