Саҳобалар ҳаётидан: Абдуллоҳ ибн Равоҳа

23:00 05.06.2018 552

Тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Равоҳа ибн Саълаба ибн Имриул Қайс. Куняси – Абу Муҳаммад, унвони – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоири”.

Буюк саҳобалардан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Мадинада туғилган бўлиб, Ҳазраж қабиласига мансубдир. Иккинчи Ақаба кунида мусулмон бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган. Ҳижратдан кейин Миқдод ибн Асвадий билан қиёматли дўст бўлди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан эди.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа кучли нотиқ ва буюк шоир бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шеър йўли билан ҳужум қилган шоирларга жавоб шеърлари ёзарди. Ундан ташқари яна Каъб ибн Молик ва Ҳассон ибн Собит каби мусулмон шоирлари, керак бўлиб қолганда, кофирларни ҳажв қилишарди. Қуръони каримнинг “Шуаро” сураси, 224-227-оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни чин дилдан суювчи ушбу уч шоир ҳақида нозил бўлгани борасида тафсир китобларида айтилади.

Абдуллоҳнинг шеърлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қурайш мушрикларига қарши ўқ ёмғиридан таъсирлироқ”, деганлар.

Мутъа жангига кетишдан олдин йиғлаган Абдуллоҳдан кўз ёшининг сабабини сўрашганда: “Менинг дунёга муҳаббатим, сизлардан эса даъвом йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: (Эй, Муҳаммад,) айтинг: “Ким залолатда бўлса, бас, Раҳмон унинг муддатини узайтирсин, токи ўзларига ваъда қилинган (дунё) азобини ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва лашкари ожизроқ эканини билурлар” (Марям, 75), оятини эшитгандим. Оятда айтилганидек, жаҳаннамга тушсам, ҳолим нима кечишини ўйлаб йиғлаяпман”.

Абдуллоҳ ибн Равоҳа Мутъа жангида шаҳид кетади. Ундан ташқари, Зайд ибн Ҳориса, Жаъфари Содиқ ҳам ҳалок бўлишади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га бу уч саҳобанинг ўлими ҳақида хабар келтирилганда, чуқур қайғу ва ғамга ботдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида: “Биродарингиз ҳеч ботил гап айтмайди”, дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!