Рўзадордан талаб этиладиган ишлар (6-мақола)

19:20 30.05.2018 625

Оғиз очиш пайтидаги дуо
Рўзадорга оғиз очиш пайтида дуо қилиш мустаҳаб ишдир. Чунки рўзадор дуоси мустажоб киши саналади, хусусан оғиз очар пайтда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуолари қайтарилмайди: “Рўзадор оғиз очаётган пайтда, адолатли раҳбар ва мазлумнинг дуосики, Аллоҳ уни булутлар устига кўтаради, унга осмон эшикларини очади. Парвардигор: “Иззатим ва Жалолимга қасамки, озгина вақтдан кейин бўлса ҳам, сенга албатта нусрат бераман!” дейди”.
Маъсур (асарларда келган) дуоларни қилиш мустаҳабдир. Улардан: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва алайка таваккалту ва ала ризқика афтарту. Заҳабаз зомау вабталлатил уруқу ва сабатал ажр инша Аллоҳ”, Яъни “Аллоҳим, Сенинг учун рўза тутдим. Ва Сенга иймон келтирдим. Ва ризқингга оғиз очдим. Сувсаш кетди ва томирлар ҳўлланди. Худо хоҳласа ажр ҳам собит бўлди”.
Абу Довуднинг “Сунан”ларида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очган пайтларида: “Сувсаш кетди ва томирлар ҳўлланди. Худо хоҳласа ажр ҳам собит бўлди”, дер эдилар. Мазкур “Сунан”да Муоз ибн Заҳрадан ривоят қилинган ҳадис ҳам бор. Муозга етиб келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очган пайтларида: “Аллоҳим Сен учун рўза тутдим ва ризқингга ифтор қилдим”, дер эдилар.
Байҳақий Ибн Абу Мулайкадан, у киши эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қилишларича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта рўзадорнинг оғиз очар пайтида қайтарилмайдиган дуоси бўлади”. Мен оғиз очар пайти Абдуллоҳнинг: “Аллоҳумма инний асъалука бироҳматикаллатий васиъат кулла шайъин ан тағфиро лий”, яъни “Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсани сиғдирган раҳматинг билан мени мағфират қилишингни сўрайман”, дедилар.
Маълумки, дуонинг аввали, ўртаси ва охирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш дуонинг одобидан саналади.

 

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!