Саҳобалар ҳаётидан: Абу Дардо розияллоҳу анҳу (1-қисм)

22:00 06.12.2018 414

“Абу Дардо дунёни ўзидан
икки қўли ва кўкси билан қайтарар эди”
(Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу)

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Уваймир ибн Молик Хазражийдир. У кишининг Дардо номли қизлари бўлганлиги учун “Абу Дардо” яъни “Дардонинг отаси” деб куняланганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Мадиналик бўлиб, ислом келганида аввал бошиданоқ иймон келтирмаганлар. Ислом Мадинада кенг ёйилган бўлса ҳамки, то Бадр жанги бўлган кунларга қадар мушрик ҳолда яшадилар. У кишининг исломга киришларига эса ажиб бир воқеа сабаб бўлган эди…

бу Дардо эрталаб уйқудан вақтли турди ва уйидаги энг шарафли жойга бути турадиган хонага борди. Сўнг бутига салом берди, унга энг муааттар атрлар суркади, энг чиройли ва қимматбаҳо кийимларни кийдирди. Бу кийимни унга Яманлик бир тожирлардан бири берган эди. Қуёш чиққанидан кейин, Абу Дардо уйидан чиқиб ўз дўкони томон йўл олди. Ясриб (Мадина) кўчалари эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эргашувчилари яъни саҳобалар билан тўла эди. Улар Бадр жангидан қайтишарди. Уларнинг олдиларида эса Қурайшликлар асирга олинган бўлиб, уларни олдиларида ҳайдаб келишарди. Абу Дардо улардан юз ўгириб кетмоқчи эдию, лекин бир нарса эсига тушиб уларнинг олдига борди. Уларнинг ичида келаётган бир хазражлик йигитдан  Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳақида сўради. Ҳазражлик йигит Абу Дардога: “У урушда жуда ҳам яхши урушди ва соғ- саломат, ўлжаларга эга бўлган ҳолда қайтяпти” деб жавоб берди. Бундан Абу Дардонинг кўнгли таскин топди. Хазражлик йигит Абу Дардонинг саволидан ҳайрон бўлмади. Чунки Абу Дардо ва Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг ораларида ўта қаттиқ биродарчилик, яқинлик борлигини ҳамма биларди. Ислом келган вақтда Абу Дардо ундан юз ўгирган бўлса ҳам, Абдуллоҳ ибн Равоҳа Исломни қабул қилдилар. Лекин шунга қарамай икковларининг ораларидаги дўстлик ришталари узилмади. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Абу Дардони зиёрат қилиб турар ва у кишини доим исломга даъват қилар, мусулмон бўлишларини жуда-жуда хоҳлар эдилар…

Абу Дардо дўконига етиб борди ва дўконда ўзининг баланд курсисига чордона қуриб ўтириб, савдо қилишни бошлади. Хизматкорларига бир нималарни буюриб, уларни ишга соларди. Лекин шу вақтда уйида қандай воқеъа содир бўлаётганидан бехабар эди…

Мана шу вақтда Абдуллоҳ ибн Равоҳа бир ишга жазм қилдилар ва дўстларининг яъни Абу Дардонинг уйига бордилар. Уйнинг олдига етган вақтда карасалар эшик очиқ ва эшик олдида Абу Дардонинг аёли турган экан. Абдуллоҳ ибн Равоҳа у билан саломлашиб “Абу Дардо қаерга кетди”дедилар. “Абу Дардо дўконга кетди, ҳали қайтганича йўқ” деди аёл. “Менга уйга киришга изн берасанми” деди. Аёл: “Бемалол хуш келибсан” деди ва Абдуллоҳни уйга киргизди. Сўнг ўзи уй ишлари билан машғул бўлди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Абу Дардонинг бути турадиган хонага кирдилар ва ўзлари билан олиб келган болғачани олиб бутни синдириб майда-майда қилиб ташладилар. Бутни синдирар эканлар у кишининг оғизларидан  тинмай “Аллоҳ таолодан ўзга сиғиниладиган нарса ботил нарса эмасми!? Аллоҳ таолодан ўзга сиғиниладиган нарса ботил нарса эмасми!?” деган хитоб чиқарди. Бу ишдан фориғ бўлганларида уйдан чиқиб кетдилар. Абу Дардонинг аёли Умму Дардо бутлар турган хонага кириб аҳволни кўргач, яшин ургандек турган жойида қотиб қолди. Бут ерда парча-парча бўлиб ётарди…

Бу воқеадан бироз ўтгандан сўнг Абу Дардо уйига қайтди ва аёлини бут қўйилган хонанинг эшиги олдида йиғлаб ўтирганини кўрди ва “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Хотини: “Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Равоҳа сиз йўқлигингизда келди ва бутингизни мана шу аҳволга солди” деб бутни кўрсатди. Абу Дардо бутга кўзи тушиши билан ғазаб отига минди. Хаёлига дарров Абдуллоҳ ибн Равоҳадан ўч олиш фикри келди. Лекин бироз ўтгач, ғазаби босилиб, нима бўлгани ҳақида ўйлаб кўрди. Сўнгра ўзига ўзи: “Агар бу бутда яхшилик бўлганида эди, ўзини ўзи ҳимоя қила олган бўлар эди” деди. Сўнгра ақли жойига келиб ўша заҳоти Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг олдига борди. Икковлон бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боришди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломга исломга кирганларини маълум қилдилар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бутун вужудларини қамраб олган иймон билан Аллоҳ ва унинг Расулига иймон келтирдилар…

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўз маҳаллаларидаги Исломга энг охирги кирган киши бўлдилар. Шу сабабли ўзлари орқада қолган, шериклари ўтиб кетган Аллоҳ таолонинг динини ўрганиш, Қуръонни ёдлаш, ибодат, тақво каби жуда кўп нарсаларга қаттиқ афсусландилар. Сўнгра ўтқазиб юборган нарсаларини жидду жаҳд билан эгаллашга азму қарор қилдилар. Бу йўлда тунни кунга уладилар. Ўзларидан ўтиб кетган биродарларига етиб олиш ва ҳаттоки улардан ўтиб кетишга жазм қилдилар. Дунёдан юз ўгирган, охиратга ва Аллоҳга юзланган кишидек  ибодатга, чанқоқ киши каби илмга киришдилар. Аллоҳ таолонинг китобини ёдлашга мукка тушдилар ва оятларнинг чуқур маъноларигача етиб боришга ҳаракат қилардилар…

Абу Дардо розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг динини ўрганишда тижоратни ўзларига халақит бераётгани, ибодатдан тўсиб қўяётгани, илм мажлисларини ўтказиб юборишларига сабаб бўлаётганини кўрганларида ўйлаб ўтирмасдан тижоратни тарк этдилар. Бу нарса ҳақида бир киши у зотдан “Нима учун тижоратни ташлаб қўйдингиз” деб сўраганида шундай жавоб бердилар: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломни билишимдан олдин тожир эдим. Мусулмон бўлганимдан сўнг тижорат ва ибодатнинг орасини жамлашни хоҳладим. (Яъни иккисини бир маромда олиб кетмоқчи эдим). Лекин мен хоҳлаган нарса бўлмади. Шунинг учун мен тижоратни ташладим ва ибодатга юзландим. Абу Дардонинг нафси қўлида бўлган зотга қасамки, мен ҳозир масжиднинг ёнида бир дўконим бўлишини, ўша дўконда савдо қилишим ва мендан жамоат намозидан биронтаси ўтиб кетмаган ҳолда ҳар куни уч юз динор топишни ҳам хоҳламайман (Ҳаттоки)”. Сўнгра ўша сўраган кишига қарадиларда: “Мен Аллоҳ азза ва жалла савдони ҳаром қилган демайман, балки, мен тижорат ҳам, савдо сотиқ ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитиб қўймайдиган кишилардан бўлишни хоҳлайман” дедилар.

Давоми бор…

“Кўкалдош” ўрта-махсус 
Ислом билим юрти талабаси 
Абдулбасир КАМОЛОВ

Манба: Kukaldosh.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!