Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу

10:00 10.03.2018 882

“Отгин эй Саъд! Отгин! Ота – онам сенга фидо бўлсин!”

(Уҳуд кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъдни жангга рағбатлантириб айтган сўзлари)

 وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ حَمَلَتْهُ أُمُّهُ وَهْنًا عَلَى وَهْنٍ وَفِصَالُهُ فِي عَامَيْنِ أَنِ اشْكُرْ لِي وَلِوَالِدَيْكَ إِلَيَّ الْمَصِيرُ (14) وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلَى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (15)

«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир. «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир», «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсада Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (Луқмон сураси, 14-15-оятлар).

Муфассирлар ушбу оятларнинг нозил бўлиш сабабида ажойиб қиссани зикр қиладилар. Бу шундай қиссаки, унда бир-бирига қарама-қарши ҳис-туйғулар орасида ўзаро кураш бўлиб ўтади. Ўспирин йигитнинг вужудида содир бўлган бу курашда ёмонлик устидан яхшилик, куфр устидан иймон ғалаба қозонади.

Ушбу қиссанинг қаҳрамони Макка йигитлари ичида энг олийнасаб, энг обрў-эътиборли хонадоннинг фарзанди Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудир.

Маккада “Нубувват нури” порлаган вақтда Саъд умрининг баҳори бўлган навқирон, йигитлик даврида эди. У йигитларнинг ичида ота-онасига кўп яхшилик қилиши, айниқса, онасини эъзозлаши билан ажралиб турар эди.

Саъд ўша даврда умрининг ўн етти баҳорини қаршилаган бўлишига қарамай, ўзида етук ёшдаги инсонларга хос фаросат, кексаларга хос донишмандликни жамлаган эди. Ўзининг тенқурлари боғланиб қолган турли кўнгилҳушликларни маъқулламас эди. Қолаверса, қавми одатланиб қолган бузуқ эътиқод, ахлоқсизлик каби разолатларга ҳеч кўника олмас эди. Гўёки у осмондан меҳрибон ва матонатли бир “қўл” узатилишини ва йўл топа олмай адашиб юрган бу қавмни “зулмат” ичидан халос этишини кутар эди.

У ўзининг мана шандай ўй-ҳаёлларига кўмилиб юрган пайтда, Аллоҳ таоло бутун инсониятни ўша “меҳрибон, бунёдкор қўл” ила азизу мукаррам этди.

Бу “қўл” Башарият саййиди, Пайғамбарлар афзали, Инсоният фахри Маҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Ул зотнинг кафтида ҳеч қачон сўнмайдиган илоҳий “нурли чироқ” – Қуръони Карим бор эди.

Саъд ибн Абу Ваққос ҳақ ва ҳидоят чорловига биринчилардан бўлиб “лаббай” деди. Ҳатто эркаклар ичида Ислом динини қабул қилганларнинг тўртинчиси бўлди. Шунинг учун у кўпинча фахрланиб:

– Мен етти кун давомида Исломнинг учдан бири бўлиб яшадим, – дер эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдни мусулмон бўлганидан қаттиқ қувондилар. Зеро, Саъд ибн Абу Ваққосдаги фахм – фаросат аломатлари, мардлик нишоналари бу ярим ой яқин тез кунлар ичида тўлин ойга айланишидан дарак берар эди. Саъддаги олийжаноблик ва олийҳимматлик Макка йигитларини унинг йўлидан юришга ундарди.

Қолаверса, Саъд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғаларидан эди. У Бани Зуҳра қавмидан бўлиб, бу қавм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг волидалари Омина бинти Ваҳбнинг аҳли эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу “тоғаликни” юксак мақомга қўяр эдилар.

Кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ул зотга юзланиб келаётган эди.

– Бу менинг тоғам. Менга тоғамни кўрсатинглар, – дедилар.

Лекин Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Исломга қириши осон кечмади. Бу мўмин йигит қаттиқ синовга рўбарў келди. Бу синов шу қадар кучли эдики, ҳатто  Аллоҳ таоло Саъд ҳақида Қуръонда оятлар нозил қилди.

Келинг, Саъдни ўзи бизга бошидан ўтказган синовини айтиб берсин! Саъд айтади:

– Ислом динини қабул қилишимдан уч кун олдин бир туш кўрдим. Тушимда қоп–қоронғу зулмат ичра ғарқ бўлиб борар эдим. Бу тубсиз зулмат қаърига чўкиб борар эканман, бирдан нур сочиб турган ойнинг ёғдусини кўрдим. Нур сари юрдим. Қарасам, олдимда мендан олдин ой нури сари илдамлаб қадам босиб кетаётган бир неча нафар кишиларни кўрдим. Улар Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб, Абу Бакрлар эди. Улардан: “Қачондан бери бу ердасизлар”, – деб сўрадим. Улар: “Ҳозиргина келдик”, – деб жавоб бердилар.

Тонг отгач, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яширин тарзда Исломга даъват қилаётганлари ҳақида хабар келди. Ул зот томонга шошилдим. Макканинг “Жиёд” маҳалласида учратдим. Аср намозини ўқиганларидан сўнг Ислом динини қабул қилдим. Сўнг тушимда кўрган бир нафар киши олдимга келиб мени табрикладилар.

Сўнг Саъд ўзининг Ислом динини қабул қилганидан кейинги воқеани ҳикоя қилади:

“Онам менинг Исломни қабул қилганлигим ҳақидаги хабарни эшитиши биланоқ, ғазаб ўтида ёнди. Мен онамни жуда қаттиқ яхши кўрар, доим уни розилигини топиш пайида бўлар эдим. Менга қараб: “Эй Саъд, ота–онангни динидан воз кечиб, қандай динни қабул қилдинг?  Аллоҳга қасамки, сен ё бу янги динингни ташлайсан ёки мен шу бугундан бошлаб то ўлгунимча бирор нарса емайман ва ичмайман. Кейин ўла–ўлгунингча қилмишингга афсус–надомат чекасан. Мени ғамимда қалбинг пора–пора бўлади. Абадул–абад бу ишинг учун одамлар сенга танаи дашном бериб ўтадилар. Мен: “Онажоним, бундай қилманг! Мен ўз динимни тарк қила олмайман”, дея унга  ёлборар эдим.

Онам эса мени қўрқитишда давом этар, айтганини қилиб, обу– таом емай қўйди. У кундан–кун озиб, қувватдан қолиб борар эди. Мен эса тинмай онамнинг атрофида гирён бўлиб, бирор нарса еб ва ичиб олишини сўраб ёлборар эдим. Онам мени ялиниб – ёлборишимни кўриб, аввалгидан ҳам қайсарлик қилар ва динимни тарк этишимни талаб этарди. Шундан кейин мен: “Эй онажон, албатта, сизга бўлган муҳаббатим кучли эканини биласиз, лекин шуни ҳам билиб қўйингки, Аллоҳ ва Расулига бўлган севгим сизга бўлган муҳаббатимдан кучлидир. Аллоҳга қасамки, агар сизни мингта жонингиз бўлса, минг ўлиб минг тирилган тақдирингизда ҳам, мен бу динимни асло тарк этмайман”, дедим. Онам мендаги  бу қатъиятни кўргач, ноилож тақдирга тан берди. Яна аввалгидек еб – ичишини бошлади.

Шунда мен ва онам ҳақида Қуръонда оятлар нозил бўлди.

وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلَى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (15)

«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсада Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (Луқмон сураси, 15-оят).

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!