CАВОЛ: Менинг маҳалламдаги масжид нисбатан кичикроқ бўлгани сабаб жума ва ийд намозларида намозхонларнинг аксари намозларини кўчада адо қилишларига тўғри келади. Ҳозирги жазирама иссиқда ёки ёғингарчилик кунларида намозхонлар пана истаб саф уланмаган жойларга жойнамоз солиб намозларини адо этишади. Бу жойга имомнинг хутбаси, қироати, такбирлари эшитилсада лекин жамоат уланган саф билан панадаги одамларнинг сафини орасида анчагина очиқ жой қолади. Бу сафнинг ўртадан узилиб қолиши имомга иқтидони ман қилиб қўймайдими?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Имомга иқтидо дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туриши шартдир. Бу ҳақда “Бадоеъус саноеъ” китобида қуйидаги матн келтирилган:
(Имом билан иқтидо қилувчининг) битта жойда туриши иқтидони дуруст бўлиш шартларидандир. Чунки жой битта бўлиши воситасида гўё имом ва иқтидо қилувчининг намозлари ҳам бирлашади.
Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Мухтасар фил-фиқҳил ҳанафий” китобларида қуйидаги маълумотларни баён қилганлар:
“Жамоат намозининг ўзига яраша шартлари бор. Улар топилмаса, жамоат дуруст бўлмайди. У шартларидан бири – имом ва иқтидо қилувчиларнинг бир жойда бўлишидир. Бир жойда бўлиш ҳақиқий бўлиши мумкин, масалан, имом ва иқтидо қилувчи бир масжид ёки хона ичида бўлиши каби. Яна бир жойда бўлиш ҳукман (гўё бир жойда тургандек ҳукмда) бўлиши мумкин, масалан, имом ариқнинг бир тарафида туради-да, ариқнинг устида кўприк бўлиб, баъзи иқтидо қилувчилар кўприкнинг устида саф тортган бўлади. Қолганлари ариқнинг бошқа тарафи (имом бўлмаган тарафи)дан туриб иқтидо қилади. Улар ҳақиқий маънода эмаслар, чунки улар билан имом ўртасини ариқ ажратиб турибди. Бироқ ҳукман улар имом билан бир жойда турган ҳисобланадилар. Чунки кўприкнинг устида саф тортганлар сафни улаб имом ва муқтадийларнинг сафини боғлаб турадилар. Шу боис ўртада ариқ бўлса ҳам уларнинг маконини бир деб ҳукм қиламиз.”
Бу мавзуда “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилган:
“Агар киши масжидга ёнма-ён ёпишиб турган ҳовлисида туриб, масжиддаги имомга иқтидо қилса, иқтидоси дуруст бўлмайди. Чунки масжид билан ҳовлининг ўртасини ажратувчи нарсалар кўп. Натижада, имом билан иқтидо қилувчининг макони (битта бўлмасдан) турлича бўлиб қолади”.
Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китобларида шундай дейилган:
“Имом билан иқтидо қилувчининг ўртасида арава сиғадиган йўл бўлиши ёки қайиқ сузадиган катта анҳор бўлиши ёхуд намоз саҳро ёки очиқ майдонларда ўқилса имом билан муқтадий ўртасида икки саф сиғадиган бўшлиқ бўлиши имомга иқтидо қилишни манъ қилувчилар жумласидандир. Аммо масжид ичида икки сафдан ортиқ бўш жой қолишининг зарари йўқ, чунки масжиднинг ичи битта жой ҳисобланади” (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги фиқҳий китоблар ва уламоларимизнинг сўзларига биноан, иқтидо дуруст бўлиши учун имом ва иқтидо қилувчи бир жойда бўлиши ва айни сиз айтган ҳолатда сафлар бири-бирига уланган бўлиши шартдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази