Сафар муддати, масофаси ва мусофирнинг намози ҳақида (1-қисм)

22:00 07.08.2018 934

Ҳанафий мазҳабига кўра, мусофир киши намозини қаср қилиб ўқийдиган, рамазонда бўлса, оғиз очиқ бўлиши мубоҳ бўлган, жума, икки ҳайит намози ва қурбонлик соқит бўладиган, маҳсисига уч кечаю уч кундуз давомида масҳ тортиш жоиз бўлган сафар муддатининг энг ози туянинг юришида ёхуд ўртача пиёда юришда уч кечаю уч кундуз муддатни қамрайдиган масофа ҳисобланади.

Фуқаҳоларимиз уч кечаю уч кундузлик юриш масофасини узунлик ўлчовларига ўгиришда бироз ихтилофли фикрлар билдирганлар. Баъзилар, бу масофани 21 фарсах, бошқалар 18 фарсах, учинчилари эса 15 фарсах деб айтганлар. Улар бу борада ўз юртларининг йўлларида уч кечаю уч кундузлик сафар масофасини аниқлашдан келиб чиққанлар ва ҳар бирлари маълум узунлик ўлчовини айтар эканлар, уни пиёда юришдаги мазкур муддатли сафарнинг узунлик ўлчовидаги ўз тақдирларини баён қилганлар.

Ҳанафий фиқҳини сўнгги даврларда ривожлантирган, матнларга қимматли шарҳлар битган ва мазҳаб фуруотларини таҳқиқ, тадқиқ ва таҳрир қилган Шом ўлкаси фақиҳлари наздида энг рожиҳ қавл бу намозни қаср қилишни вожиб қиладиган ва бошқа рухсатлардан фойдаланишга йўл очадиган сафар масофасининг энг оз миқдори 18 фарсах эканлигидир.

Бир фарсах уч милдан иборат бўлиб, 18 фарсах 54 милга тенг. Фарсах форсча "парсанг" ёки "порсанг" сўзидан олиниб, араблашган сўз бўлиб, аслиятдаги маъноси дам олиш ва сукунат дегани. Чунки, мусофир ҳар бир фарсахлик масофани босиб ўтгач ўтириб, тин олган.

Мил бу масофа ўлчови бўлиб, унинг неча метрга тўғри келиши борасида ҳам турли қарашлар бор. Баъзи шаръий манбаларимизда бир мил 4000 газ (зироъ) дейилади. Зироъ бу бармоқлар учидан тирсаккача бўлган масофа ҳисобланади. Баъзилар уни бармоқлар учидан елкагача бўлган жой дейдилар. Бу икки хил фикрдан бирортасига тўхталганда ҳам газ дейилаётган нарса айнан неча сантиметрга тўғри келиши жойларга қараб ҳар хил бўлиши мумкин.

Мил сўзи узунлик ўлчови маъносида Ҳадиси шарифларда ёхуд осор ва ахборларда тилга олинган бўлиб, аслида бу сўз арабларга Рим империясидан ўтган. Қадимги Римда минг қадамни англатган "MILIA passum" сўзидан олинган.

Милнинг метр тизимидаги ҳозирги замон олимлари иттифоқ қилган миқдори 1609,34 метр ҳисобланади. Шунга биноан, 18 фарсахни уч милга кўпайтирсак 54 мил бўлади. 54 милни 1609,34 метрга кўпайтирсак, 86904,36 яъни, тақрибан 87 километр бўлади. Агар 54 милни айрим манбаларимизда кўрсатилган 1855 метрга кўпайтирадиган бўлсак, бу миқдор 100 километрдан бироз ошади.

Абдул Ҳамид Маҳмуд Таҳмоз розияллоҳу анҳунинг "ал-фиқҳ ал-ҳанафий фий савбих ал-жадид" номли китобида 18 фарсах тақрибан 89 километр дея кўрсатилган. Бу эса юқоридаги ўлчовнинг биринчисига яқинроқ келади.

Ибн Нужайм айтади: "ан-Ниҳояда келишича, фатво ўн саккиз фарсахни эътиборли дейиш узра айтилган. ал-Мужтабода эса Хоразм имомларининг аксари ўн беш фарсахга фатво беришган, дейилади" ("ал-Баҳр ар-Роиқ").

Шунга кўра, ўз шаҳрининг бирор чеккасидан энг камида 87 ёки 89 километр келадиган масофага сафар қиладиган бўлса, у инсон мусофир ҳисобланади ва токи ўз шаҳрига қайтиб келмагунча ёхуд борган жойидаги иқоматга яроқли бўлган бирор шаҳар ёки қишлоқда 15 кун ва ундан ортиқ муддат туришни ният қилмагунча мусофир ҳукмида қолади ва намозларини қаср қилиб ўқийди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!