Сафарга отланган одам нималар қилиши керак? Мавзуга тегишли ҳадислар

14:00 26.02.2018 713

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилмоқчи бўлиб, ўринларидан турсалар, “Аллоҳим! Сенга юзланиб, Сенга илтижо қиламан. Аллоҳим! Мени ташвишга солган, лекин мен аҳамият бермаган нарсага Ўзинг кифоя қилгин! Аллоҳим! Менга тақвони ҳамроҳ қилгин, гуноҳларимни кечиргин, қаёққа юзлансам ҳам яхшиликка юзлантиргин” дер эдилар». Табароний ривояти.

Сафарга отланган одам оиласи, қариндошлари, дўстлари ва қўшнилари билан хайрлашгач, улардан ҳаққига дуо қилишларини сўраши, ўзи ҳам уларни дуо қилиши яхши амалдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга бирор нарса омонат топширилса, У Зот уни сақлаб беради”, дедилар». Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки сафар қилмоқчи бўлса, орқасида қолаётганларга “Сизларни омонатни зое қилмайдиган Аллоҳга топширдим” десин, деганлар». Ибн Сунний ва бошқалар ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сафар қилмоқчиман. Менга насиҳат қилинг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан тақво қилгин, баландликка кўтарилишда такбир айтгин”, дедилар. Ҳалиги одам қайтиб кетгач, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим, узоғини яқин қил, сафарини енгил қил” дедилар. Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти.

Манба: arabic.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!