Шайх Муҳаммад Аввома билан суҳбат. Асарлари

22:05 10.08.2019 435

– Устоз, бугунги кунда толиби илмлар Кавсарийнинг асарларига қайси жиҳатдан кўпроқ эҳтиёж сезмоқдалар?

– Аввало шуни айтиб ўтай, илмга энди қадам қўйганлар ёхуд ўрта даражадагилар Кавсарийнинг китобларидан фойда ололмайдилар. Улардан юксак савиядаги толиби илмлар ва олимларгина фойда олишлари мумкин. Шахсан ўзим бошқаларнинг ўқишларини тавсия қилмайман. Чалғишлари мумкин.

– Кавсарийнинг машҳур асарлари бўлмиш “Мақолот”дан ташқари яна бошқа мақолалари ҳам бўлганлигини эшитдим...

– Ҳа, яна 21 ёки 22 га яқин мақоласи мавжуд. Иорданиялик бир киши уларни тўплаган. Тез орада нашр қилдиради.

– Биласизки, Кавсарийнинг “Назратун абира”, “Таънибул хатиб”, “Иҳқоқул ҳақ” каби раддиялари, Исломнинг пойдевори бўлмиш илмларнинг ҳар соҳасида олиб борган тадқиқотлари, “Ҳуснут тақозий”, “Ламаҳат”, “Ал-Имтаъ” каби биографик асарлари ҳам мавжуд. Умумий қилиб, айнан қайси соҳада фаолият юритганлар? Фиқҳ, ҳадис, усул, мунозара?..

– Кавсарий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг илм учун яратган бандаларидандир. У киши устозларимизнинг устоздирлар. Ҳалабда муфтийлик қилган Асад ал-Абадий (роҳимаҳуллоҳ) – улар ҳам устозларимизнинг устозидирлар – айтадилар: “Икки юз йилдан буён дунёга Кавсарийга ўхшаган олим қайтиб келмаган”. Шунингдек, устозим ва устозларнинг устози Мустафо Зарқо (роҳимаҳуллоҳ) ҳам шундай дер эдилар: “Аллоҳ таоло бу умматга вақти-вақти билан мустасно кишиларни юбориб туради. Кавсарий ҳам айни ўшалардандир. Илм баъзан камайиб, ер юзидан кўтарилади. Мазкур мустасно кишилар билан қайта юксалади”. Кавсарий илмни юксалтирган олим эди. Ҳам ҳадисда, ҳам усулда буюк муҳаққиқ эди. Мазҳабда, қиёсий фиқҳда, ақидада, эски ва янги фалсафада, одоб, шеър, тарих, шу билан бирга ахлоқ, тасаввуф ва сулукда имом эдилар.

– Биласизки, Имом Кавсарийнинг тасаввуфга алоқадор асарлари ҳам мавжуд. Лекин уни тасаввуфчилардан ажратиб турган бир жиҳати бор эди. Салафларга ўхшаб сўфийлик ҳақида ёзиш билан бирга, ўзи ҳам сўфий бўлганлар.

– Ҳа, ўзлари Нақшбандий тариқатида бўлганлар.

Иҳсан Шеножакнинг Муҳаммад Аввома билан суҳбати
Абдуллоҳ РАҲИМБОЕВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!