Саҳобалар ҳаётидан: Абдуллоҳ ибн Аббос

23:00 04.07.2018 529

У киши ким бўлган?

Умматнинг олими ва Қуръоннинг таржимони. У киши Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошимнинг ўғли. Оталари Аббос Пайғамбаримизнинг амакилари ҳисобланади.

Оталари: Аббос Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, лекин мусулмонлигини яшириб юрган. Бадр жангида мусулмонларга қарши кофирлар томонидан мажбуран чиққанларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аббосга дуч келса, уни ўлдирмасин. Чунки у ўзи истамасдан чиққан», деганлар. Мусулмонлардан Абул Юср Каъб ибн Амр розияллоҳу анҳунинг қўлларига асирга тушганларида Абул Юср ўзи фидя бериб Аббосни Маккага жўнатган.

Оналари: Умму Фазл Либоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо. Эрлари Аббос розияллоҳу анҳудан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳадича онамиздан кейин Исломга кирганлар. Исломга кирганларида ер юзида иккита муслима аёл бор эди. У киши ўша муслималарнинг бири эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттизта ҳадис ривоят қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин вақтида ўша кишиникида қайлула қилиб ухлаб олар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида эри Аббос розияллоҳу анҳудан олдин вафот этганлар.

Холалари: Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо фозила аёл эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи санада ўз никоҳларига олган охирги аёл ҳисобланадилар.

Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзини ҳиба қилган (бағишлаган) аёл ҳисобланадилар. Ҳатто бу кишининг шаънларига Аҳзоб сурасининг 50-ояти нозил бўлди. «…Яна мўмина аёлни – агар у ўзини Пайғамбарга тортиқ этса-ю…».

Таваллудлари

Кофирларнинг мусулмонларга бераётган азиятлари кучайиб, иш тарихда «зулмкор аҳдномаси» номи билан машҳур бўлган саҳифани ёзишгача олиб борди. Кофирлар аҳдномада мусулмон ва уларнинг динини қўллаб-қувватлаётган ёки уларга яхши муомалада бўлаётганлар билан алоқани узишга, уларга ҳеч нарса сотмаслик ва улардан ҳеч нарса сотиб олмасликка, уларга қиз бермаслик ва улардан қиз ҳам олмасликка иттифоқ қилишди.

Ҳали ширкнинг намояндалари ўйлаб топган саҳифа қораланмай туриб, Қурайш мусулмонларни «Бани Ҳошим» номи билан машҳур бўлган дарага қамаб қўйди. Дарадагиларни ташқарига чиққани ҳам қўймасди. Бошқалар учун унга кириши ва у ердагилар билан суҳбатлаши ҳам таъқиқлаб қўйилди.

Умму Фазл ҳам ўз эри Аббос билан Бани Ҳошимдан бўлгани учун бу душманчилик қурбони бўлди ва дарага кирди. Ўша пайт Умму Фазл ҳомиладор эди. У кишининг ҳомиладорлиги кўплаб қийинчиликларни бошларидан кечиришга сабаб бўлди. Ҳомиладорлик оғриғи ва емишнинг йўқлиги Умму Фазлни машаққатга солиб қўйди. У кишининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага иймон келтирганлари барча қийинчиликларни енгиб ўтишга кўмаклашар эди.

Бундан ташқари, Хадижа онамиз билан бирга бўлишлари Умму Фазлга бу машаққатларни енгиб ўтишда энг катта далда эди. Хадижа онамиз ўзларига яширинча келадиган озиқ-овқатлардан Умму Фазлга бериб турар эдилар.

Умму Фазлнинг ҳомиладорлиги сезила бошлаганда Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, менимча, Умму Фазл ҳомиладор бўлган, шекилли», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу бола сабабли Аллоҳ юзимизни ёритишини Аллоҳдан умид қиламан», дедилар.

Умму Фазлнинг кўзи ёришига оз қолган, ҳомиладорлик қийинчилигини бошларидан кечираётган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Фазл», дедилар. Умму Фазл : «Лаббай, ё Расулуллоҳ», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ҳомилангиз ўғил бола», дедилар. Умму Фазл: «Ахир қандай бўлади, энди нима қиламан? Қурайш қабиласи (яъни кофирлари) аёллар туғмаслигига битим тузган эди-ку», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳомилангиз мен айтгандай ўғил. У туғилганда менинг олдимга уни олиб келинг», дедилар. Туғиш вақти келиб, Умму Фазл енгил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ўғил бола туғилди. Уни бир матога ўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдулоҳ, деб исм қўйдилар ва муборак сўлаклари билан танглайини кўтариб қўйдилар. Сўнг: «Болани олиб кетаверинг. Ҳали кўрасиз, бу бола жуда ақлли ва доно инсон бўлиб етишади», дедилар. Умму Фазл ёш Абдуллоҳни эмизиш ва унинг тарбияси билан банд бўлиб қолдилар. Лекин ишлари кўпайиб кетганига қарамай, доимо мусулмонлар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволларидан бохабар эдилар. Хусусан, Хадижа онамиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб вафот этгандан кейин Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азиятлари кучайганда Умму Фазл эри Аббосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш ва у кишини ҳимоя қилишга тарғиб қилдилар.

Лекин Аббос розияллоҳу анҳу агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларини Қурайш мушрикларига билдириб, у Зотни ҳимоя қилсалар, Макка бошлиқларига бериб қўйган мол-мулклари ва бойликларидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдилар. Чунки улар Аббосни мусулмон бўлганини билиб қолса, унга бирор нарсасини қайтариб бермасликлари ва у ҳеч вақосиз қолишини билардилар.

Ҳижратлари

Умму Фазл эри Аббосдан ўғли Абдуллоҳ билан бирга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн сўради. Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз оилалари билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилишга изн сўраб хат ёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, менинг Пайғамбарлигим энг сўнги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз ҳижратнинг энг охиргиси бўлади», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хабарни эшитгандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу сафар тадоригини кўриб, сафар учун керакли барча нарсаларни тайёрлаб қўйди. Умму Фазл ва болалар ҳам сафарга тайёр бўлишди. Болаларнинг энг олдинги сафида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ва у киши билан бирга туришга муштоқ бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос турарди.

Аббос розияллоҳу анҳу айтилган вақт келгач, бола-чақаларини олиб йўлга чиқди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат қилганда ёш бола эдилар. Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфа деган жойга етиб келганда, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қўшин билан Маккани фатҳ қилиш учун кетаётган эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб, Макка фатҳи учун ортга қайтди. Умму Фазл розияллоҳу анҳо болалари билан сафарини давом эттириб, Мадинага кетдилар. Кейинчалик Умму Фазл ҳаётларининг охиригача Мадинада яшадилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос нубувват хонадонида

Абдуллоҳ ибн Аббос онаси Умму Фазл билан Мадинага ҳижрат қилганда ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Мадинага ҳижрат қилганидан жуда хурсанд. Негаки, тез кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади. Нажот ва саодат ваҳийи нозил бўладиган жойда бўлишини ёш Абдуллоҳ жуда ўткир зеҳни ва фаросати билан англаган эди.

Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерга борсалар, У Зотнинг орқасидан қолмас, худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тарк қилмайдиган сояларидай у киши билан бирга юрар эди.

Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжид ёки саҳобалар мажлисида бирга бўлиш билан чекланиб қолмас, доимо у Зотнинг уйларида ҳозиру нозир эдилар. Одатда вақтининг кўп қисми холаси, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйида ўтарди. Кўпинча Абдуллоҳ шу хонадонда еб- ичиб, ўша ерда тунаб қоларди.

Бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизнинг уйларига кириб келдилар. Қарасалар, Абдуллоҳ ухлаб қолган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болакай намозни ўқидими?», деб сўрадилар. Маймуна онамиз: «Ҳа, Абдуллоҳ Хуфтондан кейин ўқиладиган намозни ўқиб ётди», дедилар.

Бу ҳақда Абдуллоҳнинг ўзи қуйидагича айтади: «Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам холамга нима деяётганларини эшитаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кирдилар. Тун яримлаб қолганда, у Зот туриб таҳорат олдилар. Сўнг намозга киришдилар. Мен ҳам дарҳол ўрнимдан туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган сув билан таҳорат олиб, иштонимни яхшилаб боғладим-да, у Зотнинг чап томонларига туриб, иқтидо қилдим. У киши оҳисталик билан, қулоғимдан ушлаб, мени ўнг томонларига ўтказдилар. Сўнг беш ёки етти раъкат Витр намозини ўқидилар. Намознинг фақатгина охирги раъкатида салом бердилар».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юриши шунчаки вақт ўтқазиш учун эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бажарган амаллари ва дин ҳукмларини ўрганиш учун эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи амалларини бизга ривоят қилиб қолдирганларки, у хабарни фақатгина ёш Абдуллоҳдек ярим кечаси ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қиладиган амалларини кузата олиш каби имкониятга эга бўлган кишигина ривоят қила олади.

Мана, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзлари бир куни холалариникида тунаб, ярим кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишларини кўриб, уни қуйидагича ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим тунда ўрниларидан туриб енгил таҳорат олдилар. Мен ҳам туриб, худди у кишидай таҳорат олдим. У Зот Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқидилар. Мен ҳам у кишига иқтидо қилиб намоз ўқидим. Сўнг ухладилар. Уйқу овозини эшитдим. Сўнг у Зотнинг олдиларига муаззин келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олмасдан намоз ўқиш учун масжидга чиқдилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна бизга нубувват хонадонида бўлган муҳим воқеани тасвирлаб беради: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эдим. У Зот чанқоқликларини босмоқчи бўлиб турдилар, таҳорат олдилар, сўнг тик туриб сув ичдилар».

Бир куни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзига ўзи: «Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек қиламан», деб туриб, таҳорат олди ва тик туриб сув ичди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортидаги сафга туриб, у Зотга иқтидо қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг томонларидан баробарларига ўтиб сафни олишини ишора қилдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ туришни истамасдан орқа сафда тураверди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатиб бўлгач: «Намозда менинг баробаримда туриб сафда туришингдан нима сени тўсиб қўйди?» − дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун буюк ва азиз инсонсиз. Ахир мен қандай қилиб сизнинг баробарингизда бўлиб қолишим мумкин?» деди. Ибн Аббоснинг бу жавобидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига: «Эй Аллоҳим, унга ҳикматни ато қил», деб дуо қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибн Аббос ҳаққига қилган дуолари

Абдуллоҳ ибн Аббос ҳали дунёга келмасидан онасининг қорнидалигидаёқ унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назар-эътиборлари тушган эди. У ёш ўспирин бўлиб, улғайганда ҳам бу эътибор сусаймади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бошини силаб: «Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилиб қўйгин ва таъвилни (Қуръон маъноларини яхши англашни) ато қилгин», деб дуо қилар эдилар.

Гоҳида уни дуо қилиб: «Аллоҳим, унга ҳикмат ва Қуръон маъноларини яхши англашни ато қил», дер эдилар. Ва баъзан эса: «Аллоҳим, унга барака ато қил ва уни солиҳ бандаларингдан қил», деб дуо қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳнинг ҳаққига фақатгина дуо қилиш билан чегараланибгина қолмай, унинг таълим-тарбиясига эътибор кўрсатар, хайрли ишларни қилишга йўналтириб турар эдилар. Чунки у Зот бу бола келажакда илмли бир шахс бўлиб етишини пайғамбарлик нури билан кўрар эдилар.

Мана, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббосни ўзлари минган уловнинг орқасига мингаштириб, унга Ислом асослари ва иймон қоидаларини ўргатмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан битта уловда кетар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болакай, Аллоҳ сенга манфаат берадиган баъзи сўзларни ўргатайми?», дедилар. Ибн Аббос интиқлик, завқу шавқ билан: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг айтганларини муҳофаза қилсанг, Аллоҳ ҳам сени муҳофаза қилади. Аллоҳнинг айтганларини қилсанг, Уни олдингда топасан. Кенгчилик, хурсандчилик пайтида Аллоҳни ёд олгин. Аллоҳ сени қийинчилик ва машаққатга тушиб қолганингда эслайди. Агар сўрайдиган бўлсанг, фақат Аллоҳдан сўра. Кўмак ва мадад сўрайдиган бўлсанг ҳам, фақат Аллоҳдан сўра. Шуни билиб қўйки, агар бутун уммат йиғилиб, сенга бир фойда келтирмоқчи бўлса, Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ортиғини қилиша олмайди. Агар улар сенга зарар етказиш мақсадида йиғилишса, Аллоҳ битиб қўйган нарсадан ошиғини қила олишмайди. Қаламлар (ёзишдан) тўхтаган. Саҳифалардаги (сиёҳ билан ёзилган) нарсалар қуриган», дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан мулойимлик ва меҳрибонлик ила муомалада бўлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзининг заковатли инсон эканига далолат қилувчи саволларни сўраганида, у Зот Ибн Аббоснинг заковатидан хурсанд бўлар эдилар. У билан суҳбатлашишни ёқтирар , уни бағирларига босар эдилар.

Жаброил алайҳиссаломни кўришлари

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшлик чоғиданоқ Аллоҳ таоло унга бир неча кароматларини берган эди. Инъом этилган кароматлардан бири бу — Жаброил алайҳиссаломни кўзлари билан кўришлари бўлган. Ибн Аббоснинг ўзи Жаброил алайҳиссаломни икки марта кўрганлигини айтган.

Келинг, ўша воқеани у кишининг ўзидан эшитайлик:

«Отам Аббос билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини худди отамдан хафа бўлгандек тутдилар. У кишининг ҳузурларидан чиққач отам: «Амакингнинг ўғли мендан хафа бўлган кўринади», дедилар. Мен: «Йўқ, у бир киши билан гаплашиб турган эдилар. Шунинг учун сизга шундай туюлган бўлса керак», дедим. Отам ажабланиб: «Нима, у кишининг олдиларида одам бор эдими ?», дедилар. Мен: «Ҳа, одам бор эди», дедим.

Отам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб: «Ё Расулуллоҳ, боя олдингизда бирор киши бор эдими,  Абдуллоҳ, У кишининг олдиларида бир одам бор эди. У билан гаплашаётган эдилар», деди, деб сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абдуллоҳ, сен уни кўрдингми?», дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил алайҳиссалом эди», дедилар».

Иккинчи марта кўришлари эса Аббос розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани сўраб келиш учун жўнатганларида содир бўлди. Ёш Абдуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида, У зотнинг ҳузурида бир киши турганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нима демасдан қайтиб кетди. Отасининг олдига келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида одам борлиги учун ҳеч нима демасдан қайтиб келганини айтади.

Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга учраб: «Эй Аллоҳнинг расули, сизнинг олдингизга ўғлим Абдуллоҳни жўнатган эдим, олдингизда одам борлиги учун бирон оғиз гапирмасдан қайтиб келибди», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, ўша одам кимлигини биласизми?», дедилар. Аббос: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил алайҳиссалом эди. Ўғлингиз Абдуллоҳ, ҳатто олим бўлмагунча ва кўзи ожиз бўлиб қолмагунча бу дунёдан ўтмайди», дедилар.

Ҳақиқатдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари бўлиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу катта олим бўлдилар ва кўзлари ожиз бўлгач, бу дунёдан ўтдилар.

Эрта уйғонган заковат

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ақл ва заковатлари бошқа болалардан фарқли ўлароқ ёшлик чоғларидаёқ шаклланиб бўлган эди. Ўзи, аслида, шундай ҳам бўлиши керак эди. Чунки Абдуллоҳ ёшлигидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, у Зотнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлишлик шарафига муяссар бўлган эди. Ахир қандай қилиб заковатли бўлмасин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига «Динда заковатли бўлсин», деб дуо қилганлар-ку. Бундан ташқари, туғилганидан кейин ошқозонига кирган биринчи нарса бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тупуклари ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос ўспиринлик давридан бошлаб салла кия бошлади. Унинг устига илмий нурлар ёғила бошлади.

Абдуллоҳдаги мана шу нурни сезган шахслардан бири, бу − Умар розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ўз халифалик даврларида ёш Абдуллоҳни катта саҳобалар билан бўладиган илмий мажлисларга олиб кирар эдилар. Саҳобалар Умарнинг ўзи билан ёш болани олиб юришидан ажабланиб, ҳайратда қолишар эди. Ҳатто бир куни саҳобалар Умар розияллоҳу анҳуга эътироз билдириб: «Нима учун бу ёш болани бизнинг мажлисимизга олиб кирасиз, ахир бизнинг ҳам ёш болаларимиз бор, уларни олиб кирмаяпмиз-ку?!» дейишди. Умар: «Бу кимлигини, илм ва фазл эгаси эканлигини жуда яхши биласизлар-ку», дедилар. Сўнг олим ва фақиҳ саҳобаларни чақириб, уларга Аллоҳ Қуръонда: «Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи Зотдир», деб марҳамат қилди.

«Сизлар ушбу оятлар ҳақида нима дейсизлар?», деб сўрадилар. Уларнинг баъзилари: «Аллоҳ бизни агар нусратга эришиб фатҳ қилсак, Унга ҳамд ва истиғфор айтишга буюрмоқда», дейишди. Баъзилари эса ҳеч нима демасдан, сукут сақлашди. Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳга қараб: «Сен ҳам шундай фикрдамисан, эй Ибн Аббос?», деди. Абдуллоҳ: «Йўқ, мен ундай демайман», деди. Умар: «Унда сен нима дейсан?», дедилар. Абдуллоҳ: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажаллари яқинлашганини билдирувчи оятлар бўлиб, Аллоҳ ушбу оятлар билан Набийига ўлим соатлари яқинлашганини билдирган», деди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам ушбу оятлардан мана шу сен айтган нарсани тушунганман», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ўзи: «Умар розияллоҳу анҳунинг мени катта саҳобаларни олдига олиб киришларидан асосий мақсадлари, бу мени уларга заковатимни кўрсатиб қўйиш учун эди», деган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшлари кичик бўлгани сабабли катта саҳоблар олдида сукут сақлаб турар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ёши кичик, аммо ақл ва илмда баркамол бўлган бу ёш болани қўлидан ушлаб, қаерга борса, ўзи билан бирга олиб юрар эди.

Бир куни Умар розияллоҳу анҳу илмий мажлис қуриб, «Лайлатул қадр» кечаси ҳақида баҳс ва мунозара қилаётган саҳобалар мажлисига келиб қўшилдилар. Мажлисда бир саҳобий ўрнидан туриб, Қадр кечаси ҳақида билганини гапирди. Абдуллоҳ ибн Аббос эса одоб билан жим ўтирар эди. Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳнинг индамай турганини кўриб, «Эй Аббоснинг ўғли, нега жим турибсан, уялмагин, ёшинг кичиклиги сени гапиришдан тўсиб қўймасин», дедилар. Абдуллоҳ ибн Аббос: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ тоқ Зотдир, тоқликни яхши кўради. Дунё кунларини етти кун қилиб қўйди (яъни кунларни ҳафтадан иборат қилиб қўйди). Ризқларимизни етти (кун ёки соат ёки лаҳза)да яратиб қўйди. Устимиздаги осмонни етти қават қилиб қўйди. Остимиздаги ерни ҳам етти қават қилиб яратди. Етти оятдан иборат бўлган Фотиҳа сурасини нозил қилди. Қуръонда никоҳланиш мумкин бўлмаган қариндошларни етти тоифага бўлиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбатуллоҳни етти марта тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида ҳам етти марта саъй қилиб, Муздалифада шайтонга еттита тош отиб, умматларига кўрсатиб бердилар. Менимча, «Лайлатул қадр» кечаси Рамазоннинг охирги етти кунидан бирида бўлса керак, деб ўйлайман», деди.

Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг бу жавобидан ҳайратланиб: «Қадр кечаси борасида фақат мана шу боланинг фикригина менинг фикримга тўғри келди», дедилар.

Илмга муҳаббат

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг илми тўлиқ бўлмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан кўз юмдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига Ибн Аббос маҳзун бўлиб қаттиқ йиғлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илмни олиб, илмга бўлган муҳаббати чексиз бўлган бу ёш болакай Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин нима қилади, илмдан воз кечиб, уни тарк этадими ёки илм олишга жиддий киришиб, уни мукаммал ўрганадими?!

Ибн Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, ўзи танлаган илм йўлини ихтиёр қилди. Энди у илмни мукаммал ўрганишга бел боғлади.

Ибн Аббос биринчи ўринда ўқиш ва ёзишни ўрганишга киришди. Чунки улуғ саҳобалардан нақл қилинган илмларни ёзиб қўйиши керак эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Ибн Аббос ансорлардан бўлган ўртоғига: «Юр, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда кўп, улардан бориб илм ўрганамиз», деди. Ҳалиги ансорий бола: «Аллоҳга қасамки, сенинг бу гапингдан мен ҳайрон қоламан. Одамларни орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидек инсонлар турганда, одамлар диний масалаларни сендан келиб сўрашармиди», деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу у болани тарк қилди ва ўзи саҳобалардан илм олишга киришди. Кўплаб саҳобаларни кетидан илм излаб юрди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзи қуйидагича дейди:«Фалончи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экан, деган хабар менга етиб келса, ўша ҳадис эшитган одамнинг уйига борар эдим. Борсам, у ухлаб ётган бўларди. Мен унинг эшиги олдида ридойимни ёстиқ қилиб, чиқишини кутиб ёнбошлаб ўтирар эдим. Шамол эсиб юзим тупроқ бўлиб кетар эди. Ҳалиги одам уйғониб эшикка чиқар ва мени кўриб, «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, тинчликми?!», дер эди. Мен: «Мен, билишимча, сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экансиз. Ўша ҳадисни сиздан эшитгим келди», дер эдим. У: «Одам жўнатсангиз, ўзим олдингизга борар эдим», дер эди. Мен: «Бу борада мен сизнинг олдингизга келишим шарт», дер эдим. Унинг бу гапни айтишига сабаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик чоғларида, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келар эди ва у Зотнинг олдиларида мени кўрар эди ва менинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари эканлигимни яхши биларди».

Илм олиш борасида Ибн Аббос кибр қилмадилар. Кимда илм бўлса, унинг ёши катта бўладими ёки кичик бўладими, ёки бўлмаса ҳур бўладими, ёки қул бўладими − буни фарқи йўқ, ўшандан бориб илм ўрганар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Рофиъ исмли ходимлари бор эди. Абу Рофиънинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва қилган амалларини қайд этиб бориш учун ўзлари билан олиб юрадиган ёзма тахталари бор эди. Шу боис Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ҳеч бир кибр қилмасдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофиъдан илм ўрганар эдилар.

Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг илмга бўлган муҳаббати ва илм олиш йўлидаги жидду жаҳтидан ҳайратланиб, «Агар бу болакай биз топган нарсани топганида эди (яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар мобайнида бирга бўлиш шарафига эришганда эди) бирортамиз унга яқинлаша олмасдик», дедилар.

Оламни ёритиб турган қуёшдан нур чиққанидек, ёмғир суви билан суғорилган ердан ўт-ўланлар ўсиб чиққанидек, илм билан тўлган қалб эгасидан ҳалимлик чиқиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуда ҳам худди шу хислат бор эди. У кишидаги ҳалимлик оғзидан чиқадиган сўзлари ва ҳатти-ҳаракатларидан билиниб турарди. У ҳеч қачон дағал сўзламас эди. Бировга қўполлик билан муомала ҳам қилмаган. Оғир-вазмин, жуда ҳалим ва хушмуомала инсон эди.

Қанақасига ҳалим инсон бўлмас экан, ахир у киши нубувват хонадонида тарбия топдилар-ку!

Ибн Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Ибн Аббосни сўкди. Ибн Аббос: «Менда ўзим билган нарсани ҳамма билишини хоҳлаш, мен учун бегона бўлган бир кишининг ишини ҳоким адолат билан ечиб берганда хурсанд бўлиш ва мен яшаб турган жойда эмас, бошқа мусулмон ўлкаларда ёмғир ёғса, гарчи менинг юртимга ундан фойда бўлмаса-да, ўша ўлкага ёмғир ёққани учун хурсанд бўлиш каби баъзи хислатларим бор. Сен бўлсанг мени сўкяпсан», деди».

Мана шу Ибн Аббоснинг хулқи ва ҳалимлик фазилати эди. У киши ўзини сўккан одамга мулойимлик билан, нодон кишига эса илму маърифат билан жавоб қайтарар эди. У кишига нисбаттан ёмон муомала қилган одам хоҳ ёнида бўлсин, хоҳ у кишидан йироқда бўлсин − ҳар икки ҳолатда ҳам ўша инсонга нисбаттан мулойимлик билан муносабатда бўлар эди. Унинг ортидан ёмонлаб, ғийбат қилмас эди.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Мен Ибн Аббоснинг: «Менга фалончи сизни ёмонлади, деган хабар етиб келганда, уни уч даражанинг бирида деб билдим. Агар у мендан юқори инсон бўлса, бу − қадрли инсон, деб қадр-қимматини ўз ўрнига қўйдим. Агар у инсон мендек бўлса, унга фазилат кўрсатиб, уни ёмонламадим. Агар мендан пастда бўлса, унга ғамхўрлик қилдим (яъни уни ҳам ёмонламадим). Мана шу менинг феъл-атворим. Кимга бу феълим ёқмаса, марҳамат, Аллоҳнинг ери кенг, кетавериши мумкин», деганини эшитганман», деди».

Ибодат ва зуҳдлари

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу олимларнинг султонигина бўлиб қолмасдан, ёшликлариданоқ обид ва зоҳидларнинг энг пешқадами эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари у кишига ибодат ва зуҳд фиқҳини ўргатган биринчи мадраса ҳисобланади. Қандай қилиб у кишини зоҳид ва обидларнинг пешқадами демаслик мумкин, ахир у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида дунёга келиб, уларнинг тарбияларида ўсди-ку!

Ибн Мулайкаҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ибн Аббос билан Маккадан Мадинагача бирга борганман. Йўлда тунайдиган бўлсак, ярим кечаси туриб, Қуръон тиловат қилар ва кўп зикр қилар эди».

Ибн Аббос розиzллоҳу анҳу тоат-ибодат йўлида ўзи учун жуда ҳам қадрли бўлган нарсаларидан воз кечишга тайёр эди. Ҳатто ўша қадрли нарса инсон учун энг керакли аъзо ҳисобланган кўз бўлса ҳам.

Кўзларига сув кириб қолганда, табиблар келиб, «Бизга қўйиб беринг. Кўзингизни ичидаги сувларни чиқарамиз ва тузалиб қоласиз. Лекин беш кунча намоз ўқий олмайсиз», дейишди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Йўқ. Ундай бўлса керак эмас. Аллоҳга қасамки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки бир вақт намозни қасддан тарк қилса, эрта қиёмат кунида Аллоҳ таоло ундан ғазаб қилган ҳолда у Аллоҳга йўлиқади», деган сўзларини эшитганман», деб жавоб берди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қўрқиб жуда кўп йиғлар эди. Ҳатто кўп йиғлаганидан кўзлари остида чизиқлар пайдо бўлиб қолган экан.

Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳучалик Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига қаттиқ амал қиладиган кишини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, ҳозир у кишини эсласам, кўз ёшимни тўхтатолмайман».

Абу Ражо раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мана бу жойи кўз ёши оқадиган йўлакча эди. Ундаги йўлакча худди шиппакнинг эски ипига ўхшарди».

Рум подшоҳининг саволига берган жавоблари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудаги илмнинг фазилатидан Муовия розияллоҳу анҳу у кишини алоҳида бир мартабага кўтариб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатар эди. Ечими мураккаб бўлган масалаларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўраб олар эдилар.

Рум подшоҳи мусулмонларни ожиз қолдириш ва мусулмонларнинг савияси пастлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида Муовия розияллоҳу анҳуга баъзи саволларни мактуб тарзида ёзиб юборди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг маърифат нурлари подшоҳ жўнатган зулумот булутларини тарқатиб ҳамма жойни нурафшон қилди.

Рум подшоҳи Муовия розияллоҳу анҳуга еттита саволни ёзиб жўнатди.

1. Аллоҳга энг суюкли калом?

2. Аллоҳ наздида энг эҳтиромли эркак ва аёл?

3. Бачадонга кирмаган, лекин руҳи бор бўлган тўртта нарса?

4. Ичидаги маййит билан бирга юрган қабр?

5. Фақатгина бир марта қуёшнинг нури теккан ердаги макон?

6. Қовсу қазаҳ (яъни камалак) нима?

7. Осмондаги Мужирра (сомон йўли) нима?

Бу мактуб Муовия розияллоҳу анҳуга етиб келгач, саволларни ўқиб чиқдилар. Саволнинг ечими қийинлигини кўриб, Ҳибрул умма (бу умматнинг олими)га, яъни Ибн Аббосга одам жўнатиб, саволларга жавоб ёзиб юборишини сўради. Чунки илм қалъаси ва бутун дунё имоми бўлган Абдуллоҳ ибн Аббосгина бундай қийин масалага ечим топа биларди.

Ибн Аббос Рум подшоҳи йўллаган саволларга қуйидаги жавобларни ёзиб, Муовия розияллоҳу анҳуга жўнатдилар:

- Аллоҳга энг суюкли калом, бу − «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳ», деган зикрдир.

- Аллоҳга энг суюкли киши Одам алайҳиссалом. Чунки Аллоҳ қўли билан яратди уни, руҳидан пуфлади, унга фаришталарни сажда қилдирди ва барча нарсаларнинг номини ўргатди.

- Аллоҳ наздида энг эҳтиромли аёл, бу − Марям бинти Имрон.

- Бачадонга кирмасдан жон киргизилган нарсалар: Одам алайҳиссалом, Ҳаво онамиз, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрниларига қурбонлик қилинган қўчқор.

- Ичидаги маййит билан бирга юрган қабр, бу − Юнус алайҳиссаломни ўз ичида олиб юрган балиқ.

- Фақатгина бир марта қуёшнинг нури теккан ердаги макон, бу − Аллоҳ таолонинг қудрати билан ўртасидан тенг иккига ажратилган денгиз. Бунда Аллоҳ Фиръавн ва унинг лашкарларидан Мусо алайҳиссаломни халос этиш учун денгизни бўлганда, денгизнинг тубидаги ер кўринади ва ўша пайт қуёшнинг нури ўша жойга тушади. Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганлар денгизнинг нариги соҳилига ўтиб олганларидан сўнг, денгиз яна аввалги ҳолига қайтади.

- «Қовсу қазаҳ (камалак) нима?», деган саволга келадиган бўлсак, бу ер аҳлининг сувда чўкиб кетишидан омонда қолганлигининг белгиси. Чунки Нуҳ алайҳиссалом даврларида мана шу камалак кўрингач, осмондан ёғаётган ёмғир ва ердан чиқаётган булоқлар тўхтаган ва бу ер аҳлига омон қолганининг белгиси бўлган.

- Осмондаги Мужирра (сомон йўли)га келадиган бўлсак, у осмондаги эшикдир.

Бу жавоб ёзилган мактубни Муовия розияллоҳу анҳу Рум подшоҳига жўнатдилар. Рум подшоҳи жавобларни ўқиб, «Аллоҳга қасамки, буни Муовия ёзмаган. Бу Пайғамбар қариндошларидан бирининг ёзган жавоби бўлиши керак», деди.

Камтарликлари

Ким илм йўлини танлаб, илм одобларини ўрганса ва илм аҳли билан бирга бўлса, ундай инсон, албатта, олимларни эҳтиром қилиши, қадрлаши ва улар билан ўзини камтарин тутган ҳолда, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиши лозим.

Насабли, шарафли ва илмлари кучлилигига қарамасдан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу олимларни ҳурмат қилиш ва улар билан бўладиган муомала-муносабатда ўзини камтарин тутиш борасида бошқаларга намуна бўлдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдидан силжимасди. Зайд ибн Собит қаерга борса, Ибн Аббос унинг ортидан қолмас эди. Зайд ибн Собит бирор жойга кетаётганда, Ибн Аббос у кишининг уловининг юганидан ушлаб борарди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хижолат бўлиб, Ибн Аббосдан бундай қилмаслигини илтимос қилар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Олимларимизга мана шундай ҳурмат кўрсатишга буюрилганмиз», дер эди. Бу сўзни эшитган Зайд розияллоҳу анҳу: «Менга қўлингизни кўрсатинг», деди, Ибн Аббос қўлини кўрсатганда уни ўпиб қўйиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига нисбаттан мана шундай қилишга буюрилганмиз», деди.

Ибн Аббос ўз устозлари Зайд розияллоҳу анҳуни илмда энг кучли олим деб билар ва у киши ҳақида: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ саҳобалари Зайд ибн Собитнинг илм борасида энг кучли олим эканликларини билишарди», дер эдилар.

Зайд ибн Собит вафот этганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қаттиқ қайғуга ботдилар. У киши дафн қилингандан сўнг қабрлари устида туриб ҳаётлик чоғларида қилган яхши амалларини санаб чиқдилар ва «Одамлар орасидан илм қандай кўтарилишини кўрмоқчи бўлганлар, мана, кўриб қўйсин — илм мана шундай одамлар орасидан кўтарилади», деб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг вафотларига ишора қилдилар.

Вафотлари

Ибн Аббоснинг ёшлари ўтиб, қариб қолганларида, мусулмонлар орасида охирги кунларда аланга олаётган келишмовчилик ва зиддиятлардан узоқлашгилари келиб қолди. Бунинг учун ҳавоси тоза бўлган Тоиф шаҳрини танладилар.Тоифдаликларида одамлар турли юртлардан келиб, у кишидан илм олишарди. Кўзлари ожиз бўлгунча бу ҳолат давом этди. Кўзлари ожиз бўлганда ёшлари етмишдан ошган эди. Кўп ўтмай у киши бу оламдан кўз юмдилар. У зотни билган  инсонларнинг ҳаммаси маҳзун бўлишди.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Тоифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг жанозаларида иштирок этдим. У кишига жаноза ўқиш мақсадида тобутлари ерга қўйилганда, кафанлари устига оппоқ бир қуш келиб қўнди. Кейинчалик шунақа қуш бормикин деб, қидириб кўрдик, аммо унақа қушни топа олмадик. Қабрга қўйилгач, «Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Роббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга киргин!», деган товушни эшитдик».

Qadriyat.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!