Сафар муддати, масофаси ва мусофирнинг намози ҳақида (2-қисм)

22:00 08.08.2018 645

Аввалги бўлимда айтилганидек, ҳанафий фақиҳлар намозни қаср қилишга сабаб бўладиган сафар масофасининг энг оз миқдорини туянинг юриши ёхуд пиёда ўртача юришда уч кечаю уч кундузлик масофа деб белгилаганлар. Улар бунга далил сифатида айрим Ҳадиси шарифлар ва баъзи осорларни келтирадилар. Жумладан, мусофирнинг уч кечаю уч кундуз давомида махсисига масҳ тортишга рухсат берилганлиги ҳақидаги Ҳадиси шарифда ҳам шунга ишоралар бор. Зеро, қадимда сафарлар асосан юришдан иборат бўлган. Агар мусофир энг камида уч кечаю уч кундуз юриб, йўлда давом этмайдиган бўлса, бундай миқдорни белгилаш нотўғри бўлган бўларди. Шундан ҳам биламизки, сафар муддатининг энг ози уч кечаю уч кундузлик йўл бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар (маъноси): "Бирон-бир аёл маҳрамсиз уч кунлик сафарга чиқмасин" (“Саҳиҳул Бухорий”: 1087-Ҳадиси шариф).

Ўртача юриш бўлмиш, туя юриши ва пиёда юришда уч кун ичида тақрибан ўн саккиз фарсах юрилади (ал-ҳадийя ал-алоийя).

– Киши тез юриши туфайли мазкур масофани қисқа муддатда босиб ўтса ҳам мусофир саналади.

– Агар қасд қилаётган жойига икки йўл билан бориш мумкин бўлиб, уларнинг бири сафар масофасига етадиган узун йўл, иккинчиси эса қисқа йўл бўлса, биринчисида (намозларни) қаср қилади, иккинчисида қилмайди.

– Яшаб турган шаҳар, қишлоқ ва ҳоказодан сафар масофасичалик миқдорни қасд қилган ҳолда чиқиб кетиши билан мусофир ҳисобланаверади ва намозни қаср қилиб ўқий бошлайди. Фиқҳий китобларимизда бу нарса "шаҳрининг уйлари ёхуд шаҳрининг умронидан ўтса" деган сўзлар билан ифодаланади.

"Умрон" деганда обод ер, одамлар яшаб, ишлаб турган, маданий, маиший қулайликлар шаклланган жой тушунилади. Одатда ҳар қандай шаҳарга кириб келаркансиз, унга кирганингиз мана шундай умрон бошланиши билан сезилади. Айниқса, бирор шаҳарга масалан кеча вақтида учоқ орқали борсангиз бу ҳолат яна-да яққол кўзга ташланади. Шаҳар бошланаётгани унинг ёниб турган кўп қаватли уйлари, машиналар қатнови билан тўла бўлган йўллари зоҳир бўлиши билан билинади. "Умрон" – шу.

Шаҳардан чиқаётганда ҳам шундай, модомики, сафар масофасини қасд қилган экансиз, умронни тарк этишингиз билан мусофир ҳукмида бўласиз. Қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мадинада пешинни тўрт ракат ўқидик, асрни эса Зул-ҳулайфада икки ракат ўқидик" (“Саҳиҳул Бухорий”: 1089-Ҳадиси шариф).

Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: "Баъзилар ушбу ҳадисни қисқа сафарда ҳам намозни қаср қилиш жоизлигига далил қилдилар. Чунки, Мадина билан Зул-ҳулайфа орасидаги масофа олти мил эди. Лекин, бу сўз қуйидагича таъқиб этилиб, рад қилинди. Зул-ҳулайфа сафарнинг сўнги нуқтаси эмасди. Балки, Набий алайҳиссалом Мадинадан Маккани қасд қилиб чиққан эдилар ва иттифоқо ўша ерда уловдан тушдилар ва ўша ерда вақти кирган илк намоз аср намози эди. Шу боис, Набий алайҳиссалом мазкур намозни қаср қилиб ўқидилар ва то қайтгунларигача, намозларини қаср қилдилар" (“Фатҳул Борий”: 2-жилд, 570-саҳифа).

Сафар муддати, масофаси ва мусофирнинг намози ҳақида (1-қисм)

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!