Рўзадорга қачон каффорат лозим бўлади?

21:00 11.05.2019 708

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг расули!» деди. У зот: «Сени нима ҳалок қилди?» дедилар. У: «Рамазонда жуфтим ила жуфтлашдим», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом «Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.

У: «Йўқ», деди. «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У: «Йўқ», деди. Сарвари коинот: «Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар. У: «Йўқ», деди.

Сўнгра у кутиб ўтирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга): «Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.

У киши бундай деди: «Эй Аллоҳнинг расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: «Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бир қул озод қилиш, қул тополмаса, олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, бунга ярамаса, олтмиш камбағални тўйдириш бу рўзани қасддан бузишнинг каффоратидир.

Қуйидаги ҳолларда бир кунига бир кун ва каффорат лозим бўлади:

  1. Рамазон рўзасини тутган киши қасддан бирор нарса еса;

  2. Жуфти билан жуфтлашса:

  3. Қон олдириш, аёлни ушлаш каби рўзани бузмайдиган ишларни қилиб, рўзам бузилди деб, еса ё ичса;

  4. Таом ва ичимликдан ташқари ток барги,гиёҳлар каби ейиладиган нарсаларни истеъмол қилса;

  5. Сафар ниятида уйидан чиққан киши бирор сабаб билан уйига қайтса ва ўша ҳолатда еса;

  6. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийси тўкилса, қазо тутади.

Рўзанинг одоблари бор, уларга риоя қилиш лозим: саҳарликни кечанинг охирига қадар кечиктириш, қуёш ботиши билан оғиз очишга шошилиш, яхши амалларни кўпайтириш, агар биров сўкса, «Мен рўзадорман» деб айтиш, ўзи ҳам сўкмаслиги ва ҳоказо.

Муҳаммад Шариф ЖУМАНОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!