Рўзадордан талаб этиладиган ишлар (3-қисм)

00:00 21.05.2019 551

Эътикофнинг ҳукми ва машруълиги

Рамазоннинг охирги кунларида эътикоф ўтириш таъкидланган суннатдир. Бошқа пайт эса мустаҳаб ва назр қилинган бўлса, вожибдир.

Унинг машруъ бўлиш далили шулки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага киргандан бошлаб, то Аллоҳ таборака ва таоло вафот эттиргунча эътикоф ўтиришни тарк этмаганлар. Лекин у зот алайҳиссалом эътикоф ўтирмаган кишиларга танбеҳ бермаганлар. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий эътикоф қилишлари унинг вожиблигига далолат этмайди. “Саҳиҳайн”да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам то Аллоҳ азза ва жалла вафот эттиргунча Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. Сўнг у зотдан сўнг аёллари эътикоф ўтиришди.

Яна “Саҳиҳайн”да келишича, Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Охирги ўн кунлик кириши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунни эҳё қилар, аҳлларини уйғотар, (ибодатга) белни маҳкам боғлаб жидди-жаҳд этардилар. Бошқа пайт қилмаган ҳаракатларини охирги ўн кунликда қилардилар. Ва: “Лайлатул-қадр”ни охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидан изланглар”, дердилар.

Таърифи: Эътикоф луғатда бир нарсада туриш ва давом этиш маъносини англатади. Шариатда эса, беш маҳал намозни жамоат билан ўқиладиган масжидда ибодат нияти билан туришдир. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ҳар қандай масжидда эътикоф ўтириш жоиз дейишган. Баъзилар шу қавлни ихтиёр этишган. Чунки бизнинг замонимизда шу енгил йўлдир. Ибн Обидийн айтганларидек, шу қавлга амал қилинади. Аёл киши ўз уйида намоз учун тайёрлаб қўйилган жойда эътикоф ўтиради. Унинг масжидда эътикоф ўтириши танзиҳий макруҳдир.

Фойдалари: Эътикофдаги киши эътикоф муддатида ўзини Парвардигори ибодатига бағишлайди. Вақтини фарз намозларни кутиб, илм ва зикр мажлисларида қатнашиб, ҳамда Қуръони карим ўқиш ва тунларини қойим бўлиш билан ўтказади. Шояд шунда бир кечаси минг кечага тўғри келадиган Лайлатул-қадрга шоҳид бўлса.

Эътикофда шунингдек улкан руҳий фойдалар бор. Зеро унда қалб дунё ишлари ва ғам-ташвишларидан фориғ бўлади. Нафс дунё муаммолари чарчоқларидан бироз тин олади. Мавло субҳанаҳунинг ибодатига юз бурадики, бу билан эътикофдаги киши руҳий ва нафсоний ҳордиқ онларини ўтказади. Унинг кўнгли хотиржам бўлади, асаблари тинчланади ва руҳи таскин топади. Қалби Аллоҳнинг зикридан ором топади. “Аё, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором топмасми?” (“Раъд” сураси, 28-оят).

Эътикофни фасод қиладиган ишлар: Эътикофни шаръий ҳожатсиз масжиддан чиқиш бузади. Шаръий ҳожатга жума намозига бориш кабилар мисол бўлади. Шунингдек, табиий эҳтиёжи бўлмаган ҳолда чиқсаям эътикоф бузилади. Масжидда ҳожатхона ва ғуслхона йўқлиги учун ҳожатхонага бориш, иҳтилом жунублигига ғусл қилиш кабиларга чиқиш табиий эҳтиёж учун чиқиш ҳисобланади ва эътикоф бузилмайди. Яна зарурий ҳожат бўлмаса ҳам чиқиш мумкин эмас. Зарурий ҳожатга масжиднинг бузилиб кетиши, ўзи ёки мулкига нисбатан хавфнинг пайдо бўлиши кабилар киради.

Айтилган бу ҳожатларга мажбур бўлмаган ҳолатда масжиддан чиқса назр қилинган эътикоф фосид бўлади, мустаҳаб ва суннат бўлганлари эса тугайди.

Мулоҳаза: Назр эътикоф саҳиҳ бўлиши учун ният шарт. Агар бир неча кун эътикоф ўтираман, деб назр қилган бўлса, рўзалари билан узлуксиз вожиб бўлади.

 

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!