Саҳобалар ҳаётидан: Абдуллоҳ ибн Умар

17:00 27.04.2018 595

Улуғ саҳобийларидан Абдуллоҳ ибн Умар Маккада, ҳазрат Умар хонадонида, ҳижратдан ўн тўрт йил олдин  дунёга келди. Куняси – Абу Абдурраҳмон. Отаси имонга келгач, у ҳам кичик ёшида мусулмон бўлди. Болалигиданоқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп вақт бирга бўлгани сабаб энг кўп ҳадис ривоят қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан илм ўрганган саҳобийлардан саналади.

У зот нопок ва шубҳали нарсалардан сақланар, дунё муҳаббатидан узоқ, ҳар ишда жуда диққатли эди. Кечки таомни ҳеч қачон шериксиз емас, оч қолмасдан таомланмас, жуда оз ерди. Ироқдан зиёратига келган бир дўсти у кишига дори бериб, айтди: “Бу овқат ҳазм бўлишини осонлаштиради”. “Унда бу дорини бошқа бирортасига бериб юбор, – дедилар Ибн Умар.  – Чунки мен шу пайтгача бирор марта қорним тўйгунича овқат емадим, бундан кейин ҳам бу дори менга керак бўлмайди”.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Умарга минг дирҳам пул ва чакмон ҳадя қилишди. Аммо эртаси куни дўстларидан бири у кишининг бозордан қарзга ем олаётганини кўрди. Ибн Умарнинг уйидагилардан сўради: “Дўстимизга пул ва либос ташлаб кетишмаганмиди?” “Ҳа, шундай”, – деб жавоб беришди. “Кечаёқ чакмонни елкаларига ташлаб, пулни олиб бозорга кетдилар. Қайтганларида ҳеч нимасиз эдилар, муҳтожларга тарқатибдилар”.

Макка фатҳида йигирма беш ёшларда бўлган Ибн Умар чопқир от устида жуда ҳайбатли кўринарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда у кишини: “Абдуллоҳ! Мана, Абдуллоҳ!” деб мақтадилар завқ билан. Маккага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туя, Ибн Умар от устида ёнма-ён киришди.

Абдуллоҳ ибн Умар Ҳунайнда катта қаҳрамонлик кўрсатди. Тоиф қамалида авангард қўшин сафидан жой олди. Мутъа ва Ярмукда қатнашди. Хулафойи рошидин даврларида уюштирилган сафарларда иштирок этди. Шунга қарамай, у зот кўпроқ илм оламида шуҳрат қозонди. Ойша онамиз айтадилар: “Ибн Умар юриш-туриш ва ҳаракатларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ўхшарди”. Тафсир, фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эди. Фатво борасида жуда ҳассос бўлиб, Имом Моликнинг хабар беришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг ҳаж мавсуми ва бошқа пайтларда инсонларга олтмиш йил фатво берди.

У жўмард, ҳалим одам бўлиб, қул ва жорияларини ибодат қилаётган ҳолда кўрса, озод қилиш одати эди. Бундан айрим қуллар фойдаланаётгани айтилганда: “Хайр учун алданишдан яхшиси борми?” деб жавоб қилди. Тобеъиннинг улуғларидан Имом Нофеъ ҳам Ибн Умар озод қилган қуллардан эди.

Ибн Умар бир киши золим Ҳажжожга қарши гапираётганини эшитиб, сўради: “Гапларингни Ҳажжож шу ерда бўлса ҳам айта олармидинг?” “Йўқ”, деган жавобни эшитиб, айтди: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида буни мунофиқлик ҳисоблардик”.

Бир қатор суҳбатларда шундай дегани ривоят қилинади: “Эй Одам болалари, жисмингиз билан дунёда, қалбингиз ила охиратда бўлинг. Ҳикмат ўнта нарсада: тўққизтаси сукутда, биттаси кам гапиришда. Кишининг кимлиги дўстлашган одамларига қараб аниқланади. Ўзидан юқориларга ҳасад, пастдагиларга зулм қиладиган илм аҳлидан саналмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган байъатимни бугунгача бузмадим ва ўзгартирмадим. Фитна ва тортишувга тарафдор бўлган киши билан бирга бўлмадим. Ҳеч бир мусулмоннинг тинчини бузмадим. Аллоҳ учун севинг, У Зот учун дўстлашинг, душманлигингиз ҳам шундай бўлсин. Аллоҳ таоло муҳаббатига шу йўл билан эришилади. Биз шундай замонлар кўрдикки, ҳеч ким биродаридан кўпроқ пул, бойликка эга бўлиш ҳақида ўйламади. Энди эса, олтин, кумуш жуда қимматли санала бошланди. Аллоҳдан қўрқиб, бир томчи кўзёш тўкиш мен учун минг олтин садақа беришдан севимлироқ. Киши имкони борича яхшилик қилиши, ҳамиша ширинсўз ва очиқ юзли бўлиши лозим”.

Абдуллоҳ ибн Умар ҳижрий 692 йилда вафот этган ва Муҳассаб деган жойда дафн этилган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!